Шаҳарсозлик қоидаларини бузишга Президент қарори сабаб қилиб кўрсатилди

07.05.2023 13:51

Сайтимизда эълон қилинган Пойтахтни яшаб бўлмайдиган даражага айлантириш давом этмоқда номли мақолага Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан муносабат эълон қилинди.

Муносабатда мазкур иккита кўп қаватли уй ўртасидаги яшил ҳудуд ва болалар майдончаси қилишга мўлжалланган, уйнинг лойиҳасида айнан шундай кўрсатилган ва ҳатто суғориш тизимлари ўтказиб, кейин олиб ташланган ҳудуддаги тор жойга тиқиштириб қурилаётган объект спорт мажмуаси бўлиб, у Президентнинг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра давлат дастури асосида қурилаётгани ва маҳалла аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтирилгани билдирилади.

Берилган хабарда объект шаҳарсозликнинг қайси қоидаларига тўғри келиши, иккита кўп қаватли бино орасига қурилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги, эҳтимолий зилзилага нисбатан эҳтиёткорлик чораларига қай даражада мос келиши, қолаверса фуқароларга аввалдан болалар майдони ва яшил ҳудуд деб сотилган жой эканига ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Сабаб қилиб кўрсатилаётган Қарорда “Республика ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш” назарда тутилган.

Савол туғилади, наҳотки аҳоли хавфсизлиги, соғлигини хавф остига қўйиш ва шаҳарсозлик нормаларини бузиш Президент қарорида кўрсатилган бўлса? Президент қарори аксинча, аҳолининг турмуш даражасини ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилмаганмиди? Қолаверса, бу ер шаҳарнинг гавжум жойларидан бири, гимнастика зали, спорт билан шуғулланиш имконини берувчи мажмуалар яқин атрофда жойлашган.

Агар мазкур спорт мажмуаси ишга тушса, мажмуага келиб-кетувчи бегоналар сабаб болалар майдончасининг қолган кичик қисмидан ҳам маҳрум бўлишидан, болаларининг хавфсизлигидан хавотир олаётган аҳоли вакилларидан баъзилари ҳатто шу сабабли уйини сотиб, бу ердан кетишни режалаштираётган аҳолининг розилиги сўралмайдими?

Давлат раҳбарининг асосий мақсади аҳолини, халқни рози қилиш бўлган бир пайтда, бир қатор қоидаларни бузиб, аҳолини норози қилиб турган объект қурилишига Президент қарорини сабаб қилиб кўрсатиш қанчалик мантиққа тўғри келади?

Мазкур муаммо, масаланинг қонуний ёки ноқонуний эканлигига аниқлик киритиш нафақат вазирликлар, балки юқори ташкилотларга ҳам бевосита тааллуқли эканлиги маълум бўлмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар