«Энди қайси вазир ишини эплай олмаса истеъфога чиқади», деди давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни ўз мурожаатномасида.
«Вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади», «Вазирлигимизда ўғирлик бўляпти, мен ишдан кетаман», деб ҳозиргача биронта вазир жавоб бермаган - бу сўзлар ҳам унинг нутқидан ўрин олди. Демак, бундан буён амалдорларга қўлланиладиган жазо кескинлашадими?
Кўп ҳолларда бирон муаммони ечолмаган, ўз ишига юзаки қараган, халқ олдидаги мажбуриятларни писанд қилмаган амалдорларга ҳайфсан ёки огоҳлантириш берилгани маълум қилинади.
Сўнгги кунларнинг энг муҳим муаммоси - энергия тизимидаги етишмовчиликларни ечимини беролмаганлар ҳам худди шу жазо билан огоҳлантирилди.
Ҳудудларда энергия таъминоти бўйича одамлар қийинчиликда қолмоқда, касалхона ва мактаблар совуқлиги айтилмоқда. Ана шу муаммога алоқадор бўлган амалдорлар эса ҳайфсан билан жазоланган. Ҳайфсан Ўзбекистондаги энг йирик амалдорларга қанчалик жиддий таъсир қилади? Бу уларни эгаллаб турган лавозимидан айирмайди, ҳеч қандай иқтисодий чорага дуч келмайди. Ҳайфсан берилган амалдорларнинг айримлари Швейцария банкларида маблағ асрашда айбланган, уларга бир йиллик маош олиб ташланиши ҳам катта фожиа эмас аслида.
Президент ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш масаласида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О. Раматов, «Ўзбекнефтгаз» раиси М. Абдуллаев, «Иссиқлик электр станциялари» раиси Ф. Абдурахманов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси У. Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раиси Б. Норматов, «Ҳудудгазтаъминот» раиси Б. Эшмуродовга «ҳайфсан» берган эди.
Хўш, ҳайфсан ўзи нима?
Ҳайфсан Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан қўлланилувчи интизомий чоралардан бири. Ҳуқуқий оқибати ходимга нисбатан огоҳлантириш сифатида берилиб ушбу ҳолат қайтарилган тақдирда Меҳнат кодексининг 100-моддасига асосан ишдан бўшатилиши мумкин.
Меҳнат кодексига кўра ҳайфсан олган ходим агар ҳайфсан берилганда маълум миқдорда жарима айтилмаган бўлса, моддий жавобгар бўлмайди яъни ҳайфсан учун маълум миқдорда маблағ белгиланмаган. Ҳайфсан ўзбек тилида «огоҳлантириш» деган маънони беради.
Ходим қуйидаги ҳолатларда моддий жавобгар бўлиши мумкин. Меҳнат кодексининг 202-моддасига кўра, Ходимнинг тўлиқ моддий жавобгарлиги ҳоллари
Етказилган зарар учун қуйидаги ҳолларда ходимга тўлиқ моддий жавобгарлик юклатилади:
1) махсус ёзма шартнома асосида унга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;
2) бир галлик ҳужжат асосида олинган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;
3) қасддан зарар етказилганда;
4) алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда;
5) ходимнинг суд ҳукми билан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда;
6) тижорат сирлари ошкор этилганда;
7) қонунларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар фақат қасддан етказилган зарар учун, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ёки жиноят содир этиш натижасида етказилган зарар учун тўлиқ моддий жавобгар бўладилар.