Бугун, «Истиқлол» мажмуасининг қурилиши масаласида “Марказий универмаг” ёнидаги хиёбонда жамоатчилик билан учрашган пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлат тилини билмаган фуқароларга рус тилида гапиришга мажбур эмаслигини билдирди.
Ортиқхўжаевдан рус тилида гапиришни сўраган фуқароларга «Ўзбекча гапиряпман, Ўзбекистонда яшаяпман, ўзбекча гапиряпман. Хоҳласангиз «переводчик» олинг ёнингизга», дея жавоб қайтарган.
Шу вақтгача аксарият амалдорлар даврада русийзабон фуқаролар бўлса, давлат тилида эмас, рус тилида сўзлар эди.
Хусусан, ёз ойида Тошкентда “Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан ўтказилаётган "Ёш киноматографлар фестивали"да Бош вазир ўринбосари Бегзод Мусаев саҳнада туриб рус тилида нутқ сўзлашни маъқул кўрган эди.
Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам бемалол ўзбек тилида сўзлаша олиши билан мақтана олмайди. 2018 йил 12 январь ойида Миллий матбуот марказида ўтган тадбирда мазкур амалдор конференцияда 15 кишининг ичида 2 нафар русийзабон бўлгани учун рус тилида сўзлашни маъқул топган ҳамда ўзбек тилида савол берган журналистларга ҳам рус тилида жавоб қайтарган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Илхом Абдуллаев ҳам очиқ матбуот анжуманларида фақатгина рус тилида гапиришни маъқул кўради.
Шу вақтгача рус тилида гапиришни сўраган фуқаролардан биронта амалдор таржимон билан юришни сўрамаган ва Ўзбекистонда давлат тилида гапираётгани, бошқа тилда сўзлашга мажбур эмаслигини эслатмаган эди. Бу борада, яъни 30 йилдан бери жуда кўпчилик амалдорлар қўрқиб айтолмаган сўзни бугун Жаҳонгир Ортиқхўжаев журъат билан айта олган ҳозирча ягона амалдор бўлиб турибди.