Жорий йил 30 сентябрь куни Марказий банк республика ташқи қарзи бўйича маълумот берди. Таҳлилга кўра, хориждан олинаётган кредитлар миқдори ортиб бормоқда.
Рекорд миқдордаги кредитлар
2025 йил I ярмида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларга етди. (I чоракда 68,4 млрд доллар эди). Бу тарихий миқдор бўлиб, хорижий кредитларнинг 36,8 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 35,4 млрд долларини корпоратив ташқи қарз ҳисобланади.
Таққослаш учун, 2024 йил мос даврида республика жами ташқи қарзи 56,6 млрд доллар бўлган. Шундан 31 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 25,6 млрд доллари корпоратив ташқи қарзлар эди.
Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон умумий ташқи кредитлари улуши аҳоли жон бошига 1 907 доллардан тўғри келмоқда.
II чоракда қарзлар қанчага кўпайди?
Жорий йил II чорагида мамлакат умумий ташқи қарзи 3,8 млрд долларга, 2024 йил I ярми билан солиштирилганда 15,6 млрд долларга кўпайган.
Апрель–июнь ойларида давлат ташқи қарзи 1 млрд долларга, бир йиллик ҳисобда эса 5,8 млрд долларга ошган.
Корпоратив қарзлар уч ойда 2,8 млрд долларга, бир йилда 9,8 млрд долларга кўпайган.
Марказий банк таҳлилига кўра, корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор, жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган ташқи қарзлар акс эттирилади.
Бу йил давлат қарзи қанчага етади?
Давлат қарзи 2025 йил якунида 45,1 миллиард долларга етиши прогноз қилинган. Бу йил якунида кутилаётган ялпи ички маҳсулотга (125 млрд доллар) нисбатан 36,7 фоизга тенг дегани. Жорий йилда 5,5 млрд доллар миқдоридаги ташқи қарз олиниши белгиланган. Шундан 3 млрд доллари бюджетни қўллаб-қувватлашга, қолган 2,5 млрд доллари инвестиция лойиҳалари учун йўналтирилиши кўзда тутилган.
2026 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 140 млрд доллардан ортиши прогноз қилинмоқда. Дастлабки таҳлилларда макроиқтисодий ҳамда фискал кўрсаткичлар барқарорлиги таъминланса, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати келаси йили 37,9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу давлат қарзи 53 млрд доллардан ортишини англатади.