Бу йилдан бошлаб бизда яна бир тажриба - Магистратурага киришда чет тили сертификатига эга бўлиш талаби қўйилди. Бу талабни нотўғри, вақт кам қолганда айтилганига эътироз билдираётганларга нисбатан фикр билдирган вазир Абдуқодир Тошқулов энди йилига икки маротаба қабул бўлиши кутилаётганини айтганди. У берган маълумотга қараганда, ўтган 4 курсни тамомлаганларнинг тахминан 700 нафарида сертификат бор эди. Бу йил 7000 нафарга чиқди. Аммо квота 12 000 нафар талабани қамраб ола олади.
Хўш бу ўзгаришларни олий таълим тизимидагилар қандай қабул қилишмоқда? Талабаларчи? Ёшларга бу ўзгариш нега ёқмади?
Журналист, филология фанлари номзоди Юлдуз Ортиқова бу борадаги фикрларни ўрганиб мақола тайёрлади:
Магистратурага кириш учун чет тилидан сертификат нимага керак?
Бу йил магистратурага кириш имтиҳонларига инглиз тилидан халқаро сертификат бўлиши талаби қўйилди. Кириш имтиҳонларига оз фурсат қолганда бундай талабни жорий этилиши талабаларга маъқул келмади:
Шоҳида Юсупова,талаба. Ҳаётда ўз ўрнимни топишда, юқори натижаларга эришишимда бир нечта чет тилларини билишим катта ёрдам берган. Таржимон ва шоира сифатида китобларим хорижда нашр этилган. Ҳозирда қатор халқаро танловлар совриндориман. Ўзим учун эмас, тенгдош талабалар нуқтаи назаридан айтишим керакки, қўйилаётган бу талабдан кўпчилик норози. Аксарият талабалар ҳали IELTS олмаган ва ўқишни хоҳлаган талабаларни магистратурага топшириш имкониятини бу талаб тўсди.
Маълумки, магистратура йўналишида таҳсил олувчиларга таълим олиш жараёнида чет тилидан дарс соатлари ажратилган. Инглиз тили бўйича мутахассисининг бу борадаги фикрига қизиқдик:
-Мен магистрларга чет тили бўйича таълим бераман. Бизни ўқув дастуримиз IELTS олганлар учун мўлжалланган, деди Гулсанам Хасанова, ЎзЖОКУ “Хорижий тиллар» кафедраси мудири. - Тилни яхши билмайдиган талабалар билан ишлаш осон эмас, уларни ўзлари ҳам фанимизни ўзлаштиришга қийналишади. Шунинг учун инглиз тили бўйича маълум бир жиддий имтиҳон талаб қилинишини тўғри қарор деб ҳисоблайман.Бизни амалий машғулотларимиз асосан соҳага йўналтирилган чет тилига мўлжалланган. Бунда умумий хорижий тил ўқитилмайди, яъни маълум соҳани чет тилида ўқишни ва ўрганишни талаб этади. Бунда эса, албатта, хорижий тильдан базавий билимга эга бўлиш талаби қўйилган.
Магистратурани тамомлаган битирувчилар илмий иш қилишга киришадилар, докторантурага кириш имтиҳонларида ҳам чет тили бўйича имтиҳонлар бор. Илмий изланиш бошлаган ёш олимлар бу талабнинг ўринли эканлигини таъкидлашмоқда.
Ирода Насимова ЎзЖОКУ докторанти: Инглиз тилидан магистратурага киришда халқаро тил сертификатини бўлиши шарт деб ҳисоблайман. Чунки ҳозир илм йўлини давом эттирадими йўқми кўпчилик магистратурада ўқишни хоҳлайди. Яхшилаб сўрасангиз, нимага ўқиётганини ўзи ҳам билмайди. Аслида магистратура илм қиладиганлар учун бир кўприк вазифасини бажариши керак. Бакалавр битта соҳанинг яхши мутахассиси дегани, магистр эса дарс бера оладиган даражада билимли бўлиши керак. Жиддий ўқиш нияти бўлганлар албатта IELTS сертификатига эга бўлиши керак, шунда илм - уни қадрига етадиган инсонларнинг қўлида бўлади деб ҳисоблайман.
Хорижий тилни ўрганиш ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг фарзандларига қийинчилик туғдирмайдими, имкони борлар ўқиб, моддий қийналиб қолган оилалардан чиққан талабалар учун магистратурага ўқишга кириш «ёпиқ эшик» бўлмайдими?
Журналист Нозима Воҳидова бу саволга шундай жавоб берди: - Иш фаолиятим доирасида турли одамлар билан кўришишга, чекка ҳудудлардаги турмушни кўришга тўғри келади. Мулоҳаза қилиш, қиёслаш учун имкониятим бор. Яқинда қишлоқда вояга етган ёшлардан бирининг мустақил равишда инглиз тилини ўрганганини кўрдим. Оддий оила фарзанди. Илм олиш учун жуда зўр шароит бўлиш шарт эмас деб ҳисоблайман. Муҳими хоҳиш ва истак. Ўзим ҳам фарзандларим билимли бўлишларига ҳаракат қилдим. Ҳозир қизим докторлик ҳимоясини қилган ёш олима, бу йил грантни қўлга киритиб, Германияга ўқишга кетяпти. Фарзандларини билим учун сарфланган пул албатта ўн баробар бўлиб ҳам қайтиб келади деб ўйлайман.
