Конвертация балоси яна қайтиши мумкинми?

16.09.2023 11:08

Ўзбекистон Марказий банки 18 сентябрдан бошлаб тижорат банклари учун валюта операцияларига қўйиладиган талабларни кучайтирмоқда.

"Газета.уз"нинг хабар беришича, бу ҳақдаги қарор 15 сентябрь куни Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси ўтказган йиғилишида, сўнгра тартибга солувчи орган раҳбарияти томонидан қабул қилинган.

Қарорга кўра, 18 сентябрдан тадбиркорлик субъектларининг валюта операциялари фақат асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали амалга оширилади. Конвертация учун миллий валютадаги маблағларни бошқа банклардаги иккиламчи ҳисобварақларига ўтказиш ҳам тақиқланади.

Ўзбекистонлик иқтисодчилардан бир нечтаси мазкур қарорга ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ўз муносабатини билдирди.

Отабек Бакиров - иқтисодчи, "Бакироо" телеграм канали юритувчиси:

Авваламбор, шахсан мен бу Марказий банкда қабул қилинган қарор деб ўйламайман. Чунки қонун бўйича мустақил Марказий банкда бундай қарорлар қабул қилиниши мумкин эмас, агар қабул қилинган бўлса, демак Марказий банк мустақиллигини бутунлай йўқотиб бўлган.

Бу дежавью, ўта қўрқинчли такрор. Агар бу чекловларга индамай рози бўлиб кетаверсак, охирги 27 йилда иккинчи ва учинчи марта бир даҳшатли хатони такрорлашга кўнсак, демак, халқ ва миллат ўлароқ эркин иқтисодиёт, очиқ бозор ва ҳуқуқий давлат қуришга ҳақли эмасмиз. Шахсан мен бунга рози эмасман. Рози бўлмайман!

Абдулла Абдуқодиров - иқтисодчи, собиқ молия вазири ўринбосари:

Таклиф қилинаётган чоралар бюджет тушумларига вақтинча ижобий таъсир кўрсатиб, 5 ойдан кейин яна масалани кўндаланг қўяди: ишлаб чиқариш хажми торайиши, солиқлар ва ташқи савдо тушуми камайиши, импорт кучайиши, реал даромадлар тушиши, бюджетдан умидлар ўсиши. Чархпалак!

Беҳзод Ҳошимов - иқтисодчи, блогер:

Бозорни чеклаш учун қанча яхши ният қилинмасин, барибир нотўғри бўлиб чиқади. Афсус.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар