Ҳар бир олимга умрбод илмий рақам берилади, соҳада ягона электрон реестр яратилади

06.11.2026 11:21

Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳамда олимларнинг ягона электрон ҳисобини юритиш тизими йўлга қўйилади. Бу орқали илмий соҳада фаолият юритаётган субъектларни рўйхатга олиш, улар ҳақидаги маълумотларни жамлаш ва давлат томонидан тақдим этиладиган имкониятлардан фойдаланиш тартиби янада тизимлаштирилади.
 
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги 604-сон қарори билан илмий ва инновацион йўналишда фаолият юритувчи субъектларнинг Реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Ҳужжат 3 ноябрь кунидан кучга кирган.


Янги тартибга кўра, Реестрни Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги махсус ахборот тизими орқали юритади. Унга Ўзбекистонда юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳамда «Ягона миллий меҳнат тизими»да мавжуд бўлган илмий ва инновацион фаолият субъектлари киритилади. Ташкилотнинг фаолият йўналиши унинг илмий ва инновацион фаолият белгилари асосида аниқланади.
 
Реестрга кириш учун ташкилот раҳбари ёки унинг асосий штатда ишловчи масъул ходими Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза юбориши мумкин. Бунинг учун белгиланган шаклдаги сўровнома ва ташкилотни Реестрга киритиш ҳамда унинг номидан иш юритадиган масъул ходимни белгилаш ҳақидаги мурожаат хати тақдим этилади.

 Давлат хизмати бепул кўрсатилади. Ариза қабул қилинган кундан бошлаб тўрт иш куни ичида кўриб чиқилади. Ҳужжатларда камчилик аниқланса, уларни бартараф этиш учун уч иш куни берилади. Белгиланган талабларга жавоб берган ариза бўйича ижобий хулоса чиқарилганидан кейин бир иш куни ичида ташкилотни Реестрга киритиш тасдиқланади. Ташкилот рўйхатга олингани ҳақидаги маълумотномани электрон тарзда олиши мумкин.
 
Шунингдек, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга илмий идентификация рақами берилади. Ушбу рақам бир марта ажратилади ва шахснинг бутун илмий фаолияти давомида ўзгармайди. Шу тариқа олимнинг шахсий маълумотлари ўзгарган тақдирда ҳам унинг илмий идентификация рақами сақланиб қолади. Рақам бериш ҳам бепул амалга оширилади.


Реестрга киритилиш ташкилотлар учун шунчаки рўйхатдан ўтиш билан чекланмайди. Улар Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан жорий этилган тегишли ахборот тизимларидан, жумладан, шахсий кабинетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу эса илмий ва инновацион лойиҳалар, танловлар ҳамда соҳавий дастурларда иштирок этиш учун зарур ахборот инфратузилмасидан фойдаланишга йўл очади.
 
Янги тизимни босқичма-босқич ишга тушириш белгиланган. Жумладан, 2027 йил 1 январга қадар Реестрни шакллантириш ва юритишга мўлжалланган махсус ахборот тизими ишлаб чиқилади. 2027 йил 1 февралга қадар ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида йўлга қўйилади. 2027 йил 1 апрелга қадар эса Реестрга киритилган ташкилотларнинг маълумотлари асосида илмий ва инновацион фаолиятга оид ягона электрон база ишга туширилади.


Мазкур база орқали соҳадаги маълумотлар умумлаштирилиб, статистик кўрсаткичлар шакллантирилади ва улар идоралараро интеграция платформаси орқали Миллий статистика қўмитасига тақдим этиб борилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар