Носвой таркибида гўнг ва охак борлиги айтилмоқда. Депутатларга эса фарқи йўқ

25.03.2022 16:38

Ўзбекистонда носвой ҳалигача эркин сотувда ва тамаки маҳсулотини чеклаш тўғрисидаги қонун кечикмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон носвой истеъмол қилиш бўйича биринчи ўринда туради. Шифокор мутахассис носвой таркибида гўнг, оҳак каби истеъмол учун зарарли маҳсулотлар мавжудлигини айтмоқда.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкилий-услубий бўлим мудири Олим Имомовнинг айтишича, носвой таркибида гўнг мавжуд ва унинг таркибидаги зарарли моддалар кўп ҳолларда саратон касаллигини чақириш мумкин.

«Носвой таркибида биринчи навбатда тамаки ўсимлиги бўлади. Тамаки ўсимлигини сўрилишини яхшилаш мақсадида қурилиш материали оҳак қўшилади. Бундан ташқари мойлар қўшилади ва ҳайвонларнинг гўнгини қўшади деган гаплар бор, ёғлаш мақсадида. Ҳидини яхшилаш учун эса ҳар хил тут барглари ва бошқа барглар қўшилади. Шу нарсаларни аралаштириб, антисанитария шароитида тайёрланиб, сотилади. Носнинг икки хил таъсири бор, маҳаллий ва умумий. Биринчидан оғиз бўшлиғига таъсири - яллиғланиш, стоматит келтириб чиқаради. Ичга инфекция тушиши мумкин. Нос чекувчидан турли ҳидлар келади ва доимий таъсирланиш натижасида оғиз бўшлиғи саратонига олиб келади», дейди мутахассис Олим Имомов.

2020 йил охирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги носвой тайёрлаш ва сотишни тақиқлашни таклифини киритган. Бу ҳақида rost24.uz сайти бир қатор материаллар эълон қилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2014 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омилларини ўрганилганда қуйидагилар аниқланган: Ўзбекистон аҳолисининг 12 фоизи, эркакларнинг 23,2 фоизи, яъни ҳар тўрттадан биттаси, аёлларнинг 0,2 фоизи носвой истеъмол қилади. Тамаки истеъмолчиларининг 90 эса фоизи носвой истеъмол қилади. Бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида носвой истеъмол қилиш кўрсаткичининг энг юқорисидир: Қирғизистонда – 5,2 фоиз, Қозоғистонда – 1,3 фоиз, Туркманистонда – 1,4 фоиз. Бу ҳолат эса аҳоли саломатлигига жиддий зиён келтириб, ўлим ҳолатигача олиб келмоқда.

Аммо, шунга қарамай ҳукумат вакиллари нос айланмасини чекламади.

2021 йил ёз ойида ССВ мутахассиси Шуҳрат Шукуровнинг маълум қилганидек, Ўзбекистон аҳолиси орасида 2 миллиондан ортиқ носвой чекувчиларнинг борлиги сабабли ушбу тамаки маҳсулотини чеклаш салбий оқибатларга олиб келишидан хавотир олишган. Ҳамда носвой сотуви чекланувчи қонун ишлаб чиқарилмади. Мутахассис бу маҳсулотнинг чекланишидан эмас, балки истеъмолидан кўпроқ қўрқиш кераклигини таъкидлаб ўтган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова носвойни чеклашга шошилмаслигимиз керак дея ўз фикрларини айтиб ўтган эди.

«Носвойни тақиқлашимиз керак, лекин носвойни тақиқлаш жамиятда жуда катта норозиликни туғдиради. Лекин биз носвой тайёрлаш, унинг реализациясини тартибга солмасак, бу нарса тўхтаб қолмайди. Реал ҳаётда қарашимиз керакку. Носвой ҳозир катта миқдорда истеъмолда турибди, бу факт», - дея фикрларини айтиб ўтган Мақсуда Ворисова.

Мавзу юзасидан эълон қилинган материаллар:

Ўзбекистон журналистлари 30 йилда илк бор тамакини чеклаш масаласида бирлашди

Алкоголь ва тамаки назоратини қайта кўриб чиқиш бўйича асосий вазифалар белгиланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги носвой тайёрлаш ва сотишни тақиқлашни таклиф этмоқда

Янги вазир Беҳзод Мусаев бинолар ичида чекишни тақиқлай оладими?

Мақсуда Ворисова: носвойни чеклашга шошилмаслигимиз керак

Ўзбекистонда носвой қонунан рухсат берилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.03.2022 15:52
Уларга ҳеч нарсанинг фарқи йўқ - Моя хата с краю