Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришларни бир ерга жамладик.
«Яшил макон» платформасида очиқлик таъминланади
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини ошириш, «Яшил макон» платформасида очиқликни таъминлашга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий қилинади, жумладан:
аҳоли ташаббуси билан дарахт экилиши мумкин бўлган аниқ ҳудуд, сув таъминоти, кейинчалик парвариш қилиш имконияти ва дарахтларнинг турларини кўрсатиш;
«Яшил макон» лойиҳасига Давлат бюджети маблағларидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка «ҳар бир тийин сарфланишини кузатиш» тамойили асосида онлайн етказиш.
Скутер ва мопед ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлади
Эндиликда мопед ва скутер ҳайдовчилари учун янги қоида кучга киради — уларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади. Скутер ёки мопедни рўйхатдан ўтказиш нархи 3,7 БҲМ (1 525 400 сўм) қилиб белгиланган. Ўқув курслари эса 2 млн сўмгача. Гувоҳнома олиш учун давлат божи – 288 400 сўмни ташкил қилади. Рақам олиш БҲМнинг 1,5 баравари — 618 минг сўм. Бунда умумий харажат деярли 4,5 млн сўмдан ошмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун пенсиялар автоматик тарзда тайинланади
1 октябрдан бошлаб Халқ банкида пенсияларни нақд шаклда беришда Face ID биометрик идентификация ва электрон рақамли имзолардан фойдаланилади. Тўлов олувчилар тўлов қайдномаларини планшетда электрон шаклда имзолашлари мумкин бўлади. Адлия вазирлиги Пенсия жамғармаси ва Халқ банкининг электрон сўровига кўра биометрик идентификациялаш учун маълумотларни тақдим этади. Давлат хизматчиларининг хизмат сафарлари учун ягона модул йўлга қўйилади.
Қонунчиликка кўра, давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш «hrm.argos.uz» электрон тизими таркибидаги «Хизмат сафари» ягона модули орқали амалга оширилади.
«Чиройли» давлат рақами белгиларининг аукцион савдолари тўхтатилади
Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрдаги қарорига мувофиқ, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» 2025 йил 1 октябрдан бошлаб «чиройли» давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади.
Айрим молиявий ёрдамлар ижтимоий карта орқали ажратилади
Вазирлар Маҳкамасининг 11 март кунги қарори билан Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тасдиқланган эди. Қарорга кўра, 2025 йилнинг 1 октябридан жамғарма маблағлари ҳисобидан фуқароларга нақд пул шаклида бериладиган маблағлар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади.