«Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик тадбири – ИИБ бюджетини тўлдириш учун эмас
Фуқароларни Россияга ишлаш учун кетишга мажбур қилаётган тизим: Ўзбекистонда устачилик қилиш учун ҳам жарима
Rost24 таҳририятига Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги Амир Темур маҳалласидан мурожаат келиб тушди. (Мурожаатчиларнинг исм-шарифи таҳририятга маълум.)
Мурожаатда айтилишича, мазкур маҳаллада бошқа туманлардан ҳам ИИБ ходимлари жалб қилинган ҳолда «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбири доирасида профилактик ишлар ўтказилибди. 8-кўп қаватли уйга бириктирилган ИИБ ходими эшикни очган ҳар бир фуқарога жарима солиб кетаверган.
«Уй таъмирлаб бўлиб, ортиқча қурилиш материалларини чиқариб, юк машинасини кутаётган эдик. ИИБ ходими келиб, “Паспорт текшируви кетяпти”, дея паспорт сўради. Танимаганимиздан кейин исми-шарифини сўрадим. Ходим бошқа тумандан тадбирга жалб қилинганлигини айтиб, ўзини таништиришни истамади. Талаби гарчи ноқонуний бўлса-да, “Қонуний талабимизни бажармади”, деган “дежурний” гап билан бошимизни қотирмасин деб, уста ва мен паспортимизни тақдим қилдик. Паспорт маълумотларини дафтарига ёзиб олганидан сўнг, “Қурилиш материалларини бу ерга қўйиш мумкин эмас, беш оклад жарима ёзаман”, дея тепа қаватга чиқиб кетди. Бир соатдан кейин менга 440 минг сўм, устамга эса прописка бўйича 1 миллион 320 минг сўм жарима келди», – дейилади мурожаатда.

1-масала: Аҳолига халақит қилмайдиган жойда турган қурилиш материалларини чиқариб қўйганлик учун жарима солишдан олдин муаммони бартараф этиш учун маълум бир муддат вақт бериб, огоҳлантириши лозим эди. Шундан кейин ҳам фуқаро қонунга бўйсунмаса, ундан кейин жарима қўлланса, фуқаро ҳақиқатан айбдор бўлар эди. Аммо мурожаатчиларнинг айтишича, ундай бўлмаган.
«Подъезд олдидаги қурилиш материалларини кўрган ИИБ ходими “Худо берди”, деган қабилида жаримани огоҳлантирмасдан уриб ташлайверди. Гўёки унга тепадан бир кунга нечтадир жарима қўллаш бўйича “план” берилгандек ҳаракат қилди», – дейди мурожаатчи.
2-масала: Баъзи бир вазиятга қараб қонунлар ўйлаб топадиган ИИБ ходимларига маълумот ўрнида қуйидаги қонунни ўқишни маслаҳат берамиз: жорий йил 6 май куни имзоланган Вазирлар Маҳкамасининг фуқароларни рўйхатга олиш бўйича чиқарган қарорида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун этиб белгиланган.
Шу жойда савол туғилади: тадбир доирасида бошқа тумандан жалб қилинган ИИБ ходими биринчи марта кўриб турган фуқарога нега вақтинча яшаш қоидаларини бузиш бўйича жарима ёзди? Унинг бу хонадонга қачон келгани ёки қаердан келгани ҳақида маълумотни фол очиб аниқладимикин?
«Бошқа қўшнилар эшик очишмади. 5-қаватдаги хонадонда ота-оналари ишда бўлган 10 ёшли бола ёшлик қилиб эшикни очиб қўйган. Ундан ҳам отасининг паспортини олиб, дафтарига ёзган. Кейин маълум бўлишича, у хонадон эгаси ҳам уй таъмирлатаётган экан. Уй таъмирлаётган вақти керакли уй буюмларини вақтинча “подъезд”га чиқариб қўйгани учун унга ҳам жарима ёзибди», – дейилади мурожаатда.

Мурожаатчининг қўшимча қилишича, 5-қаватда ишлаётган устанинг ҳам паспорт маълумотларини ёзиб кетган экан. Унга ҳам 440 минг сўм жарима келибди. Ваҳоланки, уста Сергели туманида доимий яшайдиган Ўзбекистон фуқароси бўлган. Уста қандай қонун бузганини ўзи ҳам билмай ҳайрон. Унинг биргина хатоси — паспортини ИИБ ходимига тақдим қилгани, холос.