Бугунги кунда илмий изланиш олиб бориш учун хорижий журналларда мақол чоп этиш талаби мавжуд. Чет тилини мукаммал билиш илмда юқори натижаларга эришишга пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бу тилимизга бўлган ҳурматсизлик сифатида эмас- замон, давр талаби сифатида баҳоланиши керак. Қолаверса, магистратурага кириш имтиҳонлари йилда икки маротаба бўлиб ўтиши, талабалар учун қўшимча шароит яратади. Шу билан бирга, магистратурага ўқишга кирган хотин-қизларнинг контракт пули бюджетдан қоплаб берилиши ёшлар учун яратилган яна бир имкониятдир. Аммо...
Нозима Тошпўлатова журналист, Инглиз тилини ёки бошқа хорижий тилни ўрганиш бир - икки йилда эмас, болаликдан бошланиши керак. Бу қунт, меҳнаткашлик... ва молиявий харажатларни ҳам талаб этади. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги ўқув марказларида инглиз тили курслари гуруҳ таркибида ўқиш учун ўртача 400 мингдан 700 минггача нархда бўлса, индивидуал таълим олиш эса бундан ҳам қиммат. Шу билан бирга хорижий тил сертификатини олиш учун 2 млн. атрофида тўлов амалга оширилади. Фақат юқори балл олганларга харажатлар қопланиб берилади. Аҳамиятлиси, шунча харажат қилинганда ҳам тил ўрганишга қобилияти бўлганлар натижага эриша оладилар. Чет тилини ўрганиш учун кўриш, эшитиш, ёд олиш каби хотира эгаси бўлиш керак. Яъни, ёдлашни яхши билганлар чет тилини ўзлаштира оладилар. Бугунги кунда математиканинг жуда кўп амалларини калькуляторда бажарамиз. Карра жадвални ёдлашга эҳтиёж йўқ. Ҳозирда компьютерда кўплаб таржима дастурлари мавжуд. Таржимонлик хизматлари бисёр. Талабалигимда гуруҳимизда хорижий тил яхши ўқитилган эди, лекин халқаро сертификатни олиш даражасида эмас. Аммо чет тилини билмаганлар ҳам бугунги кунда ўз соҳаларининг усталаридир. Қанча яхши фан номзодлари чиқди. Ҳозирда ўзим испан, инглиз тилларини биламан. Аммо фаолиятимда ҳар куни ҳам бу билимлардан фойдаланмайман. Чет тилини биладиган ҳамкасбларимиз бор: уларнинг ҳаммаси ҳам яхши материал тайёрлай олишмайди, соҳага доир ижодкорлик қобилиятлари юқори эмас. Чет тилини билиш инсонни хотира қобилиятини оширади холос. Шунинг учун инглиз тилини билишни магистратурага ўқишга кириш учун бирламчи талаблар сифатида киритиш, бу борада халқаро сертификат талаб қилиш тўғри эмас, бу кўплаб иқтидорли ёшларни илмий фаолиятларини олиб боришларига тўсқинлик қилиши мумкин, деб ҳисоблайман. Қолаверса агар, ўша ёш ҳозир қулоққа чалинаётганидек, «айланма» йўллар билан эмас, балки ўз билими билан сертификат олса у Ўзбекистонда ўқимайди, чет эл олий ўқув юртларига киради.
Илмий ихтиролар қилиш, тадқиқот олиб бориш учун креатив, ноодатий фикрлаш, мулоҳаза юритиш, танқидий - таҳлилий қарашларга эга бўлишнинг аҳамияти юқори. Чет тилини билиш илмий иш қилиш учун бир инструмент, воситадир. Шу билан бирга магистратурага кириш имтиҳонлари ўрнига дипломдаги баҳоларни ҳисоблаш шарти ҳам талабаларни баҳо учун ўқишига мажбур қилади. Улар билим олишга эмас, юқори баҳо олишга интилишни бошлайдилар. Бу эса, семестр якунидаги «сессия пайтида» коррупцияни келтириб чиқариши мумкин.
Юртимизда илмий фаолият олиб бориш учун жуда катта эътибор бериляпти, шароитлар яратиляпти. Илмий фаолиятнинг илк дебочаси бўлган магистратура йўналишига кириш имтиҳон шартларини ишлаб чиқиш жиддий илмий ва амалий ёндашувни талаб этади. Иқтидорли ёшларимизнинг билим олиш ва уни ўзлаштиришда психологик имкониятларидан келиб чиқиб, ижодий тафаккур мезонлари асосида кириш имтиҳонлари талабларини ишлаб чиқиш соҳа мутахассислари ҳамда мутасадди раҳбарлар олдида турган бирламчи вазифадир.
Юлдуз Ортиқова