Киберфирибгарликнинг «нархи» 278 миллиард сўмдан ошди, Telegram аккаунтлари ҳам нишонга айланмоқда

16.11.2026 17:18

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида республикада фирибгарлик оқибатида фуқароларга етказилган моддий зарар 278,3 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан 21,9 миллиард сўми фуқароларнинг Telegram аккаунтларини эгаллаб олиш билан боғлиқ. Атиги 2 808 та ҳолатда қайд этилган ушбу зарар рақамли фирибгарликнинг кўлами ва хавфини яна бир бор кўрсатмоқда.

Марказий банк 2026 йил 13 ноябрь куни эълон қилган маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирлигининг Cardblock платформасида рўйхатга олинган фирибгарлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар Ягона платформа орқали таҳлил қилинган. Ўрганиш 1 январдан 1 октябргача бўлган даврни қамраб олган.


Таҳлил натижаларига кўра, энг кўп зарар мобил қурилмаларга зарарли дастурларни юклаш ва ўрнатиш билан боғлиқ ҳолатларда кузатилган. Бу йўналишда 18 830 та ҳолат қайд этилган бўлиб, фуқаролар 79,3 миллиард сўм маблағдан айрилган.

Телефон орқали амалга ошириладиган фирибгарликлар ҳам катта молиявий йўқотишларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, 611 та ҳолатда фуқаролар алдовга учиб, ўзларига телефон орқали берилган кўрсатмаларни бажарган. Оқибатда 27,7 миллиард сўм зарар етказилган.
Telegram аккаунтларини эгаллаб олиш билан боғлиқ 2 808 та ҳолатда эса 21,9 миллиард сўм моддий зарар қайд этилган. Бу кўрсаткич фирибгарлар учун нафақат банк карталари, балки фойдаланувчиларнинг шахсий аккаунтлари ҳам даромад манбаига айланаётганини кўрсатади. Қўлга киритилган аккаунтлар орқали жабрланувчининг танишлари ва яқинларига унинг номидан хабар юборилиши, пул сўралиши ёки шубҳали ҳаволалар тарқатилиши мумкин.

Шунингдек, сохта савдо платформалари ва трейдинг орқали даромад топиш ваъдалари билан боғлиқ 1 044 та ҳолатда 15,1 миллиард сўм, молиявий пирамида аломатларига эга схемаларга пул киритиш билан боғлиқ 1 086 та ҳолатда эса 14 миллиард сўм зарар қайд этилган.


Интернет орқали маҳсулот ёки хизмат харид қилишда олдиндан тўлов амалга ошириб, ваъда қилинган товар ёки хизматни ололмаган фуқаролар бўйича 3 571 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳолатлардаги зарар 10,5 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, кредитни тўхтатиб бериш баҳонасида фуқаролар номига онлайн кредит расмийлаштириш билан боғлиқ 130 та ҳолатда 10,6 миллиард сўм зарар етказилган. Онлайн ўйинлар учун тўлов жараёнидаги фирибгарликлар эса 272 та ҳолатда 900 миллион сўмлик йўқотишга сабаб бўлган.
Банк карталари ва электрон ҳамёнлардан пул ечиб олинган, аммо мурожаатларда фирибгарлик тури аниқ кўрсатилмаган ҳолатлар сони 11 475 тани, улар бўйича моддий зарар эса 98,1 миллиард сўмни ташкил этган. 


Марказий банк маълумотларига кўра, тезкор чора-тадбирлар натижасида 113,1 миллиард сўм маблағ блокланган. Бу умумий қайд этилган зарарнинг қарийб 40,6 фоизига тенг. Бироқ блокланган маблағларни жабрланувчиларга тўлиқ қайтарилган пул сифатида талқин қилиш тўғри эмас.
Шу билан бирга, фирибгарлик деб гумон қилинган айрим пул ечимлари аслида кредит қарздорлигини автоматик ундириш билан боғлиқ бўлиб чиққан. Жумладан, 2 737 та мурожаат ўрганилганда, банклар томонидан кредит тўловлари учун автоматик ундирув амалга оширилгани аниқланган. Бу ҳолатлардаги маблағлар 7,6 миллиард сўмни ташкил этган. 

Telegram аккаунтларини эгаллаб олиш усуллари ҳақида давлат идоралари ҳам бир неча бор огоҳлантириш берган. Хусусан, Киберхавфсизлик марказининг UZCERT хизмати мониторингига таяниб эълон қилинган огоҳлантиришларда фирибгарлар ўзларини давлат ташкилоти ходими сифатида таништириб, фуқаролардан SMS ёки Telegram орқали келган тасдиқлаш кодларини сўраётгани қайд этилган. Бошқа ҳолатларда эса, аккаунтга бошқа қурилмадан кирилгани ҳақида сохта хабарлар юборилиб, фойдаланувчилар шубҳали ҳаволалар орқали қалбаки саҳифаларга йўналтирилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар