Корзинка Кореянинг Dongwon F&B компанияси билан Ўзбекистонда илк тўғридан-тўғри импорт шартномасини имзолади

06.10.2025 14:45

— Марказий Осиё давлатларига Корея Республикасининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш йўлга қўйилди.

— Ўзбекистондаги йирик супермаркетлар тармоғи — Корзинка илк бор Кореядан бевосита импортни бошлади. Ҳалол сертификатга эга маҳсулотларни ўз ичига олган ҳолда, Марказий Осиё давлатларида Корея Республикасининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини барқарор импорти ва таъминоти учун мустаҳкам пойдевор ўрнатилди.

Ўзбекистоннинг энг йирик супермаркетлар тармоғи Корзинка Кореянинг Dongwon F&B компанияси билан тўғридан-тўғри импорт шартномасини имзолаб, маҳаллий мижозларга юқори сифатли корейс озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун муҳим асос яратди. Мазкур шартнома Корзинка тарихида илк бор Кореядан бевосита маҳсулот импорт қилинаётганини билдиради. Шу билан, аввал учинчи давлатлар орқали амалга оширилган импорт тизимидан воз кечилиб, янада барқарор ва янгилиги сақланган таъминот тизими йўлга қўйилди.

Импорт қилинадиган маҳсулотларга Dongwon F&Bнинг машҳур консерваланган туна балиғи маҳсулотлари киради: ▲ Лаҳм туна балиғи ▲ Сувдаги туна балиғи ▲ Кимчили туна балиғи ▲ Аччиқ туна балиғи ▲ Жуда аччиқ туна балиғи ▲ Барбекю таъмли туна балиғи ва бошқалар бўлиб, умумий ҳажми қарийб 110 минг донани ташкил этади. Айниқса, айрим маҳсулотлар Ҳалол сертификатига эга бўлиб, мусулмон истеъмолчиларнинг хавфсизлик ва сифат талабларига тўлиқ жавоб беради.

Dongwon гуруҳи 1969 йилда бир дона океан кемаси билан фаолият бошлаган бўлса, бугунги кунда глобал озиқ-овқат ва логистика компаниясига айланган. 2024 йилда гуруҳнинг умумий айланмаси тахминан 6.5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. 2008 йилда эса АҚШнинг энг йирик туна балиқларини консервалаш компанияси “Star Kist”ни сотиб олди ва ҳозирда АҚШ консерваланган туна балиғи бозорининг 50% дан ортиғини эгаллаб турибди. “ Star Kist” йилига қарийб 800 млн АҚШ доллари даромад келтириб, Dongwon гуруҳининг халқаро фаолиятини кенгайтиришда асосий рол ўйнамоқда. Шунингдек, яқинда Кореянинг машҳур қўшиқчиси — BTS гуруҳи аъзоси Жин иштирокида ўтказилган “Super Tuna” PR тадбири бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Корзинка вакилининг айтишича, “Dongwon F&B билан бу ҳамкорлик нафақат оддий тўғридан-тўғри импорти, балки Марказий Осиё бозорида Корея Республикасининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари қиёфасини мустаҳкамлаш, шунингдек, мижозларга янада хавфсиз ва юқори сифатли маҳсулотларни тақдим этишда муҳим бурилиш нуқтасига айланади”.

Dongwon F&B ушбу шартномани амалга ошириш учун қарийб икки йил давомида бозор тадқиқотлари, маҳаллийлаштириш стратегияси ҳамда доимий музокараларни олиб борди. Бу жараёнда ҳалол маҳсулот сертификати олиш, таркибий қисмлар таҳлили, Ўзбекистонда хорижий импортчи сифатида рўйхатдан ўтиш каби кўплаб жараёнлар амалга оширилди ва бунда икки давлат ҳукумати, элчихоналари ҳамда тегишли ташкилотларнинг кўмаги муҳим рол ўйнади.

Корзинка эса мазкур шартномани асос қилиб, Ўзбекистон бўйлаб фаолият юритаётган 170 дан ортиқ дўконлари  ва онлайн платформаси орқали  Dongwon F&B маҳсулотларини тақдим этишни режалаштирмоқда. Узоқ муддатда эса Марказий Осиёнинг қўшни давлатларига ҳам савдони кенгайтириш мақсад қилинган.

Натижада Ўзбекистон истеъмолчилари маҳсулотларнинг янада барқарор таъминоти, ҳалол маҳсулотлар ассортименти  кенгайиши ва бошқа турли хил афзалликларни амалда ҳис қилишлари кутилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар