Энди қурувчига пулни уй топширилмагунча беришмайди

22.11.2026 11:40

Қурилаётган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олаётган фуқароларнинг маблағларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун қабул қилинди. 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда маъқуллаб, Сенатга юборган. Ҳужжат ҳали кучга кирмаган. Бунинг учун Сенат маъқуллаши ва Президент имзолаши керак.

Янги тартибнинг асосий жиҳати, харидорлардан олинган пул қурувчининг ҳисобварағига эмас, банкда очиладиган махсус эскроу ҳисобварағига ўтказилади. Маблағлар уй белгиланган талаблар асосида қурилиб, фойдаланишга топширилганидан кейингина девелоперга берилади. Бу механизм қурилиш тугалланмасдан туриб аҳоли маблағларининг бошқа мақсадларга сарфланиши хавфини камайтиришга қаратилган.

Қурувчилар фуқаролардан маблағ жалб қилишдан олдин Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, ваколатли банк билан бош битим тузиши ва лойиҳа декларациясини эълон қилиши шарт. Бу талаблар бажарилмагунча аҳолидан пул йиғишга рухсат берилмайди. Реклама қилиш ҳам белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Харидорлар билан тузиладиган улушли иштирок этиш шартномалари нотариал тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилади. Шартномага киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам худди шу тартибда расмийлаштирилади. Бу бир хонадоннинг бир неча кишига сотилиши, норасмий келишувлар ва шартномадан ташқари мажбуриятлар юзага келишининг олдини олишга хизмат қилади.

Агар қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролардан маблағ жалб қилса, улушдор пулни қайтаришни ва ундан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Қурилиш жараёнида муаммолар юзага келган ҳолатларда эса, ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, лойиҳани молиялаштиришни давом эттириш механизмлари ҳам назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига кўра, қурилиш қийматининг камида 70 фоизи банк кредити, кўпи билан 30 фоизи эса қурувчининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган. Шунингдек, уйни топшириш муддати бузилганда объектни муаммоли деб топиш учун қўшимча олти ой кутиш талаб этилмайди. Қурувчи камчиликларни бартараф этмасдан, фақат товон тўлаш орқали муаммоли объектлар реестридан чиқиб кета олмайди.

Эслатиб ўтамиз, эскроу тизими Президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармони асосида жорий этилган. 2025 йил 1 июлдан у ихтиёрий тартибда қўлланилган бўлса, 2026 йил 1 январдан улушли қурилишда аҳоли маблағларини жалб қилиш фақат эскроу ҳисобварақлари орқали амалга оширилиши белгиланган эди. Янги қонун эса, ушбу тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Унинг талаблари қонун кучга кирганидан кейин қурилишига рухсатнома олинган объектларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу қонун ижтимоий тармоқларда «Марат қонуни» деб ҳам аталмоқда. Бу ном АҚШдаги «Сэмнинг ўғли қонуни» билан қиёслашдан келиб чиққан. 1977 йилда Нью-Йоркда қотилликлар содир этган Дэвид Берковиц «Сэмнинг ўғли» номи билан танилган. У 10 август куни қўлга олинган, 12 августда эса Нью-Йорк губернатори жиноятчиларнинг ўз қилмишлари ҳақида китоб, мақола ёзиш ёки бошқа асарлар орқали топган даромадларини жабрланувчилар манфаати учун йўналтиришга қаратилган қонунни имзолаган. Қонун тарихда «Сэмнинг ўғли қонуни» номи билан қолган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар