Бу йил магистратурага 17 мингта қабул квотаси ажратилган, бироқ ҳозир 10032 та номзод ҳужжат топширди.
Ҳужжат топширганларнинг барчаси ўқишга кирган тақдирда ҳам 7 минг жой бўш қолиб кетмоқда. Бу дегани янги талаб давлатга 7 мингта кадр танқислигини олиб келмоқда, дегани эмасми?
Олий таълим вазири Тошқулов университет малакали ўқувчиларига эҳтиёж борлигини доим айтади ўзи янги талаблар билан яна кадрлар танқислигини оширмоқда.
Таълим тизими тажриба майдони эмас! Лекин, бизда энг кўп тажрибалар айни шу соҳада ўтказилаётгандек таассурот қолдиради. Магистратурага қабул масаласи ҳам уларнинг навбатдагиси бўлди. Тезкорликда жорий қилинган бу ислоҳот қаердадир тажрибадан ўтказилганми? Ўтказилган бўлса синов натижалари қани? Бу ўзини оқламаса аросатда қолган ёшларга нима деб жавоб берасиз, ҳурматли вазир?
Магистратурага киритилган янги талаб сабабли минглаб ёшлар бу йил ўқишни давом эттира олмайди. Жорий қабул квоталари 17 мингта бўлишига қарамасдан, магистратура учун 10032 та номзод ҳужжат топширган. Мутасаддилар бу ислоҳотни оқлаш учун тил бўйича сертификат олишга улгурмаганларга январь ойида яна қабул бўлиши кутилаётганини эслатиб қўйишаяпти. Олий таълимда керагича тил ўқитиш йўлга қўйилмагани ҳолда магистратура учун тил билишни исботлайдиган сертификатлар сўралиши қанчалик мантиққа тўғри келади. Тилни сертификат ола билиш даражасида ўрганиш январгача қилиш мумкин бўлган иш эмас. Тил соатлари кўпроқ бўлган йўналишларда балки осонроқ бўлар, лекин хорижий тилларга кам соатлар ажратиладиган соҳаларда бу анчайин қийин бўлади.
Сертификатгача ва уни олиш жараёнлари қўшимча харажатларни талаб этади. Бу эса ўз навбатида кимлар учундир янги даромад манбаи бўлди.
Бундан бир йил аввал Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Олий таълимдаги энг катта муваффақиятсизлик сабаби – магистратура босқичи эканлигини айтган эди
Тошқулов ўша пайтда магистратурадаги коррупцион ҳолатлар ҳақида гапириб, бунга ягона нажот сифатида қабулни ДТМга ўтказишни айтган эди, аммо ўзини оқламаган бу «нажот»дан сўнг охир-оқибат магистратурага киришда имтиҳонлар бекор бўлди.
Шу йилдан номзодлар бакалавриатда олган баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ва чет тилини билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро сертификат баллига қараб, баллар кетма-кетлиги асосида саралаб олинадиган бўлди.
Учинчи тизим ўзини оқлайдими?
Ҳали илк қабулдан сертификатлар билан боғлиқ коррупциянинг авж олишидан бундай бўладиганга ўхшамайди.
Қабул бошланишига оз муддат қолганда айтилган бу талаб, яъни магистратурага кириш имтиҳонларига инглиз тилидан халқаро сертификат бўлиши талаби кўпчиликка маъқул келмади. Аммо тасодифий қарорларга ўрганиб қолган уддабурон халқимиз доим қандайдир йўлини топган, бу гал ҳам шундай бўлди. Ҳали қабул тугамасдан Олий таълим вазири магистратурага топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилганини маълум қилди .
Хўш, сертификатларнинг бизга қандай фойдаси тегди? Халқ мазкур тизимни огоҳлантирмасдан қисқа муддатда амалиётга жорий қилганларни бир оз қарғади, аммо йўлини топиб, сертификатларни сотиб олди. Шу билан коррупцияга яна бир имкон яратилди.
Таржимонлар ва таржима қилувчи программалар нима учун?
Бутун дунёда ихтисослашиш юқори аҳамият касб этиб бораётган ҳозирги замонда бизда нега математик, иқтисодчи, бошланғич синф ўқитувчиси, кимёгар ёки физик магистратурага кириш учун камида бир йил сарфлаб, ўз мутахассислигини ташлаб, юқори даражали халқаро сертификат олиш учун ўқиши керак, бу унга ҳаётда, амалиётда керак бўладими? У шу тилда ўз соҳасига оид маълумотларни, атамаларни, мутахассислик зарур деб билган даражада ўрганса, бошқа пайтда ўз фани билан шуғулланса бўлмайдими? Керакли адабиётлар фақат хорижий тилларда эканлигини иддао қилаётганлар, ҳозирги замонда кўплаб онлайн таржима дастурлари борлигини, зарурий маълумотларни таржима қилиб олиш мумкинлигини билишмайдими?
Бошқа тилдаги адабиётларни ўқиш учун тил ўргангандан кўра, ўша адабиётларни ўзимизда ёзилишига йўл очармиз?
Балки, бўлажак олимларнинг вақтини тўғри йўналтиришга имкон бериб, ўша махсус адабиётлар ўзбек тилида ҳам чиқишига кўпроқ эътибор қаратиш керакдир?
Айнан тил бўйича таҳсил олиб, магистратурага киришга аҳд қилган номзодлардан ўша тилда сертификат талаб қилишни тушунса бўлади. Аммо, хитой, турк, араб тилларининг умуман ҳар қандай соҳаларга ҳужжат топшираётган ўзбек магистрантига нима алоқаси бор? Мантиқ қаерда? Бу ҳам кундузи машина чироқларини ёқиб юришга ўхшаш, бир-иккита талофатдан кейин бекор қилинадиган тажрибами ёки?
Балки тажрибани бироз мантиқлироқ қилиб қайта ишлаб чиқиш керакдир? Масалан, фақат филология ва тилларни ўқитиш бўйича магистратурага кирмоқчи бўлаётганлар учун сертификат талабини қўйиш (шундаям фақат халқаро сертификат қўйилса ҳақиқий натижага эришиш мумкин), бошқаларга эса, сертификатсиз жуда иложи бўлмаса, магистратурани тугатгунича сертификатли бўлиш талабини қўйиш мумкиндир, шунда ҳам уларнинг етарлича вақтини олган бўламиз.
Бундан ташқари ҳам янги тизимда магистратурада коррупция учун етарлича имкониятлар қолади, масалан энди фақат бакалавр босқичида олинган балл ҳисобга олинадиган, қайта имтиҳон топширилмайдиган бўлса, бакалаврдаги баллар ҳам ўз ўзидан кўтарилиб кетса керак. Бу энди алоҳида мавзу.
Ким билсин, балки бу масалани қайта ўйлаб кўришар. Ахир таълимда шусиз ҳам коррупция авж олган. Абдуқодир Тошқулов, Бегзод Мусаев, Агриппина Шин, Бахтиёр Саидов раҳбарлик қилаётган вазирликлар давлатга 1 трлн. 282 млрд. сўм моддий зарар етказгани маълум қилинган эди.
Вазир бўлгунча гаплар бошқача эди...
Тошқулов 2020 йилнинг январь ойида Kun.uz сайтига интервью берганида тизимнинг қатор муаммоларини кун тартибига қўйган эди. У муаммоларнинг кўпчилиги ҳали ечимини топгани йўқ.
Интервьюдан айрим иқтибосларни келтириб ўтамиз:
«Битирувчининг қўлида давлат муҳри қўйилган диплом бор. Аммо у рақобатбардош кадр эмас».
Бунда тест технологиялари такомиллашмагани, соҳага йиллар давомида бир томонлама ёндашув бўлиб келгани муаммоларнинг сабабларидан бири. Яъни, учта фан ва ўша фанлардан тузилган тестларнинг жавобини ёдлаган бола борки, ўқишга кирган. Бу бўйича айтилган эътирозлар, мурожаатлар эшитилмаган.
Биз бир хил тест тизимини кўп йиллар ушладик ва шу тизим билан ёшларни олий таълимга қабул қилавердик. Биз унга иншо ёздириб кўрмадик, диктант ёздирмадик, ижодий йўналиш билан ўқишга кириши керак бўлган талабалар ҳам «тинчгина» тест йўналиши билан имтиҳон қилинаверди.
Битирувчининг қўлида давлат муҳри қўйилган диплом бор, аммо у рақобатбардош кадр эмас.
Биз яхши ишлаётган кадрларни рағбатлантиряпмиз, лекин биз шунча ислоҳотлардан кейин ҳам қимирламаётган кадрларни ишдан бўшата олмаяпмиз.