«Ўзбекистонда устачилик қилганим учун жарима тўлайдиган бўлсам, Россияга кетаман. Ҳар ҳолда у ерда ҳужжатларимни тўғрилаб қўйсам, жарима тўламайман», – дейди уй таъмирлаб жарима тўлаган уста.
Бу гап шунчаки ИИБ тизимидан норозилик эмас. Юртимизда ҳалол меҳнати билан оила тебратаётган фуқаролар ўз ҳудудида ишлагани учун жазога тортилаётганини ҳис қилса, бу меҳнат бозори ва аҳолининг давлат идораларига ишончига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу жойда қўлидан иш келадиган забардаст йигитларимизнинг нега Россияга қараб ошиқаётганининг сабаби ҳам ойдинлашаётгандек назаримизда.
Бу саволларга ҳуқуқий асосланган жавоб берилиши керак. Чунки фуқаронинг бошқа туманда ишлаётгани ёки уй таъмирлаётгани уни автоматик равишда ҳуқуқбузарга айлантирмайди.
Қисқаси, таҳририятга берилган факт ва далилларга кўра, 5 қаватли бинонинг 10 та хонадондан иборат битта подъездидан атиги 2 тагина эшик очилган. Натижада эса 2 та хонадондан 4 та фуқарога жарима ёзилибди. Шунга қараб қолган кўп қаватли уйларни ҳисоб-китоб қилса бўлади. Ҳар бир очилган эшикдан шунча жарима ундирилаверса, нима бўлади?
Энди шу жойда ИИБ ходимлари важ қилиб профилактик текширув ўтказаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирининг жарима солишга қандай боғлиқлигини кўриб чиқамиз.
Жорий йил 5 январь куни «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сонли Президент қарори қабул қилинган.
Қарорнинг 1-бандида қуйидаги 3 та мақсад ва устувор вазифа очиқ-ойдин белгилаб қўйилган:
(а) ижтимоий профилактика самарадорлигини оширишни устувор вазифа этиб белгилаган ҳолда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш;
(б) оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг асл омилларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш орқали уларнинг барвақт олдини олиш бўйича янги ишлаш механизмларини белгилаш;
(в) ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар юзасидан мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш тизимини яратиш, бу борадаги фаолиятни бевосита жойларда самарали йўлга қўйиш орқали аҳоли розилигига эришиш.
Президент қарорида белгиланган юқоридаги вазифаларда профилактика давомида эшикни очган фуқароларга прописка ва қурилиш буюмларини чиқарганлик учун ёки устачилик қилгани учун жарима солиш кўрсатилмаган.
Шу ерда ҳам ИИБ ходимлари юрт фаровонлигини таъминлаш учун чиқарилган Президент қароридан фойдаланган ҳолда жарималар ёзиб кетишини ким, қандай тушунтиради?
Қарорнинг мақсадига тескари бундай топшириқ қайси бўғиндан чиққанлигини аниқлаш ва зудлик билан мақсад ва вазифаларини қайта тушунтириш зарур. Акс ҳолда, бу каби бошбошдоқликдан кўплаб фуқароларимиз жабр чекиши, Ички ишлар вазирлиги ва унинг раҳбариятининг обрўйига эса путур етиши мумкин.
Янги тайинланган Ички ишлар вазири ҳам ИИБ ходимларини халққа яқинлаштириш учун ҳаракат қилаяпти, кеча-ю кундуз қабуллар ўтказиб фуқароллар билан юзма-юз ўтириб, муаммоларини тинглаяпти. Аммо вазир мақсадларига умуман тескари бўлган бу каби ҳолатлар вазирни атайин "подстава" қилиш эмасми?
Энг аянчли ҳолат:
Мурожаатчиларнинг берган яна бир маълумотига кўра, «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбири доирасида ўтказилган профилактика вақтида кўплаб фуқаролар ИИБ ходимларига эшик очмаган.
Ўтмишда одамларнинг ички ишлар ходимларидан чўчиб яшагани, турли текширувлар ва рўйхатга олиш билан боғлиқ муаммолардан хавотир олгани кўпчиликка маълум. Бироқ бугун, Янги Ўзбекистонда давлат идоралари халққа хизмат қилиши, ички ишлар органлари эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган бир пайтда ҳам одамлар ИИБ ходимларига эшик очишдан қўрқса, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш лозим.
Президентимиз Ички ишлар тизимини халққа яқинлаштириш учун кескин ислоҳотлар қилмоқда, қарорлар қабул қиляпти. Биз эса ҳамон ИИБ ходимларига эшик очишдан қўрқамиз. НЕГА?
Топшириқларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб-тушунмасдан, кўр-кўрона бажарадиган, фақат жарима солишни хуш кўрадиган, «Қонуний талабимизни бажармаяпсиз», деган жумладан бошқасини билмайдиган ходимлар сабаб ижтимоий тармоқларимиз тизимни қораловчи контентларга тўлиб кетди.
Тан олиб айтиш керакки, ИИВнинг собиқ матбуот котиби Ш. Ғиёсов ҳам тизимга адашиб кирган ходимларнинг хатти-ҳаракатларини ҳимоя қилавериб, ўзи ҳам агрессив одамга айланиб қолди, десак, хато қилмаган бўламиз. Тизим топшириқларга атайин тескари иш қиладиган ходимлардан тозаланмас экан, вазирликнинг кейинги бўлажак матбуот котибига ҳам осон бўлмайди.
Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирлари бўйича қилинаётган ишлар ҳақида мунтазам маълумотлар бериб борилмоқда. Аммо негадир тадбир доирасида қанча одамга жарима солингани, йиғилган жарималар суммаси қанча бўлгани ҳақида маълумотлар айтилмаган.

Хулоса ўрнида биргина илтимосимиз: ИИБ ходимлари ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига жарима тўловчи шахс сифатида эмас, Ватандош сифатида қарашларини истардик.