Олий таълимда тажриба ўтказиш давом этади: Тошқулов қарорини ўзгартирди

14.11.2022 17:46

Сертификат бўлса бас, даражаси муҳим эмас

Мустақил бўлганимизга 30 йилдан ошди, аммо биз ҳамон амалдорларнинг ақлига тасодифан келиб қолган фикрлар асосида «тажриба қуёнчалари» бўлишда давом этмоқдамиз.

Маълумки, бу йилдан магистратурага киришда чет тили сертификатига эга бўлиш талаби қўйилди. Бу талабга кўплаб асосли эътироз билдираётганларга нисбатан фикр билдирган вазир Абдуқодир Тошқулов энди йилига икки маротаба қабул бўлиши кутилаётганини айтганди.

Энди эса, 2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига декабрь-январь ойларидаги танловда истисно тариқасида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар (C1 ёки B2 сертификатидан ташқари бошқа даражадаги) сертификатга эга талабгорлар ҳам иштирок этишига рухсат этилди.

Хурсанд бўлишниям, хафа бўлишниям билмайди киши, Тошқулов ўзининг аввалги қарори мантиқсиз эканини тан олдими бу билан?

Бу йил магистратурага 17 мингта қабул квотаси ажратилган, бироқ 10032 нафар номзод ҳужжат топширган эди. Квота тўлмади албатта, январда қайта қабул бўлиши ҳақида хабар берилди. Демак, халқ таълимида тилни эплаб ўқий олмаган ёшларни, олий маълумотли бўлганда ҳам сертификатлаш даражасида ўқитишмаяпти. Муаммо талабадами ёки тизимда? 

Яна бир савол туғилади, сентябрда ўқишни бошлаганлар ҳам, февралда ўқишни бошлаганлар ҳам бир хил дастур билан ўқитиб кетилаверадими? Таълим олиш, унинг даражаси нечанчи ўринларда кетяпти ҳозир олий таълимда? Муҳими кириб олиш ва амаллаб диплом олиш. Ўртада олиниши керак бўлган билим деган нарсаларни умуман қизиғи қолганми ўзи? Бирор ким билими етишмагани учун магистратура ёки бакалавриатдан ҳайдалганини эшитганмисиз? Йўқ. Ҳайдалса фақат шартнома пулини тўлолмагани учун ҳайдалади Ўзбекистонда. Бизда билим бериш, олиш шунчалар мукаммал ва зўр эканлигини англатадими бу?

Тошқулов берган маълумотга қараганда, ўтган 4 курсни тамомлаганларнинг тахминан 700 нафарида сертификат бор эди. Бу йил 7000 нафарга чиқди. Аммо квота 12 000 нафар талабани қамраб ола олади.

Августда ҳужжат топширолмаганлар сертификат учун қаттиқ ҳаракат қилишди ва норасмий, аммо фуқаролар орасида тасдиқланган хабарларга кўра сертификат сотиш – сотиб олиш авжига чиқди. Мазкур маълумотларга қараганда бир балл қўшиб берилиши учун минг, ҳатто икки минг доллар тўлашган. Вазирликнинг шундай режаси бор экан, нега бу ҳақда эртароқ хабар бермади? Ҳужжат топширишга балки бир ой ҳам қолмаган бир пайтда мазкур хабар чиқмоқда. Сертификат савдоси билан шуғулланувчи «тадбиркор»лар эса бу орада анча иш қилишга улгуришди.

Умуман олганда, ўзи Магистратурага кириш учун чет тилидан сертификат нимага керак эди? Бу талаб фақат мутахассисликлар бўйича қўйилса бўлмасмиди?

Хўп, мазкур антиқа талаб қўйиб бўлинибди, бўлар иш бўлибди, орадан бир 2 ой ўтар-ўтмас энди даражаси муҳим эмас дейишга нима бор, бу тажрибани кичикроқ аудиторияда ўтказиб кўрилса бўлмасмиди?

Қизиғи, бакалавриатда таълим олаётган бўлсангиз, сизга чет тили бўйича сертификат олиш даражасидаги билим берилмадида, аммо магистратурага кирмоқчи бўлсангиз сертификат албатта керак. Шунда шубҳа туғилади, миллий сертификат (CEFR) берувчи ташкилотнинг ишлари юришиши учун ўйлаб топилган ўйинми бу?

Бу борада бўлаётган ўйинлардан Тошқуловнинг ўзи ҳам хабардор, аммо хабардорлигини билдириб қўйиб бунинг олдини олишга уринмасликни қандай тушуниш мумкин?

Августда Олий таълим вазири магистратурага топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилганини маълум қилди.

Хўш, сертификатларнинг бизга қандай фойдаси тегди? Халқ мазкур тизимни огоҳлантирмасдан қисқа муддатда амалиётга жорий қилганларни бир оз қарғади, аммо йўлини топиб, сертификатларни сотиб олди. Шу билан коррупцияга яна бир имкон яратилган эди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳали бу борадаги тажрибалар давом этади.
Чунки, ҳозир магистратурага кириш фақатгина бакалавр диплом баллига боғлиқ бўлиб қолди. Яъни, сизда диплом балли паст бўлса (балки бу балл сиз қайсидир ўқитувчи билан шахсий келишмовчиликларингиз туфайли паст бўлиб қолгандир), бўлди, шу билан бутун умр Ўзбекистонда магистратурага киролмайсиз. Кейинчалик сизнинг билимларингиз ошиб-тошиб, халқаро бир қанча даражаларга эга бўлсангиз ҳам фойдаси йўқ, чунки магистратурага кириш учун сиздан имтиҳон олинмайди. Ўша баллни ўзини ҳисоблаб қўяверишади. Ўта катта эҳтимол билан, бундай тизим албатта яна ўзгаришга учраса керак.

Тошқулов 2020 йилда «Биз бугун олий таълимни ривожлантириш учун ундан кейинги таълимни ҳам жиддий кўриб чиқишимиз керак», деган эди. Агар жиддий кўриб чиқиш тинимсиз мантиқсиз тажрибалар ўтказишни англатса, вазир бу борада ўз мақсадига эришди деб ҳисоблаш мумкин.

Муаммо юзасидан аввал эълон қилинган мақолалар:

Навбатдаги тажриба: Магистратурага кириш учун чет тилидан сертификат нимага керак?

Ҳурматли Тошқулов, Ўзбекистон олий таълим тизими сизга тажриба майдоними? 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
15.11.2022 22:26
Мақолада жуда хам тўғри фикр билдирилган, магистратурага киришда сертификат талаб қилиш фақат бакалавриатда шу даражани олишга имкон берувчи хорижий тил ўқитилиши йўлга қўйилгандагина хақли хисобланади. Акс холда бу бакалавриат талабасини қўшимча харажат қилиб хорижий тил ўқишга мажбурлаш билан баробар.
15.11.2022 13:06
Oliy taʼlimni davlatdan ajratish va xususiy sektorni bu soxaga aralashishini qoʻllab quvvatlash kerak. Xalq taʼlimini esa mutsipal tashkilotlarga topshirish kerak. Taʼlimda bozor qoidalari amal qilmas ekan sifat oʻzgarmaydi.
15.11.2022 10:56
1100$
15.11.2022 08:46
Shunchaki, mantiqni qidirib topib bo'lmaydi Ozbekistonda.
15.11.2022 02:49
Achchiq haqiqatlar . Qachon bizada ham talim rivojlanadi?
15.11.2022 02:20
O‘rta maxsus ustozlarga ajratilgan 1000 talik kvota qachon e‘lon qilishadi.Kutib charchadik.