Андижон ҳокими Президентга мақтаган заводда бугун ҳеч нарса ишлаб чиқарилмаяпти
Нега бунга на вазирлик ва на ҳокимият муносабат билдирмади, заводнинг бугунги аҳволи билан қизиқилмади?
“Zamin Bio health” заводи фақатгина Президентга кўз-кўз қилиниши учун қурилганмиди? Янги Ўзбекистонда ҳам коммунистик даврдаги каби кўзбўямачилик ва қўшиб ёзишлар давом этаётгани ҳайратланарли.
Rost24.uz сайти "Президентга мақталган, "Марказий Осиёда ягона", дея ОАВда катта шов-шув кўтарилган заводда бугун ҳеч нарса ишлаб чиқарилгани йўқ" номи остида материал эълон қилганига анча бўлди. Лекин ҳануз ССВ томонидан муносабат билдирилмади. Завод бу бўйича барча маълумотларни айтган. Агар ишлаб чиқарилаётган бўлса, ССВ томонидан маълумотлар очиқланиши керак эмасми..?
Андижон вилояти Андижон туманидаги “Zamin Bio health” корхонасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бош-қош бўлган эди.Шунингдек, 2018 йилнинг 19 май санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур корхонани бориб кўрганида, мутасаддилар фармацевтика тармоғини ривожлантириш, импорт қилинаётган дори воситаларини маҳаллийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирган эди.
Марказий Осиё давлатлари ичида ягона, деб ишга туширилган инсулин дори воситалари корхонаси бугун қандай аҳволда? Корхона дори воситасини ишлаб чиқармоқдами? Корхона дорилари Марказий Осиё тугул Ўзбекистонни инсулин билан таъминлай олдими? Rost24.uz ахборот сайти суриштирув ўтказди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Андижон вилояти Андижон туманидаги “Zamin Bio health” МЧЖ ўртасида 2021 йил 6 март куни 2021/1-сонли инсулин дори воситаларини етказиб бериш бўйича 11 миллиард сўмлик шартнома имзоланган.
Шартномага кўра, “Zamin Bio health” МЧЖ томонидан жами 451269 флакон инсулин дори воситасини етказиб бериши керак бўлган, аммо корхонада шу 3 йиллик муддатда ҳеч қандай ишлаб чиқариш бўлмаган ва ҳеч қандай маҳсулот вазирликка етказиб берилмаган. Лекин, шунга қарамай вазирлик жамият ҳисоб рақамига тўлиқ суммани ўтказиб берганми?
Бу воқеани очиқлаш учун, завод директори Авазбек Низамов билан боғландик. Корхона раҳбарининг берган маълумотларига кўра, шу вақтгача заводда тахминан 2 миллионга яқин флакон инсулин дориси ишлаб чиқарилган.
“Завод Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмасига биноан инсулин дорисини ишлаб чиқаради. Биз бир ойда қанча дори керак бўлишини билмаймиз, вазирлик мана шу нарсани билиб, биз билан олдинроқ шартнома тузса, инсулин дориси етишмовчилиги бўлмайди", – деди завод раҳбари.
Раҳбарнинг сўзларига кўра, дори ишлаб чиқаришда муаммо йўқ, фақатгина олдиндан буюртма қилиш режага киритилиши керак. Кечиктирилган дори, аввалдан буюртма миқдори берилмаган каби муаммолар сабаб, завод иши судга ҳам оширилган.
Завод бир йилда 10 миллион дона инсулин ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ҳақида завод очилган вақтда матбуотда баралла бонг урилган эди. Бироқ, бир йил тугул, ҳатто 3 йил муддатда ҳам 10 миллион дона ҳам маҳсулот ишлаб чиқарилмаган.
Маълумот ўрнида, 2018 йил 27 апрелда Андижонда инсулин маҳсулоти ишлаб чиқариш заводининг очилиш маросими бўлиб ўтган. Корхонанинг қуввати йилига 10 миллион инсулин флакони ишлаб чиқариш имконини беради, деб айтиб ўтилган. Бу маҳсулот нафақат Ўзбекистон бўйлаб, балки Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига ҳам етказиб бериш белгиланган эди.
Вазирлик тузган шартнома шартлари нима учун бажарилмаган? Бунга ким айбдор? Катта ва керакли корхона қачон тизимли иш фаолиятини йўлга қўяди? Шунча сармоя, шунча ҳаракат, маҳаллийлаштириш дастури, давлат раҳбарининг ишончи, ва албатта, халқнинг кўз ўнгида берилган ваъдалар ваъдалигича қолиб кетган кўринади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига бу борада мурожаат қилганимизда, Фармацевтика агентлиги жавоб беришини маълум қилди. Агентлик эса ўз ўрнида заводнинг корхона ишлаб чиқаришига аралашиш учун бизда ваколат йўқ, дея жавоб қайтарган.
Бу вазият бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигидан муносабат билдиришини сўраб қоламиз.