Ноқонуний сотилгани айтилган ДХХнинг собиқ “Марказий бино”сини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов фарзандига тегишли компания эгаллаган эди. Энди иккинчи, қонунга яна хилоф равишда сотилаётган катта тарихий объект “Геология музейи” биносини кимнинг компанияси олиши мумкин?
Маданий мерос объекти бўлган ва сотилиши қонунан тақиқланган яна бир тарихий мажмуа — Геология музейи биноси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан аукционга қўйилди.
Тарас Шевченко кўчасида жойлашган Геология музейи 1928 йилда қурилган. Ушбу объект Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрь санасидаги 846-сонли қарорига кўра, архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган ҳамда ушбу қарорда мазкур бино бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли унга гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмаслиги қайд этиб ўтилган.
Маълумки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, давлатга тегишли бўлган моддий маданий меросни сотувга қўйиш қонун билан тақиқланган. Яъни “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.
Аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги эълонига кўра, мамлакатнинг амалдаги қонунларида сотилиши мумкин бўлмаган объект бошланғич нархи 27,6 млрд. сўм билан очиқ савдога қўйилди. Аризалар шу йилнинг 7 августгача қабул қилинади ва халқ мулки ҳисобланган, маданий мерос бўлган “Геология музейи” савдолари 9 август куни бўлиб ўтиши кўрсатилган.
Музей қонунчиликдаги тақиқларга қарамасдан Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан аукционга қўйилаётган иккинчи тарихий объектдир.
Жорий йилнинг 17 июнь санасида агентлик маданий мерос объекти ҳисобланган ДХХнинг собиқ марказий биноси Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли раҳбарлик қилаётган Metropol Group компаниясига 210.0 миллиард сўмга сотилганини эълон қилган эди.
Rost24.uz ахборот сайти ДХХнинг собиқ биноси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрь санасидаги 846-сонли қарорига кўра, Давлат хавфсизлик хизматига тегишли бўлган “Марказий бино” архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган ҳамда ушбу қарорда мазкур бино бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли унга гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақида ёзган.
Бироқ нима учундир Ўзбекистонда бинолар қонунга хилоф равишда сотилгани бонг урилганига қарамай бирорта давлат органлари томонидан мазкур масалага муносабат билдирилгани ёки ойдинлик киритилгани йўқ. Тарихий маданий мажмуалар, халқ мулки бўлган бинолар эса сотилишда давом этмоқда.