Ўзбекистонда бир йилда қайси маҳсулотлар энг кўп қимматлади?

21.10.2025 11:03

Марказий банк 2025 йилнинг сентябр ойи ҳолатига инфляция кўрсаткичларини эълон қилди.

Умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган, 2023 йилда пасайиб, 8,8 фоиз, 2024 йилда бироз ошиб, 9,8 фоиз, 2025 йил сентябрь ҳолатида 8 фоизга тушган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Инфографикага кўра, баъзи озиқ-овқатлар нархи сезиларли даражада пасайган, бошқалари эса кескин ошган:

Йиллик ҳисобда қовоқ (-59,2 фоиз), помидор (-31,5 фоиз), бодринг (-30,7 фоиз), бақлажон (-21 фоиз), шафтоли (-20,5 фоиз) ва анор (-20,4 фоиз) нархлари сезиларли даражада пасайди.

Ҳисобот даврида қуйидаги маҳсулотлар нархлари ҳам сезиларли қимматлаган:

Сабзи (+57,5 фоиз);
Лимон (+52,5 фоиз);
Пахта мойи (+35,9 фоиз);
Шолғом (30,8 фоиз);
Карам (27,4 фоиз);
Қўй гўшти (26,8 фоиз).

Ноозиқ-овқат товарлар

Ноозиқ-овқат маҳсулотларидан пропан (-19,7 фоиз), қоғоз А4 (-3,7 фоиз) ва шприцлар (-0,4 фоиз) фоизга арзонлаган.

Олтин нархлари глобал бозорда рекорд даражада қимматлаши заргарлик буюмларида ҳам акс этган – никоҳ узуги 33,4 фоизга қимматлаган.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида метан (+30,6 фоиз), газета (+15,3 фоиз), бензин (+11,8 фоиз), табиий гуллар (10,9 фоиз) нархларида кескин қимматлашиш кузатилган.

Хизматлар

Йиллик ҳисобда пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш нархлари 2,5 фоизга, нодавлат ОТМда ўқиш 0,2 фоизга арзонлади.

Нархи энг кўп қимматлаган хизмат ҳайдовчилик курслари бўлди – ҳисобот даврида бу хизмат нархи 73,3 фоизга ошган. Шунингдек, ички йўловчи ҳаво транспорти хизматлари 57,3 фоизга, тармоқ газ 39,2 фоизга, совуқ сув 35,1 фоизга, музей хизматлари 32,3 фоизга, ҳуқуқий тусдаги хизматлар 29,1 фоизга қимматлаган.

Сентябрь ойи якунларига кўра, йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган маҳсулотлар озиқ-овқат маҳсулотларида 86 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотларида 96 фоиз ва хизматларда 56 фоизни ташкил қилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар