Куни кеча кўтарилган чангли бўрон барчани бирдек ваҳимага солиб қўйди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу куни тез тиббий ёрдамга мурожаат қилувчилар кескин ортганини қайд этди.
Бир кунлик чанг тўзонга қаттиқ хавотир олдик, аммо доим биз тўқнаш келадиган тамаки тутуни ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
Ўзбекистонда жамоат жойларда тамаки чекишни чекловчи қонун бўлишига қарамай одамлар бунга риоя қиладими?
Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш бўйича қонун лойиҳаси киритилган. Унда ёпиқ жой ва биноларда тамаки чекишни тақиқлаш кўзда тутилган. Аммо, мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасида бизда кенг жамоатчиликнинг фаоллиги сезилаётгани йўқ. Аслида, тамаки маҳсулотларини ёпиқ жой ва биноларда чекишни тақиқлаш борасида фуқаролар позициясини ўрганиш ўта муҳим.
Бу борада жаҳон тажрибаси қандай?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси 8-моддасининг талабларига мувофиқ ҳар бир давлат тамаки тутунидан 100 фоиз ҳоли бўлган муҳитни таъминлаши лозим.
Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига 2012 йил 24 апрелда қўшилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, ёпиқ жой ва биноларда чекувчилар учун махсус жойларни ажратиш соғлиқ учун хавф-хатарни бартараф этмайди. Ҳар қандай замонавий вентиляция тизимлари ва ҳавони тозалаш технологиялари тамаки тутунини йўқотмайди ва унинг таъсиридан тўлиқ ҳимоя қилмайди.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, чекишни чеклашга қаратилган комплекс қонунлар камида 60та мамлакатда, шу жумладан, даромад даражаси ўрта ва паст мамлакатларда қабул қилинди.
Арманистон, Грузия, Молдова, Тожикистон, Украина, Қирғизистонда аксарият ёпиқ жамоат жойларида чекиш мумкин эмас. Россияда жамоат жойларида чекиш тўлиқ тақиқланган, чекиш учун махсус жойлар фақат олис сафарда бўлган денгиз кемаларида, кўп квартирали уйларда ва аэропортларнинг транзит ҳудудларида ажратилиши мумкин. АҚШ, Аргентина, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Хитой, Канада, Туркия ва кўплаб бошқа мамлакатларда умумий овқатланиш корхоналари (қаҳвахоналар, ресторанлар, барлар ва ҳ.к.)нинг ёпиқ хоналарида чекиш тақиқланган.
Чеклаш натижа берадими?
АҚШда 2012 йилда ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, чекишни чеклаш тўғрисидаги комплекс қонунлар нафас олиш аъзолари касалликлари туфайли касалхоналарга ётқизишлар хавфини, айниқса, астма ва ўпка инфекцияларини 24 фоизга, болалардаги астмани эса 12,5 фоизга пасайтирган.
Сиз қандай фикрдасиз?
Мазкур мавзуда ижтимоий сўровнома ҳам ўтказилмоқда.
Мавзуга оида мақолалар:
10 ЙИЛДАН БУЁН ИШЛАМАЙДИГАН ҚОНУН: Ўзбекистонда жамоат жойларида чекиш мумкинми?
Ўзбекистонда носвой сотуви қонунан чекланмайдиган бўлди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги носвой тайёрлаш ва сотишни тақиқлашни таклиф этмоқда