Таниқли туркшунос олим Ўзбекистон расмийларига мурожаат билан чиқди
«Бир мамлакатнинг тарихий биносини меҳмонхонага айлантириш мендан кўра ўша юрт зиёлиларини хафа қилиши мумкин!»
АҚШ давлат Мичиган университети профессори, таниқли туркшунос олим Темур Хўжа ўғли отасининг Бухородаги тарихий ҳовлиси яқинда расман «HOTEL HOVLI POYON» меҳмонхонаси этиб очилганидан норозилигини билдирмоқда.
У бу ҳақда Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилган.
«Агар мамлакат маъмурияти жадидизм ва жадид таълими бошланган тарихий уйни меҳмонхонага айлантиришга рухсат бермаса, бу мамлакатнинг ўтмиши, маданияти ва келажагини юксалтириш учун ҳаракат бўлади», деб ёзади у.
Унинг отаси Усмон Хўжа Бухоро Халқ республикасининг биринчи раҳбари ва Бухородаги илк жадид мактабларининг асосчиси эди.
Маълумот учун, мурожаат муаллифи Темур Хўжа ўғли бутун умри ва салоҳиятини туркий халқлар маданияти ва ўтмиши борасидаги изланишларга бахшида этаётган олим.
У туркий халқлар дунёси, Марказий Осиё маданияти тарихи, жадидчилик, Шўро даври ва мустақилликдан кейин Марказий Осиё республикаларида кечаётган сиёсий ўзгаришлар, демократия ва диктатура мавзуларида салмоқли меҳнат қилган.
Темур Хўжа Туркистоннинг маданий ва сиёсий тарихига бағишланган 120 га яқин мақолалар муаллифи. Уларнинг аксари турк ва инглиз тилларида Туркия, АҚШ, Европа давлатлари, Ҳиндистон ва Японияда чоп этилган.
У шунингдек, Қрим, Россия, Литва, Польша ва Украинада истиқомат қилувчи қарайим номли туркий қавм сўзлашадиган тил бойлиги таҳлил этилган китоб ҳам ёзган. Китоб 2006 йил Германиянинг Мюнхен шаҳрида чоп қилинган.
Унинг илмий фаолияти Афғонистондаги ўзбеклар мавзусига ҳам бағишланган.
Темур Хўжанинг 1992 йилда "Туркий олам сўзлашгичи", 2001 йилда "Туркистонда инқилоблар ва ислоҳотлар: 1900 — 1924" деб номланган китоблари нашр қилинган.
Темур Хўжа шеърлар ҳам ёзади. Унинг қатор шеърлари ва баъзи мақолалари Ўзбекистоннинг бир қанча журнал ва газеталарида босилган.
Қуйида Темур Хўжанинг мурожаатини қисман келтирамиз:
«Бир мамлакатда тарихий бинони меҳмонхонага айлантириш мендан кўра ўша юрт зиёлиларини хафа қилиши мумкин!
Усмон Хўжа (1878-1968; муаллифнинг отаси ҳақида) эндигина 20 ёшида Андижонда чор маъмуриятига қарши кўтарилган Dukchi эшон қўзғолонида (1898) қатнашиб ҳибсга олинди ва қўллари кишанланган ҳолда Бухоро амирлигига юборилди; лекин Усмон Хўжа бу билан чекинмади, 1916 йили Туркистонда бўлиб ўтган умумхалқ қўзғолони ташкилотчиларидан бири бўлди (Маҳмудхўжа Беҳбудий билан бирга);1909 йилда Гаспирали Исмоил бей билан Боғчасаройда жадид усули ёрдамида мактаб тизимини ўрганди.
Қримдан Истанбулга келиб, 1910-1913 йилларда «Иттиҳад ва Тараққиёт» ва «Ёш турклар» номли ташкилотларнинг етакчилари билан яқин алоқалар ўрнатди, бу орада Усмонли давлати ҳарбий нозири Анвар пошшо билан яқин дўстлик ўрнатди. 1914 йилда Бухородаги уйида жадид мактабини очди ва болаларга замонавий таълим берди.
У 1920 йилда Бухоро амирлиги парчаланиши билан ташкил топган мустақил Бухоро Республикасида дастлаб молия вазири сифатида республика бюджетини тартибга солиб, биринчи қоғоз пулларни муомалага чиқарди.
1921 йилда президент бўлгач, ўша пайтда Тошкентда бўлган 60 га яқин Усмонли турк зобитларини Бухорога чақириб, уларнинг ёрдами билан Бухоронинг қўшинини тузганди.
1921 йил декабрь ойида Бухоро Республикасининг Душанба шаҳридаги большевиклар рус гарнизони 3 отряд аскар ва босмачилар билан рус гарнизонига ҳужум қилиб, ярадор бўлиб тоғларга, у ердан Афғонистонга йўл олди.
Шундан сўнг Афғонистон, Туркия ва бошқа жойларда Туркистон мустақиллиги учун кураш олиб борди, «Янги Туркистон» номли илк нашрини чиқарди, бу нашр ёрдамида мустақиллик учун мафкура майдонида кураш олиб борди. У умрининг охиригача юрти мустақиллиги учун меҳнат қилди...
Агар мамлакат маъмурияти жадидизм ва жадид таълими бошланган тарихий уйни меҳмонхонага айлантиришга рухсат бермаса, бу мамлакатнинг ўтмиши, маданияти ва келажагининг тараққиёти учун ҳаракат бўлади» , деб ёзган Темур Хўжа ўғли.
Темур Хўжа ўғлининг билдиришича, унинг Истанбул шаҳридаги хусусий кутубхонасида туркий халқлар ва Туркистон тили, адабиёти, тарихи ва маданиятига тегишли 18-мингга яқин китоб, журнал ва ҳужжатлари бор. Aгар Бухородаги Усмон Хўжанинг 1860-йилда қурилган катта ҳовлиси жадидчилик музейига айлантирилса, Темур хўжа ушбу 18-минг китобни музейга армуғон қилади, ўша хусусий кутубхона Бухорога олиб келинади.
P.S: Эҳтимол жадидлар қириб юборилмаганида бугун уларнинг қони оқиб турган ҳалол кишилар халқнинг тарихий тупроқларни сотиб, йўқ қилишга йўл қўймаган бўларди.
Аммо Совет ҳокимияти тарбиялаган, айни дамда фақат пул илинжида яшаётган қатор масъуллар ҳам борки, уларга боболар ўтмиши ва келажакка қоладиган мерос нима аҳамиятсиз. Йўқса, бу тарихий ҳовли бухоролик маҳаллий амалдорлар томонидан пуллаб юборилмаган, шундай бўлишига жим қараб турилмаган бўлармиди?
Аслида бундай илк жадид мактаби очилган ноёб уйни жаҳоннинг жадидлар тарихи марказига айлантириш ва дунё нигоҳининг бир бўлагини шу билан ҳам юртимизга жалб қилиш мумкин. Аммо, жадидлар мулкини сотиш билан шуғулланиб, ўзини «ватанпарвар» санаётган мутасаддиларга бу қизиқмикан?
Мафтуна Каримова,
журналист