Бир қанча вақт аввал Rost24.uz нашри таниқли турколог олим, Мичиган давлат университети профессори — Темур Хўжа ўғлининг ҳукуматга очиқ мурожаатини ёритган эди.
Олим ўз мурожаатида отасининг Бухородаги тарихий хонадони меҳмонхона сифатида иш бошлаганидан норозилигини билдирган ва бу борада Ўзбекистон расмийларидан ёрдам сўраган.
Маълумот учун, унинг отаси Усмон Хўжа Пўлатхўжаев - Бухоро Халқ Республикасининг биринчи раҳбари ва илк жадид мактабларининг асосчиси эди.
Шунингдек, мурожаат матни келтирилган мақолада Темур Хўжа ўғлининг туркий оламдаги илмий фаолияти кенг ёритиб берилган, тарихий обиданинг оёқ ости қилингани эса танқид остига олинган эди.
Мазкур мақола эълон қилингач, йиллар давомида эътибор қаратилмай келаётган жараён ҳукумат расмийларининг эътиборига тушди.
Яқинда олим Ўзбекистон ҳукуматининг фавқулодда таклифи билан мамлакатимизда бўлди.
Хусусан, куни кеча Темур Хўжа ўғли ва Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳамда Администрация раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжоновлар ўртасида самимий учрашув бўлиб ўтди.
Саида Мирзиёева учрашув ҳақидаги таассуротлари қуйидагича ифодалаган:
"Кеча туркиялик тарихчи, сиёсатшунос, жадидлар ҳаракати ва уларнинг конституциявий ғоялари тадқиқотчиси, Бухоро Халқ Республикаси етакчиларидан бири бўлган Усмон Хўжа ўғлининг зурриёти Темур Хўжа ўғли билан ниҳоятда мароқли учрашув ўтказдик.
Суҳбат чоғида жадидлик моҳиятини очиб берувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ғоялар туғилди.
Дарвоқе, учрашувимиз Масс-медиа фондида ўтганининг ўзи ҳам рамзий маънога эга, чунки ушбу тузилманинг фаолияти, биринчи навбатда, таълим бериш ва салоҳиятни оширишга қаратилган.
Профессор Хўжа ўғли жадидларга бағишланган қатор китоб ва мақолалар муаллифи ва муҳаррири, шу жумладан, "Коммунизмдан кейинги Евроосиёда гендер сиёсати" китобидаги "Ўтмиш муқаддимами? Мусулмон Марказий Осиёсининг тобе, итоаткор аёли ҳақидаги афсонага раддия" боби муаллифидир".
Маълумот учун, Rost24.uz нашри аввалроқ, Темур Хўжанинг амакиси - Файзулла Хўжаевнинг уй музейига унинг номи қайтарилишига ҳам сабабчи бўлганди.
Мафтуна Каримова,
журналист