Яккабоғ туман ҳокими ҳудудидан жаҳон чемпионлари чиқишидан қўрқадими?

27.08.2023 18:25

— Ҳокимлик ёшларни жиноят йўлидан қайтараётган мураббийдан хавфли жиноятчи ясади.

— Яккабоғ туман раҳбарлари ёшларни спортга жалб этишни жиноят, спорт мураббийини эса жамият учун хавфли жиноятчи деб таснифлашди.

— Ижтимоий тармоққа чиққан мураббийга “жиноятчи” тамғасини босиш учун ҳокимликка бўйсунувчи бюджет ташкилотларининг ходимлари “қораловчи” сифатида жалб этилди.

Жорий йилнинг 21 август куни сайтимизда эълон қилинган “Ғалабалар учун иқтидорлар кўп, фақат озгина шароит зарур” номли видеоматериалдан сўнг мутасаддилар бориб, мақолада тилга олинган тўгаракнинг иш фаолиятини тугатиб келишган.

Мақолада Яккабоғ тумани “Шаршарбоғот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўримсиз эски бинода иш бошлаган “Таэквондо” тўгараги фаолияти тўғрисида сўз борган. Тўгаракнинг кўплаб қийинчиликлар билан очилгани, болаларнинг унга қизиқиши, орзу-умидлари, улкан мақсадлари ҳақида ёритилган. Тўгарак ташкил қилинган бинода шароитлар етарли эмаслиги ҳақида сўз бориб, балки бу ҳолатга масъуллар эътибор қаратиши, болалар учун шароит яратиб берилишига умид қилинган эди.

Видео ижтимоий тармоқларда кўриниш бериши биланоқ, Яккабоғ туман ҳокимининг Матбуот хизмати дарҳол видео муносабат тайёрлаган.

«Мураббий Очил Рўзиев ушбу (мактабда ташкил қилинган тўгарак назарда тутилмоқда) тўгарак фаолиятидан ташқари ўзбошимчалик билан қўшимча маблағ топиш мақсадида “Шаршарбоғот” МФЙ идораси биносининг орқа томонидаги таъмирталаб ҳолатдаги бинода тўгарак ташкил этиб, ушбу бинодан фойдаланганлик учун ижара тўлови тўламаслик, ушбу хонадан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ва тўловларсиз фойдаланиб юриш мақсадида ижтимоий тармоққа чиқартирган», — дейилади Яккабоғ туман ҳокимлигининг муносабатида.

Муносабатда айтилишича, ушбу тўгаракка 41-мактаб спорт зали берилгани маълум қилинган. Шу жойда савол туғилади: Бироқ, бу мактабда 2 сменада дарслар бўлгани учун залда бўш вақтнинг ўзи танқис бўлиши яшириб бўлмас ҳақиқат эмасми? Шунингдек, спортдан озгина хабардор инсонлар ҳам яхши билишадики, таэквондонинг мат (гилам)ларини ёйиб, қайта йиғиштиришнинг ўзи кам вақт талаб қилмайди.

Махсус “қоралов” видео материалга мажбуран жалб қилинган 41-мактаб директори ҳам мураббийнинг бу ҳаракати ноқонуний эканлигини ҳеч бир фактларсиз исботлашга ҳаракат қилиб кўрган.

Яккабоғ туман Марказий поликлиникасининг шифокори эса мураббий янги ташкил этган тўгаракда ҳамшира йўқлигини, 41-мактабда эса ҳамшира борлигини айтиб, ўзининг мажбуриятини бажарган. Яна савол туғилади: Катта-катта шифохоналарда мутахассис етишмаётган айни кунда мактабдаги тўгаракларга ҳамшира бириктирилганига ишонишнинг имкони борми?

Қисқаси, Яккабоғ туман ҳокимлиги томонидан тузилган “ишчи гуруҳ” мазкур тўгарак бутунлай ёпиб ташлангани, тўгарак раҳбаридан эса тушунтириш хати ёздириб олинганини мамнуният билан маълум қилишган.

Мазкур “миссия”ни бажарган масъуллар учун юрт келажаги – ёшларни спортга жалб қилиш сиёсатига ҳукумат миқёсида қаратилаётган эътибор, спорт орқали эришилаётган ютуқлар, шу юрт болаларининг қувончлари, орзу-умидлари эмас, ҳудудидаги муаммолар ҳақида хабар берилмаслиги муҳимроқ.

«Таэквондо тўгараги очиб фойдаланиб келинаётган бино жойига бориб ўрганилганда, бино таъмирталаб ҳолатдалиги, санитария ва бошқа талабларга жавоб бермаслиги, бу хонада тўгарак машғулотлари ўтказиш мумкин эмаслиги аниқланган», – дейилади тўгаракни ёпиш учун тузилган махсус ишчи гуруҳ хулосасида.

Ҳокимликнинг спорт мураббийини айбдор қилиш учун келтирган важлари Президентнинг “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (01.07.2020 й.) ПҚ-4771-сон қарорига мутлақо зид келмоқда.

Мазкур қарорнинг 2-бандида бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, давлат мулки объектларини ижарага беришни ташкил этиш, яроқсиз деб топилган объектларни бузиш белгиланган.

Яккабоғ туман ҳокимлиги эса маҳалла биносидан фойдаланиш хавфли деган хулосани бермоқда. Унда нега 3 йил олдин имзоланган Президент қарорига асосан бузиб ташланмаган?

Маълум бўлишича, ўша тўгаракка қатнаган болаларнинг ота-оналари фарзандлари учун ойига 70 минг сўмдан тўлашган. Ўша машғулот хонасини эпақага келтириш, у ердаги жиҳозлар учун қанча пул сарфланган деб ўйлайсиз? Қолаверса, маълум бўлишича, тўгаракка қатновчи болалар орасида текинга шуғулланадиганлари ҳам анчагина, улар орасида боқувчисини йўқотган, чин етим, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳам бор экан.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар