Дўконда маҳсулотнинг нархини кўриб, уни харид қилиш-қилмасликни ўйлаб турган одам учун қаерда ишлаб чиқарилганидан кўра қанча туриши муҳимроқ. Аммо Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларига импорт божларини қайтариш таклифи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми етарли экани билан асосланмоқда.
Хўш, заводларда маҳсулот етарли бўлса, нега унинг аҳоли учун қанчалик ҳамёнбоп экани ҳам асосий мезон бўлмаслиги керак?
Ишлаб чиқариш бор, аммо нархлар-чи?
Куни кеча Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгашида айрим озиқ-овқат маҳсулотларига 2027 йилдан божхона имтиёзларини узайтирмаслик таклифи муҳокама қилинди. Гап пишлоқ, сузма, йогурт, олма, нок, шоколад, макарон ва бошқа маҳсулотлар ҳақида кетмоқда.
Вазирлик таклифни маҳаллий ишлаб чиқариш қувватлари билан асослаган. Масалан, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида мамлакатда 84 минг тонна қуюлтирилган сут ва қаймоқ, 50,2 минг тонна йогурт ишлаб чиқарилган.
Рақамлар салмоқли. Бироқ маҳсулотнинг кўп ишлаб чиқарилиши унинг арзонлигини ёки барча учун етарлилигини англатмайди. Бунинг учун аҳолининг харид қобилияти, истеъмол ҳажми ва бозордаги нархлар ҳам ҳисобга олиниши керак.
Айнан шу жиҳатлар етарлича таҳлил қилинмагани кенгаш аъзоларининг эътирозига сабаб бўлди.
Пишлоққа 15 фоиз бож: нархга ким жавоб беради?
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, имтиёзлар узайтирилмаса, пишлоқ ва сузмага 15 фоиз, йогурт, олма ва нокка 20 фоиз импорт божи қўлланиши мумкин. У пишлоқ ҳали ҳар бир ўзбек оиласининг кундалик дастурхонидан жой олмаганини эслатди.
Божларнинг тикланиши нафақат импорт, балки маҳаллий маҳсулотлар нархига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, четдан келтирилган олма қимматлашса, рақобат сусайиши ҳисобига маҳаллий олма нархи ҳам ошиши эҳтимоли бор.
Албатта, 20 фоизлик бож чакана нарх айнан шунчага ошишини англатмайди. Бироқ бу эҳтимолий таъсир қарор қабул қилинишидан аввал ҳисоблаб чиқилиши керак.
Ишлаб чиқарувчини кимнинг ҳисобидан ҳимоя қиламиз?
Импорт божлари маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаши, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Аммо рақобатнинг сусайиши нархлар ошишига ҳам шароит яратади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш ассоциацияси раиси Зафар Ҳошимов ҳам тадбиркорларни истеъмолчилар ҳисобидан ҳимоя қилиш тўғри эмаслигини таъкидлади.
Бу ерда муҳим савол туғилади: агар маҳаллий корхоналар ички бозорни таъминлашга қодир бўлса, нега улар импорт маҳсулотлари билан нарх ва сифат жиҳатидан рақобатлаша олмаслиги керак?
Қолаверса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашнинг бошқа йўллари ҳам мавжуд. Масалан, энергия, логистика ва хомашё харажатларини камайтириш орқали маҳсулот таннархини пасайтириш мумкин.
Инфляцияни жиловлаймизми ёки божларни қайтарамизми?
Эътиборлиси, Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларига ноль даражали импорт божлари дастлаб нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш мақсадида жорий этилган.
Энди эса ушбу имтиёзларнинг бир қисмини узайтирмаслик таклиф қилинмоқда. Албатта, иқтисодий шароит ўзгариши билан божхона сиёсати ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин. Аммо бундай қарорнинг нархларга, аҳоли харажатларига ва маҳаллий ишлаб чиқаришга таъсири аниқ ҳисоб-китоблар билан асосланиши лозим.
Ҳозирча кенгаш муҳокамасида ҳам бу борадаги таҳлиллар етарли эмаслиги қайд этилди ва лойиҳани қайта ишлаш таклиф қилинди. Якуний қарор қабул қилинмаган.
Масаланинг моҳияти оддий: маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳим, аммо унинг натижаси фақат заводлардаги ишлаб чиқариш ҳажмида эмас, аҳолининг дастурхонида ҳам сезилиши керак.