Ўзбекистонда 2025 йил август ойи ҳолатига кўра, 45 мингдан ортиқ фуқарода ов қуроли бор. Жорий йилнинг 8 ойида уларнинг 10 мингдан зиёди маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани учун жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда ИИВ жамоат тартибини сақлаш хизмати бўлим бошлиғи Даврон Касимов маълум қилди.
«Ички ишлар органларида рўйхатда турган овчи қўлидаги қуролни сақлаш, ундан хавфсиз фойдаланиш ёки олиб юриш қоидаларини бузса, жавобгарликка тортилади. Масалан, ҳозир ов мавсуми эмас, лекин браконьерлик билан шуғулланиб, ов қилаётган овчилар ҳамда қуролни белгиланган жойда эмас, балки бошқа жойда сақлаганлар қоида бузган ҳисобланади. Бундан ташқари, қурол сақлаш ва олиб юриш рухсатномасининг муддати ўтказиб юборилган ҳолатлар ҳам жуда кўп. Бу ҳам жавобгарликка сабаб бўлади», — дейди у.
Унинг қайд этишича, юқоридаги каби ҳолатлар кузатилганида, овчилар «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг қуйидаги моддалари бўйича жавобгарликка тортилади:
–185-модда: Қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш;
–220-модда: Қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомалада бўлиши қоидаларини бузиш;
–221-модда: Қуролни рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) қоидаларини ёки унинг муомаласи соҳасидаги рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш қоидаларини бузиш.
ИИВ расмийсининг айтишича, 2025 йилнинг январь-август ойларида 800 нафар фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган.
Реклама жойлаштириш
«Яшаш уйида ноқонуний қурол сақлаб, ички ишлар органлари рўйхатида турмаган фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси бўйича жавобгарлик белгиланган. Тезкор қидирув хизматлари томонидан олиб борилаётган тадбирлар давомида бундай ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Таҳлилларга кўра, собиқ совет даврида ота-боболари сотиб олиб, улардан қолиб кетган, аммо ИИОда рўйхатдан ўтмаган қуроллар кўп аниқланмоқда. Бундай фуқаролар орасида қонунчиликдан хабари бўлмаганлар кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек, чўпонлар ёки ходимларимиз томонидан қир-адирларда ҳам топиб олинаётган қуроллар мавжуд», — дейди у.
Даврон Касимовнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида фуқаролар ўз хоҳиши билан ички ишлар органларига мингдан зиёд қурол топширган. Улар орасида антиквар, яъни коллекциялаш қуроллари ҳам мавжуд.
«Республикамизда айнан ноқонуний қуролга қарши жуда ҳам тезкор тизимли сиёсат олиб борилади. Шунинг учун ҳам жорий йилда минг нафардан ортиқ фуқаро ўз хоҳиши билан ички ишлар органларига қурол топширди. Бу ҳам олиб бораётган тизимли тадбирларимиз натижаси деб ўйлайман.
Вазирлар Маҳкамасининг 310-сонли (ёпиқ) қарорига асосан, ўз хоҳиши билан қурол топширган фуқаролар пул мукофотлари билан тақдирланмоқда», — дейди у.