Носвой чекувчилар ушбу тамаки маҳсулотини чеклаш салбий оқибатларга олиб келишидан хавотир олди
Жорий йил аввалида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда тутунсиз тамаки маҳсулотлари, хусусан, носвой сотувини қонун даражасида тақиқлашни тавсия қилиб чиққан эди.
Бугунги кунда вазирлик мутахассиси Шуҳрат Шукуровнинг айтишича, Ўзбекистонда носвой ишлаб чиқариш ва сотиш қонун даражасида чекланмайдиган бўлди. Қонун лойиҳасининг биринчи ўқилишида носвой сотувини чеклаш бўйича кўрсатма қабул қилинмаган. Бироқ, тамаки махсулотлари истеъмолини чеклаш бўйича қонунчиликка маълум даражада янги чекловлар киритилиши кутилмоқда.
Шуҳрат Шукуровнинг маълум қилишича, Ўзбекистон аҳолиси орасида 2 миллиондан ортиқ носвой чекувчиларнинг борлиги сабабли ушбу тамаки маҳсулотини чеклаш салбий оқибатларга олиб келишидан хавотир олишган. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон тутунсиз тамаки (носвой) истеъмол қилиш бўйича биринчи ўринда туради. Қўшни давлатлар орасида Қозоғистон ва Туркманистонда носвой ишлаб чиқариш ва сотиш расман маън этилган.
Қўшни давлатларда носвой сотувини қонунан чекланиши аввалига катта ўзгаришга олиб келмаган. Сотувда ноқонуний бўлса-да, носвой сотуви сақланиб қолаверган. Аммо, кейинчалик статистик рақамларда носвой истеъмоли сезиларли даражада камайгани айтилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси Шуҳрат Шукуровнинг маълум қилишича, тутунсиз тамаки махсулотлари сирасига кирувчи носвой истеъмолини чеклашдан қўрқиш керак эмас. Аслида бу тутунсиз маҳсулотнинг истеъмолидан кўпроқ хавфсираш лозим. Носвойни чеклаш билан аҳоли саломатлигини сақлашга жиддий қадам қўйилган бўлади.