Бизнесни рўйхатга олиш солиқ текширувими? Тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилганлар учун энг муҳим саволларга очиқ жавоблар

16.11.2026 20:14

Маҳаллангизга ёки савдо дўконингизга қўлида планшет билан ходим келиб, фаолиятингиз, ишчиларингиз ва савдо айланмангиз ҳақида сўраса, биринчи бўлиб хаёлингизга нима келади? «Бу янги текширувми? Эртага солиқ кўпаймайдими? Рўйхатдан ўтмасдан уйда ишлаётган бўлсам, жарима солишмайдими?» — айни кунларда, 15 октябрдан 30 ноябргача давом этаётган бизнесни рўйхатга олиш тадбири фонида кўплаб фуқаролар ва бизнес эгаларини шу саволлар қизиқтирмоқда.

Келинг, расмий ҳужжатлар ва қонунчилик нормалари асосида мазкур жараённинг асл мақсади, тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва маълумотлар хавфсизлиги масалаларини очиқ таҳлил қилайлик.

1-масала: Маълумотлар солиқ ёки бошқа назорат органларига бериладими?

Йўқ. Президентнинг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-190-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 557-сон қарори асосида ўтказилаётган бизнесни рўйхатга олиш тадбири солиқ текшируви ёки назорат тадбири эмас.

«Расмий статистика тўғрисида»ги Қонунда қатъий чеклов ўрнатилган:

  • тадбиркор ёки фуқаро тақдим этган индивидуал маълумотлар қатъий махфий ҳисобланади;
  • бу маълумотлардан солиқ, тергов ва бошқа назорат тадбирларида, суд муҳокамасида ҳамда маъмурий жавобгарликка тортишда фойдаланиш қонун билан тақиқланган;
  • улар фақат минглаб бошқа жавоблар билан умумлаштирилган ҳолда, мамлакат ва ҳудудлар иқтисодиётининг умумий манзарасини шакллантириш учун ишлатилади.

2-масала: Давлат рўйхатидан ўтмасдан уйда ишлаётганлар нега рўйхатга олинмоқда?

Маҳаллада уй шароитида тикувчилик қилаётган аёл, буюртмага мебель ясаётган уста, нон ва ширинлик пишираётган оила ёки маиший техника таъмирловчи мутахассис расмий рўйхатдан ўтмаган бўлиши мумкин. Уларни статистик рўйхатга олишдан мақсад жавобгарликка тортиш эмас, балки ҳудуддаги ҳақиқий бандлик ва иқтисодий фаолликни аниқлашдир.

Агар маъмурий базаларда кўринмайдиган бундай меҳнат ва хизматлар ҳисобга олинмаса, давлатнинг ҳудудларни ривожлантириш, инфратузилма ва бандлик дастурлари реал ҳаётдан узилиб қолади. Қолаверса, айрим корхоналар қоғозда бир туманда рўйхатдан ўтиб, амалда бошқа жойда фаолият юритади — рўйхатга олиш айнан қоғоздаги эмас, балки амалдаги иқтисодий ҳолатни аниқлаштиради.

3-масала: Рўйхатга олувчи ходимнинг ваколати ва чегараси қандай?

Фуқаролар ва тадбиркорлар фирибгарлик ҳолатларига дуч келмаслиги ва ўз ҳуқуқларини билиши учун қуйидаги қоидалар белгиланган:

  • Кимлар келади: маҳаллаларда асосан ҳоким ёрдамчилари, бозорлар ва савдо мажмуаларида эса статистика органлари ходимлари жалб этилган;
  • Ташқи белгилари: ҳар бир рўйхатга олувчида махсус кийим ва хизмат бейжиги бўлиши шарт;
  • Қатъий тақиқ: рўйхатга олувчи тасдиқланган саволномада йўқ саволни ўз хоҳишича бериши, респондент жавобини ўзгартириши ёки тахмин билан ёзиши мумкин эмас;
  • Қайта алоқа: ходимнинг ваколатига шубҳа туғилса ёки савол пайдо бўлса, 1851 қисқа рақамли алоқа марказига қўнғироқ қилиб аниқлик киритиш мумкин;
  • Онлайн муқобил: юридик шахслар батафсил молиявий маълумотларни hisobot.stat.uz орқали, ўзини ўзи банд қилганлар эса census.stat.uz тизими орқали мустақил равишда онлайн киритиши мумкин.

4-масала: Бундан тадбиркорнинг ўзига нима фойда?

Шуни очиқ айтиш керак: рўйхатга олишда иштирок этган тадбиркорга автоматик тарзда кредит ёки субсидия берилмайди. Аммо аниқ статистика ва янгиланган бизнес-регистр бизнесга иккита бевосита енгиллик беради.

Биринчидан, 2027 йил 1 январдан бошлаб чораклик танланма статистик кузатувларда микрофирма ва кичик корхоналарни йилига фақат бир марта сўровга жалб қилиш тартиби кучга киради. Бу эса тадбиркорларни қайта-қайта сўровга жалб қилиш ҳолатларини камайтиради.

Иккинчидан, 2030 йилга қадар тадбиркорларнинг статистик ҳисобот юки 20 фоизга қисқартирилади. 2027 йил 1 июнгача (дастлабки) ва 1 сентябргача (якуний) эълон қилинадиган натижалар эса ҳудуднинг реал эҳтиёжига мос инфратузилма ва бизнесни қўллаб-қувватлаш қарорларини қабул қилиш учун асос бўлади

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар