Бир йил аввал коррупцияда айбланган вилоят ҳоким ўринбосари ҳамон лавозимида ишламоқда

24.11.2021 16:10

Мана Ўзбекистонда коррупцияга муносабат

Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Баҳром Қурбонов бир йил аввал коррупцияда айбланган.

Бу бўйича батафсил маълумот олиш учун Rost24.uz сайти икки томонни ҳам ўрганди.

Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигидаги қиймати 20,4 миллиард сўмлик Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш объекти ўрганилганида тендер ғолиби бўлган ташкилот таъсисчиси Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари экани маълум бўлган. Шунингдек, тендер комиссияси раиси унинг яқин қариндоши, яъни туғишган укаси экани ошкор бўлган. 

Бу бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати бир неча бор маълумот берган. Шу билан бирга агентлик Хоразм вилояти прокуратураси иш юритувидаги вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси билан қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши тергови жараёнида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Қурбанов, Хоразм вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси директори Қ.Рахимов ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини тергов йўли билан текшириб, қонуний баҳо бериш юзасидан Хоразм вилояти прокуратурасига сўровнома юборган эди. Лекин, бу иш натижалари ҳамон агентликка маълум эмас.

Бу маълумот 1 йил олдин очиқланган ва етакчи оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка эълон қилинган эди. Шу билан бирга бугун, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган брифингда ушбу коррупцион ҳолат яна қайта айтиб ўтилди.

Хўш, бу бўйича қандай чора кўрилган? Буни аниқлаш учун Хоразм вилояти матбуот хизмати билан боғландик.

"Бу иш 5-6 ой олдин бўлиб ўтган эди. Бу эски нарса нега яна қайта хабар тарзда чиқаётганини мен билмадим", – деди Хоразм вилояти матбуот хизмати раҳбари Одилбек Адамбаев.

“Бу иш бўйича ҳоким ўринбосари ишдан олиндими”, деб берган саволимизга эса, "Йўқ, ҳали ҳам ҳоким ўринбосари Баҳром Қурбонов ўз вазифасида ишламоқда", деди О.Адамбаев. Реконструкция ҳали ҳам давом этаётган ёки йўқлиги бўйича маълумоти йўқлигини билдирди.

Бир йил олдин аниқланган коррупцион ҳолатга нисбатан ҳали-ҳануз бирон-бир чора кўрилмаганлиги, қизиқ...

Мансабдорларнинг бу коррупцион ҳолати юзасидан бош прокуратурадан муносабат кутиб қоламиз.

*****

Мавзуга оид мақолалар:

Ҳайфсан билан вилоятни ривожлантириб бўладими? Хоразм ҳокими 13 нафар ҳокимга ҳайфсан ва жарима қўллади

Хоразмда барча банк бошқарувчилари ишдан олинди

Хоразмдаги кўзбўямачилик ҳолатини депутатлар ҳам тасдиқлади

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар