Ўзбекистон амалдорлар юрти: Вазирлик ва идоралар ҳақиқатдан ҳам камайтириладими?

22.12.2022 10:03

Қайси вазирликни қисқартириш лозим? Президент бошқарув идораларини камайтириш лозимлигини айтди. Қайси вазирлик ва идоралар тугатилиши борасида ҳозирча тафсилотлар йўқ. Сўнгги йилларда вазирликларда қонунга хилоф тарзда сарфланаётган маблағлар ва коррупция ҳақидаги хабарлар эса кун сайин ортмоқда. Вазирлик ва давлат идораларининг қисқариши коррупциянинг камайишига олиб келадими?

Шавкат Мирзиёев кеча 20 декабрь Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида давлат бошқарув тизимини оптималлаштириш ва қисқартириш ҳақида гапирди. У «Кераксиз штатлар бор. Марказлашув жуда юқори», деган. Президент Вазирлик ва идоралар сонини ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилишини аниқлаштирган.

Вазирликлар қисқартирилишига мулозимлар қаршими?

Rost24.uz сайти ҳам шу пайтгача вазирликларни қисқартириш, бошқарув аппаратини оптималлаштириш бўйича қатор материаллар тайёрлаб келган. Шу билан бирга қатор вазир ва амалдорлардан ўзлари ишлаётган тизимни қисқартириш бўйича фикрлари билан қизиққан. Жумладан, Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котибидан вазирликни оптималлаштириш ҳақида сўралганда у саволга алоқадор бўлмаган жавобни берган. Собиқ Адлия вазири ҳозирда Президентнинг президент маслаҳатчиси Р. Давлетовдан Адлия вазирлиги ва прокуратуранинг бир бирини фаолиятини такрорлаши сабабли прокуратурани тугатиш масаласида фикр сўралганда у ҳар иккисини ҳам ўз ўрни борлигини таъкидлаган. Бироқ, Прокуратура тизими одатда МДҲ давлатларидагини сақланиб қолган. Шунингдек, Бош вазирга ҳам вазирлик ва идоралар сони керагидан ортиқча эмасми деб, очиқ савол берилган эди. 

Сўнгги 6 йилда 11 тадан ортиқ давлат идораси ташкил этилган

Ҳозирда Ўзбекистонда 25 вазирлик, ижро этувчи ҳокимият тизимида 34 агентлик, 10 давлат қўмитаси, 6 қўмита, 15 инспекция, 6 марказ, 2 марказий муассасалар фаолият олиб бормоқда. Сўнгги 6 йилда уларнинг сони 11 тадан ортган. Бу кўрсаткич эса Марказий Осиёда, шунингдек, МДҲ давлатлари орасида ҳам энг кўпидир. Бундан ташқари вазирларнинг 109 нафар ўринбосарлари ҳам бор. Бир вазирнинг еттиталаб ўринбосари бор. Масалан, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 7 та ўринбосар билан бирга ишлайди.

Вазирлик ва идоралар орасида бир-бирига вазифаси ўхшаш, мақсади яқин бўлганлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Вазирликлар орқали бир йилда сарфланган маблағлар

2022 йилда давлат бюджетидан бир-бирига вазифаси ўхшаш бўлган вазирликлар ҳамда идоралар тасарруфига умумий миқдорда 162,8 трлн сўм ажратилган.

Мисол учун, биргина таълим соҳасида учта вазирлик фаолият олиб боради ва уларга:

Халқ таълими вазирлиги — 25,8 трлн

Мактабгача таълим вазирлиги — 6,5 трлн

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги — 4,1 трлн

Шунингдек, Президент таълим муассасалари агентлиги ва таълим инспекцияси каби ташкилотлар борки уларнинг умумий ҳаражатлари ҳам бир неча миллиардларни ташкил этади. 

Қишлоқ хўжалиги соҳаси

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — 615,8 млрд

Сув хўжалиги вазирлиги — 3,440 трлн

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги — 87,4 млрд маблағлар ажратилган.

Шу каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Тўғри, юқорида келтирилган маблағлар бу вазирлик ва идораларнинг админстратив ҳаражатларининг ўзи эмас, турли лойиҳаларни ҳам назарда тутади. Лекин, бир йўналишдаги турли вазирликларнинг бўлиши нафақат солиқ тўловчиларга юк, балки коррупцион ишлар кўламини кенгайишига ҳам хизмат қилиши мумкин. 

Вазирликлар кўп ва уларда коррупция ҳам кўп

Олий Мажлиснинг навбатдаги ноябрь ойидаги йиғилишида шу йилнинг 9 ойида вазирликлар томонидан 100 миллиарддан ортиқ бюджет маблағи талон-тарож қилингани очиқланган. Олий Мажлис депутати Ботир Мардаев шундай деган:

«Давлат маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари тўхтамаяпти. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида тариф разрядларининг нотўғри қўлланиши, иш ҳақи ва моддий ёрдам тўловларининг ортиқча тўланиши ҳисобига 138 миллиард сўмга яқин хато ва камчиликлар аниқланган.

Халқ таълими тизимида 47 миллиард сўмга яқин, соғлиқни сақлашда 30 миллиард сўм, мактабгача таълимда 7 миллиард сўм, маданият вазирлиги тизимида 5,5 миллиард сўмдан ортиқ қонунбузилишлар аниқланган. Бажарилмаган ишлар ва хизматларни «бажарилди», қилиб кўрсатиш, бюджетдан ажратилган субсидиялар ҳисобидан ўрнатилмаган ускуналарни ҳам «ўрнатилди», деб расмийлаштириш ҳисобига 100 миллиард сўмдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Ҳисобот даврида жами 139 миллиард сўм миқдордаги бюджет маблағларини мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилган».

Президент бундан аввал ҳам давлат идораларини оптималлаштириш ҳақида топшириқлар берган. Қайсидир штатлар ёки идоралар қисқартирилгани билан қандайдир биз номини ҳам билмайдиган янги ташкилотларни таъсис этилгани ҳисобига оптималлашиш сезилмаяпти ҳам. Умид қиламизки бу сафар сезиларли оптималлаштириш амалга оширилади ва ҳақиқатданам ихчам ҳукуматга эга бўламиз.



@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.12.2022 17:48
Qo'mita va inspeksiyalarda korrupsiya juda chuqur ildiz otib ketgan, ularning ruxsat berish funksiyasini ko'proq kamaytirish lozim, faoliyat turlsriga beriladigan ruxsatnoma berishni umuman yo'qotish lozim, faoliyatni qonunlarga asosan boshlab soliq qo'mitasiga xabar berish kifoya bo'ladi menimcha, ruxsat olishning o'zi bu korrupsiya.
22.12.2022 18:58
Барчаси ижрога боғлик.Вақт олий ҳакамдир.28 та ҳам кўплик қилади.Қўшиб юборса бўлади МГ+ИИВ,Мол.в+ДСҚ+Иқтисод.в,Ўрмон қ+Экология,Ветря.қ+Пилла+Чорва,яйлов,қоракўлчилик,Тог кон саноат+геология,Маданият+спорт,Ўзбеккино,МТРК+МА,Инновц+Инвестя+Ташвиш.в,МВ+МСҚ,Қишлоқ,х+Сув.х+Ўзбекгидро,Қўрилиш.в+Коммунал.х.в+Ўзавтойўл.
22.12.2022 18:04
Мактабгача таьлим вазирлиги ; бу сохада коорупция умуман тухтамаган яни вилоят,туман бошкармаларида гуллаб яшнаган