Талабалар орасида кўплаб сўровлар ўтказдик (афсуски, ҳозир бу сўровларнинг ҳам юридик кучи йўқ) ва мана шу сўровларда ўқитувчиларнинг пора олиши ҳам айтилган, дарсларнинг қарийб 100 фоизи дарсларни яхши ўтмаслиги эътироф этилган. Биз ўша ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилдик, лекин судда ютқаздик, чунки амалдаги қонунчилигимиз бу тизимга тайёр эмас.
Ҳозир камида 30 фоиз ўқитувчининг олий таълим даргоҳида дарс беришга, бу даргоҳларга киришга ҳаққи йўқ.
Биз эндиликда яхши ўқитувчини рағбатлантириб, талабга жавоб беролмаётгани билан хайрлашиш масаласини кўтаряпмиз. Талабга жавоб бермайдиган ўқитувчи ўзига мос, қуйироқ жойларда ишлаб тажриба ошириши керак.
Менимча, таълим тизимидаги ўқув режалар тўлалигича қайта кўриб чиқилиши керак.
Ҳозир тўртта курс талабалари турлича ўқув режа билан ўқишади. Мана шу ўқув режаларни бир хиллаштириш керак, иккинчидан, кераксиз фанлар чиқариб ташланиши керак.
Яна бир мисол, жисмоний маданият фанидан талабанинг рейтинг дафтарчасига баҳоси қўйилади. Шу фан бизга керакми? Талаба ўзи мустақил фитнес клубга борсин, спортга қатнашсин, шароит борку. Буни алоҳида фан қилиш шартми? Фан ўқитувчилари ишлайверсин, тўгарак ўтсин, бунга қарши эмасман, лекин у ҳам бир фан бўлиши керак эмас.
Яъни, дарс жадвалига дарслар шундай жойлаштириладики, бунда бир жуфтликдан кейин орада бўш вақт қолдирилади ва кейин яна бир жуфтлик фан қўйилади. Бунинг сабаби, дарсларни шундай жойлаштирсак, талаба кейинги дарсгача қочиб кетолмайди, деб ўйлашади.
Биз талабага кечаги қараш, тазйиқ билан қарашни тўхтатишимиз керак.
Яна бир муаммоли масала, университетда эркин форма масаласи. Бу муаммо қайта-қайта кўтариляпти. Бунга ҳам эркинлик бериш керак. Фақат бунда шахснинг талаба эканлиги ва миллийликни инобатга олиш керак.
Биз ҳозиргача аудиторияларимизни ўзгартиролмаяпмиз. Бизда ҳамон тўлалигича парта тизими амалда. Энди-энди биз эскича қолиплардан чиқишга ҳаракат қиляпмиз.
Биласизми, айрим талабалар биздан ўқитувчига проектор бермасликни сўрашади. Чунки, айрим ўқитувчилар замонавий дарс ўтиш деганда маъруза матнини шунчаки проекторга ўрнатиб, уни ўқиб беришни тушунади. Бизда шу жиҳатлар ҳам камчиликка тўла.
Талабаларда шунингдек, дарс сифатидан норозилик кучли. Ҳозир ҳам, кўпчилик ўқитувчилар йўқлама қилишу, ўзининг биографиясини таништириб бериш билан дарснинг қарийб 20 дақиқасини ўғирлашяпти.
Афсуски, бугун олий таълимдан кейинги таълимда кадрлар масаласи сон жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам қониқарли эмас. Уларни етказиб берадиган муассасалар ҳам асосан Тошкентда жойлашган, бошқа ҳудудларга эса кўпда чиқарилавермайди.
Олий таълимда қамров ошган сари ҳар ўнта талабага битта ўқитувчини ишга олишимиз керак бўлади.
Лекин университетлар ўқитувчиларининг қанчасида илмий даража бор деган масала ҳам бор. Ҳозир квоталар йилига 20-25 фоиз ошяпти, табийки, ўқитувчилар сони ошяпти, аммо илмий салоҳият тушиб боряпти. Бу ҳолат ўқитувчилар илмий даража ҳимоя қилганда ҳам давом этяпти.
Тадқиқотчиларнинг Тошкентга келиб не азобларда юриши уларнинг фақат ўзига ва Худога аён.
Ҳозир ҳар бир фан бўйича фалсафа доктори илмий унвони (PHD) бериляпти. Бу тизимда ҳам қийинчиликлар кўпайтириб юборилган, дея танқид қилганди ўшанда Тошқулов.
Биз бугун олий таълимни ривожлантириш учун ундан кейинги таълимни ҳам жиддий кўриб чиқишимиз керак, деган эди ўшанда Тошқулов.