Уй қуриш васвасаси: Минглаб хонадонлар қурилди канализация тизими эса ўша-ўша

24.11.2022 23:24

Мутасаддилар Тошкентдаги сув тармоқларидаги аварияларга «памперс»лар айбдор ҳисобламоқда. 

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами 2800 км оқава сув тармоғи мавжуд. Шундан 1600 км. ўз муддатини ўтаб бўлган, 41 км. эса таъмирталаб...

Республикамиздаги оқава сув тизимларининг аксарият қисми 70-80 йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда ушбу тизимлар эскирган. Бу эса кўпгина жойларда канализация тизими ва у билан боғлиқ авария ҳолатларини юзага келтирмоқда.

Rost24.uz мухбири «Ўзсувтаъминот» АЖ мутасаддиларига «Тошкент шаҳрида янги кўп қаватли уйлар қурилишида уларнинг канализация тизими эски кўп қаватли уйлар канализациясига қўшиб юборилиши натижасида тизимга босим бўляпти ва тизимда авария ҳолатлари келиб чиқмоқда. Қурувчи компаниялар янги уй қурилишидан олдин бу борада аслида сизлардан рухсат сўрайди, бундай вазиятда коррупцион ҳолатлар борми?», дея савол берди.

«Тошкент шаҳри сув таъминоти» МЧЖ бўлим бошлиғи Умиджон Меликов саволга:

— Тўғри кўп қаватли уйлар қуриляпти, аҳолида эски тармоққа уланиш бўйича ҳам савол туғилади. Қувурнинг ўтказувчан юзаси бор. Эски тармоқда, қувурни ўтказувчан юзасида сувни ҳажми ўшанга имкон берадиган бўлса, эски тармоққа уланади. Чунки ўша қувурда захира бўлади ҳамда сувни ўтказа олади. Авариялар оқава сув тармоқларида кўп ҳолларда мумкин бўлмаган нарсалар, болалар тагликларини ташлаш орқали юзага келади. Бир кунда Тошкент шаҳри бўйича ўртача носозликлар 90-100 тани ташкил қилади. Буни узоғи билан бир сутка давомида бартараф қиламиз, — дея жавоб берди У.Меликов.

Жумладан, ушбу тизим бўйича авария ҳолатлари кузатилган «Ибн-Сино» мавзесини мисол қилиб келтирдик. Масъул бу мавзедаги авария ҳолатларига «Таъмирталаб бўлган тизимлар улушига тўғри келади ва бу босқичма-босқич таъмирланади», дея изоҳ берди.

Айтиш жоизки, охирги уч йилда 1000 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилди. Аммо биз ҳали ҳам 70-80 йилларнинг оқава сув тизимларини гапириб, уларнинг таъмирталаб аҳволини «босқичма-босқич» яхшилаш йўлидан боряпмиз.

Маълумот учун: Тошкент тарихида энг кўп қурилиш 1966 йил — кучли зилзила содир бўлган йилда амалга оширилган бўлиб, ўша йили 632 та кўп қаватли уй қурилган. Кейинги рекорд 2019 йил «забт» этилди, ўша йили шаҳарда 463 та уй қад ростлади, уларнинг аксарияти етти қаватли уйлардир.  Агар 1966 йилда 880 минг кв. м ли 623 уй топширилган бўлса, 2019 йилда — 826 минг квадрат метр. м майдонли 463 уй қуриб битказилган. 

Қуйидаги инфографикада юз йил давомида қурилишлар сони қандай ўзгарганини кўришингиз мумкин. 

Манба

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар