Ғалабалар учун иқтидорлар кўп, фақат озгина шароит зарур

21.08.2023 08:07

Бу юртдан кўплаб чемпионлар чиқиши мумкин, агар тўсқинликлар бўлмаса…

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Шар-шар маҳалласи болалари ҳар куни ўзларининг севимли машғулоти -  Таэквондо тўгараги томон ошиқишади.

Ёш мураббий Очил Рўзиев 5 ой олдин Ўзининг маҳалласидан спортга иштиёқи баланд ёшлардан чемпионлар тайёрлаш ниятида иш бошлаган эди. Бошида кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Ота-оналар қаршилиги ва моддий етишмовчиликлардан сабр ва матонат билан ўтди.

Мураббий шогирдлари билан маҳалла биносининг қаровсиз бир хонасини таъмирлаб, бир амаллаб чидаса бўладиган эпақага келтиришди. Бироз шу ихчамгина хонада шуғулланишни бошлашганида тўгаракка қизиқувчи ёшлар сафи яна кенгая бошлади.

Мураббий машғулот залини кенгайтириш учун маҳалланинг бошқа бир каттароқ хароба хонасини таъмирлаб яна иш бошлади.

Юқори ареналарда чемпион бўлиш орзуси билан тер тўкаётган ёшлар ўзлари ўзларига шароит яратган ҳолда олға интилишмоқда.

Спортга чанқоқ ёшларнинг бу интилишлари бесамар кетаётгани йўқ. Шуғулланишни бошлаганига эндигина 5 ой бўлган болалар энг замонавий ва барча қулайликларга эга спорт залларида шуғулланган спортчилардан ғолибликни тортиб олишни бошлашди.

Энг асосийси, бу ёшларда Таэквондо билан шуғулланишлари учун қулай шароит бўлмасада қизиқиш ва интилиш бор, мақсади аниқ, нияти холис мураббийи бор.

Шу вақтгача фақат кўча чангитиб юрган Яккабоғ туманидаги Шар-шар маҳалласининг ёшлари энди олдиларига буюк мақсадларни қўйишди. Улар жахон ареналарида ўз қўллари билан юрт байроғини кўтаришни мақсад қилишган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар