Пойтахтнинг кейинги йиллардаги қиёфасини кузатсангиз, яшилликнинг анча камайгани ва катта қурилиш майдонига айланганига гувоҳ бўласиз. Нотўғри экологик сиёсат сабабли ҳозирданоқ бир қатор муаммолар вужудга келди. Швейцариянинг «IQAir» мониторинг гуруҳи ҳаво ифлосланиши бўйича давлатлар рейтингида мамлакатимиз 12-ўринни, Тошкент эса ҳавоси ифлосланган пойтахтлар рейтингида 10-ўринни эгаллаган. Би-Би-Си мухбири Ибрат Сафо ўзининг саҳифасида бу ҳақида ўз хавотирларини билдириб ўтди:
«Бу негатив излашмасу, лекин назаримда Тошкент бу кетишда 2-3 йил ичида умуман яшаб бўлмайдиган шаҳарга айланади. Ўзгаришлар мендек одамга кўпроқ сезилади, чунки йилига атиги икки марта келаман. Ҳаво шу қадар ифлоски, ҳаводаги заҳар ҳатто жигаррангда кўзга кўриниб туради. Уни нафас йўлларингда ва таъм қабулгичларингда сезасан. Палапартиш қурувчи компаниялар занжирини узган қутурган итдек, қурилишлардаги чанг-тўзон машиналардан чиққан карбонат ангидрид, азот оксиди ва метан билан қўшилиб ўпкангни емиради. Деҳлига борганимда худди шундай ҳавони сезгандим. Ҳатто аҳоли ўта зич жойлашган Чилонзордек мавзелардаги ҳар қарич жойда кўп-кўп қаватли турар жойлар қуриляпти. Машиналар тирбандлигидан чарчаб метрога тушсам, авваллари кундузи бемалол бўладиган метро вагонлари ҳам одамларга тўла.
Эй тўхта, фаросатинг борми, ўзимиз яшаймиз шу ерда, дейдиган одам борми бу шаҳарда ўзи? Кеча икки тонли Бентлида бир одам ўтиб кетди. Лекин Бентлида бўласизми, қасрда яшайсизми, шу шаҳарда бўлсангиз, сизнинг ҳам ўпкангиз чиқиндихонага айланган. Болаларингиз касал бўлиши хавфи жуда юқори (астағфируллоҳ). Пандемияда вирус бой ва камбағальни ажратмагандек, ёмон ҳаво ҳам одамни танлаб ўтирмайди. Вакуум яратолмайсиз. Бу заҳарли ҳаво нафақат ўпка касалликлари ё саратон, юрак-қон касалликлари, томирлардаги тромблар ва мияга қон қуйилишига ҳам сабаб бўлади, дейди Ибрат Сафо.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошган эди. Экологлар бу инқирозни дарахтларга қирғин келтираётгани ва ҳудудимизни чўллашиб бораётган билан ҳам боғлашган.