Янгийўлдан Тошкентга пиёда қатнаган пайтларим ҳам бўлди

17.02.2024 11:19

Гулжамол Шалова 60 ёшда. Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилади.

Асли Қозоғистонда туғилиб ўсган қаҳрамонимиз илк марта Тошкентга ўқиш учун келган, бу ерда тарбиячи мутахассислиги бўйича ўқишни битиргач, яна Қозоғистонга қайтиб кетади. Турмуш қуриб икки фарзанднинг онаси бўлгач, тақдир тақозоси билан яна Тошкентга кўчиб келади.

- Йигирма иккита одам бор эди келин бўлган жойимда, аммо жуда иноқ эдик. Мен уларни, улар эса мени тушунар эди, – дейди қаҳрамонимиз.

- Аслида Тошкент ҳавосини жуда ёқтирар эдим, турмуш ўртоғимга ҳам бу ер жуда ёққан. Тошкентга келгач, жуда кўп жойларда ишлаб кўрдим, магазинларда ишладим. Қизимни чиқариб, ўғлимни уйлантирдим. Кейин дугонам Тошкентда иш бор деди. Ўзим учун ҳам ишлашим керак деб, 2011 йилдан ободонлаштиришга ишга кирганман. Мен ишга келганимда Навоий кўчадаги бу бинолар йўқ эди. Ишимни жуда яхши кўраман, ҳаттоки карантин пайтлари ҳам Янгийўлдан пиёда келиб, 10 кун бир ўзим ишлаганман, – дейди Гулжамол Шалова.

Ўз касбини сидқидилдан бажарадиган, эрталабдан куннинг совуғи ёки иссиғига қарамасдан ҳар куни ишга отланадиган қаҳрамонимизнинг жамоадошлари билан ҳам суҳбатлашдик. Улардан ҳам ишда юзага келадиган қийинчиликлар ҳақида сўрадик.

- Асосан бизга қиш фаслида қийинроқ бўлади. Лекин шу пайтларда ҳам музларни кўчириб, тозалаб қўямиз. Ҳар куни ишга вақтида етиб келиш учун соат 4:30 дан ҳаракатни бошлаймиз. Соат 7:00 да ҳамма шу ерда, формада, ишда бўлади. У пайтда ҳали шаҳардагилар уйғонмаган бўлади. Шаҳардагилар туриб, ишига чиққунича биз уларнинг йўлларини чиройли қилиб тозалаб қўйишга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳар куни қатнайдиган автобус ўзимизнинг ҳисобимиздан. Бизга давлат ҳеч қандай ёрдам кўрсатгани йўқ. Тошкент вилояти, Чиноз туманидан келамиз. Ойликнинг 25 фоизи йўл ҳаққига кетади. Биз илтимос қилган бўлардик, давлат томонидан транспорт билан таъминлашларини, битта автобусда 42 та одам бўлиб келамиз. Тушлик ҳам ўзимизнинг ёнимиздан. Давлат томонидан бизга жой ҳам ажратилмаган. Бизга транспортга шароит яратиб берса бўлди. Чунки шароитингиз яхши бўлса, ишлашга куч ва ғайрат билан келасиз, – дейди ободонлаштириш ходимлари Rost24.uz га берган интервьюсида.

Ҳар бир ишда қийинчилик бор. Лекин биз ҳали уйқудан уйғонмаган пайтимизда ободонлаштиш ходимлари ишга кетиш учун тайёрланаётган бўлади. Биз иш, ўқиш учун отланган пайтимизда эса, улар аллақачон кўчаларни тозалаб бўлишади.

Ҳар нарсага шукр қиладиган, ишда дуч келадиган муаммоларни четлаб, ҳатто уларни оддий ҳол деб ҳисоблайдиган қаҳрамонимиз орзулари ҳақида ҳам гапирди.

- Онажоним ўнта фарзандни дунёга келтирди, катта қилиб тарбия берди. Битта орзуйим – онамни "Бу менинг онам" кўрсатувига  олиб чиқиш. Онамга буни айтмаганман, лекин ният қилганман. Сингилларимга айтганман, ҳали онамни шу кўрсатувга албатта олиб чиқаман деб, – дейди Гулжамол Шалова.

13 йилдан буён транспортда 1 соатлик йўлдан ҳар куни эрталаб қатнаб ишлаётган қаҳрамонимизни ҳақиқий фидойи инсон десак бўлади. Пойтахтнинг озодалиги учун Янгийўлдан ҳаттоки, пиёда келган Гулжамол Шаловани ҳақиқий ўзбек аёли десак ҳам муболаға бўлмайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар