Президентга мақталган, "Марказий Осиёда ягона", дея ОАВда катта шов-шув кўтарилган заводда бугун ҳеч нарса ишлаб чиқарилгани йўқ

07.10.2021 13:59

Андижон вилояти Андижон туманидаги “Zamin Bio health” корхонасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бош-қош бўлганди.

Шунингдек, 2018 йилнинг 19 май санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур корхонани бориб кўрганида, мутасаддилар фармацевтика тармоғини ривожлантириш, импорт қилинаётган дори воситаларини маҳаллийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирган эди.

Марказий Осиё давлатлари ичида ягона, деб ишга туширилган инсулин дори воситалари корхонаси бугун қандай аҳволда? Корхона дори воситасини ишлаб чиқармоқдами? Корхона дорилари Марказий Осиё тугул Ўзбекистонни инсулин билан таъминлай олдими? Rost24.uz ахборот сайти суриштирув ўтказди.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Андижон вилояти Андижон туманидаги “Zamin Bio health” МЧЖ ўртасида 2021 йил 6 март куни 2021/1-сонли одам инсулини дори воситаларини етказиб бериш бўйича 11 млрд. сўмлик шартнома имзоланган.

Шартномага кўра, “Zamin Bio health” МЧЖ томонидан жами 451269 флакон инсулин дори воситасини етказиб бериши керак бўлган, аммо корхонада шу 3 йиллик муддатда ҳеч қандай ишлаб чиқариш бўлмаган ва ҳеч қандай маҳсулот вазирликка етказиб берилмаган. Лекин, шунга қарамай вазирлик жамият ҳисоб рақамига тўлиқ суммани ўтказиб берганми?

Бу воқеани очиқлаш учун, завод директори Авазбек Низамов билан боғландик.

Корхона раҳбарининг берган маълумотларига кўра, шу вақтгача заводда тахминан 2 млн.га яқин флакон инсулин дориси ишлаб чиқарилган. Завод Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмасига биноан инсулин дорисини ишлаб чиқаради. "Биз бир ойда қанча дори керак бўлишини билмаймиз, вазирлик мана шу нарсани билиб, биз билан олдинроқ шартнома тузса, инсулин дориси етишмовчилиги бўлмайди", деб айтиб ўтди завод раҳбари. Раҳбарнинг сўзларига кўра, дори ишлаб чиқаришда муаммо йўқ, фақатгина олдиндан буюртма қилиш режага киритилиши керак. Кечиктирилган дори, аввалдан буюртма миқдори берилмаган каби муаммолар сабаб, завод иши судга ҳам оширилган.  

Завод бир йилда 10 миллион дона инсулин ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ҳақида завод очилган вақтда матбуотда баралла бонг урилган эди. Бироқ, бир йил тугул, 3 йил муддатда ҳатто 10 миллион дона ҳам маҳсулот ишлаб чиқарилмаган.  

Маълумот ўрнида, 2018 йил 27 апрелда Андижонда инсулин маҳсулоти ишлаб чиқариш заводининг очилиш маросими бўлиб ўтган. Корхонанинг қуввати йилига 10 миллион инсулин флакони ишлаб чиқариш имконини беради, деб айтиб ўтилган. Бу маҳсулот нафақат Ўзбекистон бўйлаб, балки Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига етказиб бериш белгиланган эди.

Вазирлик тузган шартнома шартлари нима учун бажарилмаган? Бунга ким айбдор? Катта ва керакли корхона қачон тизимли иш фаолиятини йўлга қўяди? Шунча сармоя, шунча ҳаракат, маҳаллийлаштириш дастури, давлат раҳбарининг ишончи, ва албатта, халқнинг кўз ўнгида берилган ваъдаларни кимдир оқлаш ҳақида ҳам ўйлайдими? Назорат сусайгани учун, жавобгарлик, масъулият деган тушунчани унутдикми ё…

Соғлиқни сақлаш вазирлигига бу борада мурожаат қилганимизда, Фармацевтика агентлиги жавоб беришини, агентлик эса корхона ишлаб чиқаришига аралашиш учун бизда ваколат йўқ, дея жавоб қайтарди. Икки ўртада эса Марказий Осиёда ягона бўлган корхонамиз, йўқ бўлиб кетиш арафасига келиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин сайтимизда Хоразм вилоятидаги ҳолат “КЎЗБЎЯМАЧИЛИК: Президентни ва аҳолини алдаганлар” мақоласи ҳам эълон қилинган эди. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
19.10.2021 16:50
Ҳамма айбни давлат раҳбарига юклаш инсофдан эмас. Шу соҳага масъул шахслар, идоралар жавобгарликни ўз зиммасига олиб виждонан ишлаши керак.Бу корхона маҳсулоти мазкур дорига эҳтиёжи бор беморлар учун ҳаводек зарур, уни қадрини уларчалик ҳеч ким билмайди.
11.10.2021 10:38
Yaxwi mavzularni kotarib chiqyabsizlar, ishlaringizga omad siyosiy bosimlardan sog salomat őtilar
09.10.2021 16:33
Bu marketing masalasi. Zavod qanday qilib talabni, raqobatni o'rganmasdan katta hajmga moslab qurilgan? Har bir kompaniyani sotuv, marketing bo'limlari bo'ladi. Ular nega boshqa bozorlarni o'rganmaydi? Zavodni kengayishi yoki kichrayishi talab va taklifdan kelib chiqib tabiiy holatda rivojlanishi kerak emasmi?
09.10.2021 02:18
Бизда хамма нарса шунака
07.10.2021 22:17
Jim turing, shovqinlanmang, uyqu ichida ul pari
07.10.2021 21:58
Agar o'zimizda "asal" tayyorlansa, chet elliklar "xo'rozqand"larini kimga sotadi, axir ularning bola-chaqasi bor, bizda bo'lsa - yo'q
07.10.2021 21:52
Kim aybdor? Albatta, shu dori kerak bo'lgan kasallar-da! Bo'lmasam, nega tinchgina soqqasini qurtdek sanab olib yotganlarni bezovta qiladi?
07.10.2021 21:03
бу президентнинг обросини ахоли орасида атайлаб ,сайлов йилида ерга уриш учин килинган харакатдур...