«BRB Lizing» МЧЖ бизнес учун янги молиявий имкониятлар яратмоқда

05.11.2026 20:06

«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан тадбиркорлар ва аҳоли учун янги молиявий имкониятлар яратиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Хусусан, шу кунларда «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ таъсисчилигида янги «BRB Lizing» масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлади.

Янги ташкил этилган «BRB Lizing» МЧЖ тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига замонавий асбоб-ускуналар, техникалар, транспорт воситалари ва бошқа асосий воситаларни лизинг ва бўлиб тўлаш шартлари асосида етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган.

«BRB Lizing» МЧЖнинг ташкил этилиши муносабати билан Навоий вилоятида тадбиркорлар ва аҳоли учун мўлжалланган замонавий техника ҳамда кичик ускуналарнинг йирик кўргазмаси ташкил этилди.

Унда мамлакатимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган турли хил илғор ускуналар намойиш этилиб, ташриф буюрувчиларга уларнинг имкониятлари яқиндан таништирилди.

Кўргазмада тадбиркорлар ва аҳоли ўз бизнесини бошлаши ёки кенгайтириши учун қуйидаги қулай шартлар асосида молиялаштириш хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

Микролизинг ва лизинг хизматларининг шартлари:

Молиялаштириш миқдори: микролизинг доирасида 300 млн сўмгача.

Муддати: 12 ойдан 84 ойгача.

Бошланғич тўлов (бадал): ускуна қийматининг камида 20 фоизи.

Йиллик фоиз ставкаси: бошланғич тўловга боғланган ҳолда 14 фоиздан 24 фоизгача (комиссия қарори билан белгиланади).

Жамиятнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Кичик ва ўрта бизнес вакиллари, шунингдек, ўз фаолиятини бошлаётган тадбиркорларга узоқ муддатли лизинг хизматларини кўрсатиш;

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва аҳолига шахсий эҳтиёжлари ҳамда кичик бизнес учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни бўлиб тўлаш асосида ижарага ва лизингга бериш;

Халқаро молия институтлари ва донорларнинг имтиёзли маблағларини жалб этган ҳолда замонавий лизинг объектларини харид қилиш;

Лизинг объектларининг техник ҳолатини тизимли мониторинг қилиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш.

Таъкидлаш жоизки, бу каби кўргазма ва тақдимотлар ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ўтказилмоқда. Энг муҳими, мижозларга қулайлик яратиш мақсадида кўргазма ҳудудининг ўзида кредит расмийлаштириш ва бошқа қатор замонавий банк маҳсулотларидан фойдаланиш имконияти ҳам яратилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар