Бухорода Файзулла Хўжаев уйига унинг номи қайтарилди.
Бундан бир қанча муддат аввал сайтимизда Бухоро жадидчиларининг юз ўгирилган, оёқ ости қилинган ўтмиши ҳақида қатор материаллар эълон қилинганди.
Мазкур материалларда икки тарихий шахс - Файзулло Хўжаев ва Усмон Хўжа номига нисбатан ҳукуматнинг совуққон муносабати ёритиб берилган.
Хусусан, Бухородаги Файзулло Хўжаев уйининг катта қисми пуллаб юборилгани, ҳовлининг қолган қисмига ташкил этилган музейдан эса Ф. Хўжаев номи ўчириб ташлангани истеҳзо остига олинган.
Ушбу материаллар эълон қилингач, кўплаб жамоатчилик фаолларининг муҳокамасига сабаб бўлди.
Ниҳоят, Вазирлар маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 543-сонли қарори билан Бухоро шаҳридаги «Бухоролик бой савдогарнинг уй музейи» ёдгорлик мажмуаси «Файзулло Хўжаев уй музейи» деб қайта номланди.
Шунингдек, қарорга кўра, музей илмий концепцияси ва экспозициясини янгилаш чоралари ҳам кўрилиши қайд этилган.
Аммо жадид маърифатпарвари Усмон Хўжанинг хонадони эса ҳануз меҳмонхоналигича қолмоқда.
Бухоролик тарихчи олима Дилноза Жамолова шаҳар ҳокимлиги томонидан сотиб юборилган ҳовлига эътибор йўқлиги ҳақида айтмоқда:
Бухорога шу вақтгача ўз тарихини севадиган ҳоким келмади.
Бир пайтлар Бухоро вилояти ҳокимлиги мутасаддилари томонидан сотиб юборилган Усмон Хўжа хонадони ҳалиям тарихий меъморий обида сифатида давлат муҳофазасига олинмади. Самарқанд вилояти ҳокими деярли хар бир жадидга уй музейи ташкил қилиб берган пайтда, бизда Бухоро жадидларига музей ташкил қилиб бериш нари турсин, уларнинг номини абадийлаштириш учун ҳеч қандай ҳаракат кўзга ташланмайди.
Фақат президентимизнинг ташрифи арафасида жадид боболаримиз маҳаллий ҳокимият вакилларини эсига тушиб қолади, - дейди олима.
Мафтуна Каримова.