Пул айирбошлаш амалиётига киритилаётган ўзгартириш юзасидан Марказий банк муносабат билдирди.
Муносабатда валюта айирбошлашдаги чекловлар – қулайликлар яратиш, қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш – соддалаштириш дея изоҳланган
Бир неча кун аввал Марказий банк томонидан Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш юзасидан лойиҳа тайёрланиб умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов томонидан таклиф қилинган мазкур қонун лойиҳасида хўжалик юритувчи субъектлардан валюта айирбошлаш учун бир нечта қўшимча ҳужжатлар талаб этилиши белгилаб қўйилган.
Яъни, улар қуйидагилар ҳисобланади:
— Валюта операциясини амалга ошириш учун тузилган контракт (шартнома, битим, инвойс);
— Чет эл валютадаги лизинг ва кредитларга хизмат кўрсатишда – асосий сумма ва фоиз тўловларини қайтариш жадвали;
— Хорижий инвесторларнинг фойдаси, дивидендлари ва бошқа даромадларини репатриация қилишда – фойда тақсимланганлиги ва дивидендлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат, аудиторлик фирмаси ёки солиқ органининг хулосаси ҳамда даромад солиғи тўланганлиги тўғрисидаги солиқ органларининг тасдиқномаси;
– Қоидаларнинг 17–19 бандларига мувофиқ, норезидентлар томонидан маблағларни уларнинг чет элдаги ҳисобварақларига ўтказишда – миллий валютадаги маблағларнинг қонуний йўл билан топилганлигини асословчи ҳужжатлар тақдим этилиши керак.
Мазкур қонун лойиҳаси эса жамоатчилик томонидан каттагина эътироз ва қаршиликларга сабаб бўлди.
Муҳокама давомида лойиҳага келаётган эътироз ва таклифлар юзасидан Марказий банк муносабат билдирди.
“Мазкур ҳужжатга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар валюта операцияларини чеклаш ёки қатъийлаштиришни эмас, балки амалда мавжуд нормаларга аниқлик киритиш, айрим операцияларни амалга ошириш жараёнини янада соддалаштириш, тарқоқ нормаларни умумлаштиришни назарда тутади”, – дейилади Марказий банк муносабатида.
Шунингдек, Марказий банк томонидан қонун лойиҳасига билдирилган изоҳларда қуйидаги жиҳатлар ҳам оқлов сифатида санаб ўтилган:
— Янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш;
— Амалдаги нормаларни турли хил талқин қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олишда банкларга тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни аниқ белгилаш;
— Чет эл валютасини сотиб олиш буюртманомаларини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш;
— Хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда норезидент жисмоний шахсларга валюта операцияларини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш;
— Банк кассалари орқали мижозларга нақд чет эл валютасини чиқим қилиш билан боғлиқ нормаларни умумлаштириш.
Марказий банк сўнгги икки ой ичида иккинчи бор валюта айирбошлашга чеклов ўрнатишга уриниб кўрмоқда. Жорий йил 15 сентябрь куни Марказий банк ўзининг ички қарори билан валюта айирбошлашга чеклов ўрнатган эди. МБнинг бу ҳаракати жамоатчиликда катта эътирозларга сабаб бўлганидан сўнг, банк бу қарорини бир суткадан кейин - 16 сентябрь куни бекор қилди.
Бу сафар эса янги қонун билан валюта айирбошлашни мураккаблаштириш орқали чекловлар ўрнатиш учун илк қадам ташланмоқда.