Амир Темур динига ҳурмати баланд мусулмон эди, – туркиялик тарихчи олим

06.07.2023 20:45

Амир Темур мусулмонмиди?

Ушбу саволга туркиялик тарихчи олим Аҳмат Анапали фактлар билан жавоб берди.

Шунингдек, унинг рақиби бўлсада турк ҳукмдори Йилдирим Боязидга муносабати ҳақида ҳам кўпчилик билмаган маълумотларни келтирди.

Тарихчи олимнинг сўзларига кўра, Темур ҳақиқий мусулмон эди, яъни эътиқодига кўра сунний мазҳабига мансуб бўлиб, мазҳабига ҳурмати жуда баланд мусулмон бўлган.

"Темур фақат ўзини энг буюк одам деб билар эди. Унинг шундай сўзлари бор эди, "Юқорида ягона бир Аллоҳ бор, ерда ҳам ягона бир ҳукмдор бўлиши керак ва у мен бўламан! Юқорида Аллоҳ, пастда Темур". Бу ғоя ортидан атрофидаги ҳамма ҳукмдорлар билан жангга кирди. Бу жанглар ортидан қисқа фурсатда йирик ва қудратли давлат бунёд қилди. Бу давлат Ўрта Осиё ва Ҳиндистонгача кенгайди. Россия ерларига ҳукмдор бўлди. Анадолу, Эронгача келди.

Темурнинг бир даъвоси бор эди. Темур Боязид Йилдиримга “Менга тобе бўл”, деб даъво қилди. Мен Амирман ва дунёдаги ягона ҳукмдор менман, деди. Уларнинг орасида 20 ёш фарқ бор эди. Йилдирим ёш, Темур эса улуғ ёшда. Ўрталаридаги мактуб алмашмаларида “Менга итоат қил, мен хонман, сен итоатимдасан”, деркан. Темур ҳар доим қардошим, динқардошим, диндошим деб одоб билан мурожаат қилиб хатлар юборган. Йилдирим эса мактубларида “қутурган кўппак, қутурган от гўшти еган варвар" деб ҳақоратлаб ёзар эди.

Тахминан, 1396 йилда Усмонли давлати кенгайиб, Европадаги христианларга қўрқув сола бошлайди, Европани мусулмон ўлкаси қилиш режалаштирилган эди. Бу орада Шарқда Темур Хитойга таҳдид солаётган эди.

Бугунги кундаги Ҳиндистондан ажралиб чиққан Покистон давлати Амир Темур Ҳиндистондаги аҳолини мусулмон қилиши ортидан ташкил топган. Темур мусулмон қилган ҳиндлар тўпланиб Покистон бўлган. Бугун Покистон деган давлатнинг борлиги Темурнинг хизмати сабабдир.

Ҳиндистонга йўл оларкан, 30 кунда, яъни, бир ойда 20 та жанг ўтказди ва ҳаммасида ғолиб бўлди. Ҳар бир шаҳарни жанг билан олди. Дам олиш, тўхташ, ухлаш, ачиниш йўқ. 30 кунда 20 та жанг ва ҳаммасида ғалаба қозониш - бу дунё рекорди.

У Ҳиндистонни қўлга киритиб, кўп инсонларни мусулмон қилди. Туркиянинг озодлик жангида Ҳиндистондаги мусулмонлардан моддий ёрдам келганини ёдга олайлик: у ердаги аёллар билак узуклари, зираклари, олтинларини сотиб пулларини жўнатишган эди. У инсонларнинг боболарини эса Темур мусулмон қилган эди.

Темур Россияни ҳокимиятга қўшди. Олтин ўрдани йиқитиб, Россияни қўлга киритди.

1396 йилда Йилдирим Боязид Истанбулни забт этмоқчи эди. У 13 давлат қўшини билан Болгарияда жанг қилди. Ҳаммасини енгди. Бу орада Темур унга мактуб юбораркан, унда “Эй султон Боязид сен билан жангимиз аниқ. Бир кун албатта учрашамиз ва албатта кучларимизни синаймиз. Сен зўрми ёки мен, буни бир кун бутун дунё кўради, аммо у кун бугун эмас. Сен Ислом номини, ислом байроғини ғарбга қарата кенгайтиришга уринмоқдасан ва кофирлар билан жанг қилмоқдасан, сенга ҳужум қилмайман. Кофирлар устидан ғалабанг учун дуода бўламан. Агар истасанг ғалабанг учун 20 минг аскаримни сенга жўнатаман. Ёрдам бўлсин, менинг аскарларим, сен билан бирга жанг қилсин. Бу оддий жанг эмас, бу Исломнинг жанги. Ғайридин ва кофирларни енг, ғалабангда менинг ҳам ёрдамим бўлсин”, деб ёзади.

Аммо Йилдирим бунга жавобан “Менга ёрдамга ҳаракат қилма, қўрқсанг қўрқдим деб айт, қутирган кўппак, мен ҳам ғарб билан, ҳам сен билан жанг қилишга тайёрман. Истасанг ҳам улар билан, ҳам сен билан жанг қиламан” деб жавоб беради.

Жангларда Йилдирим ғалаба қозонади, Темур унга табрик мактублари йўллайди, бу Амир Темурнинг буюклигини исботлайди.

Боязид 1402 йилда Темурнинг қўшин тўплаб келаётганини билади ва улар Анқаранинг Чубук текислигида учрашади. Темурнинг 600 минглик қўшини бор эди, аммо бу жангда қанчаси қатнашгани маълум эмас. Йилдирим Боязиднинг эса 200 минг қўшини бор эди. Анқара жангида Йилдирим Темурни енгиши мумкин эди. Аммо у ўзига ёрдамга келган Анадолу бекларини жуда қаттиқ ҳақорат қилиб, катта тарихий хатога йўл қўйди. Бу ҳақоратлардан сўнг, беклар Усмонли қўшинидан чиқиб, Темурга қўшилади. Бу эса Йилдирим қўшинини заифлаштирган эди.

Темур ҳали охирги чораси – махсус боқилган ҳинд филларини қўлламаган эди.

Йилдирим жаҳлига, ғазаби ва ҳирсига енгилиб, Темурнинг 70 минглик қўшинига қарши жангга киради. Темур бу вазиятдан фойдаланиб, Йилдиримни асирга туширади ва Усмонли қўшини мағлуб бўлади.

Йилдирим эса "Анқара жангида ғалаба қилишим билан Темурни ҳайвон қафасига солиб, бутун шаҳарни айлантираман", деган эди. Темурнинг олдига Боязидни келтиришганда унинг сўзларини эслатишади. Темур эса бу вазиятда “Қаршимда турган турк ҳукмдори, мен турк ҳукмдорига бундай қилмайман”, дейди. Ва уни ўзи каби бир саройда яшатади. Темур уни ҳайвон қафасига солмайди, нега? Чунки у Йилдиримдан ўзгача ва буюк даҳо бўлгани учун ундай қилмайди.

Анқаранинг Чубук текислигидаги жангни филлар ҳал қилган ва улар сабаб жангда ғалаба қозонилган. Филлар қўмондони Эсон Буга бўлган. Бу ном эса вақтлар ўтиши билан ўша жойда қурилган ҳозирги аэропортга қўйилган. Бугун Анқара аэропортининг номи Эсон Бугадир. Усмонлини енгган бир душманнинг исми  бугун Туркия давлати пойтахтининг бош аэропортига қўйилган.

Темур 1405 йилда Анадолуни, Россияни, Ҳиндистонга қадар ҳамма жойни ўз ҳукмронлиги остига олган буюк давлат барпо қилди. У 1405 йилда Хитойга юриши чоғида вафот этади. Темур умрида тўшакка ётиб қолмаган, у ҳудуддан бу ҳудудга юриш қилиб умри ўтган инсон эди.

Темур Ўзбекистонни, Самарқанд шаҳрини бир илм маркази қилди. Бутун ислом олимларини у ерга олиб келди. Унинг қабри бугун Самарқандда, оила аъзолари билан бирга ёнма-ён жойлашган", – деди туркиялик тарихчи олим Аҳмат Анапали.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар