Раҳбарлар келиб кетаверади, миллиардлаб давлат пуллари ўмарилаверади, амалдорларнинг коррупцияга қўл урилгани эълон ҳам қилинади, аммо бу тизимда халқ учун, давлат учун кўзга кўринадиган арзирли иш қилинмайди. Статистика қўмитасининг аниқ маълумотларига кўра, бугун қишлоқларда 100 минг болага бор йўғи 1 дона спорт таълим муассасаси тўғри келади.
Дарвоқе, Ўзбекистонда спорт катта коррупция ўчоғи бўлиб қолмоқда. Яқиндагина эълон қилинган маълумотга кўра, Сирдарёда спорт анжомлари харид қилишда 1,2 млрд. сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинган. Кечагина Бош Прокуратура сузиш ва воллейбол федерацияларида ҳам катта маблағлар мақсадли сарфланмагани ҳақида хабар тарқатган эди.
Ҳақли савол туғилади: Шу ўринда айтиш жоизки, катта маблағлар талон-тарож қилинаётган Ўзбекистонда спорт тизимидаги бу ҳолатларни жиловлаб олиш шунчалар давлатга қийинми? Ёки биз билмаган яна нимадир сирли томонлари борми?
***
Сирдарё: сунъий қимматлаштирилган анжомлар
ЎзА хабарига кўра, 2021 йилнинг декабрь ойида Сирдарё вилоят туризм ва спорт Бош бошқармаси томонидан 24 турдаги жами 2612 дона спорт анжомларини харид қилиш учун 7 та фирма билан умумий қиймати 1 млрд. 976 млн. 778 минг сўмлик 31 та шартнома тузилган. Лекин, Бош бошқарма ҳамда фирмаларнинг мансабдор шахслари ўзаро келишган ҳолда спорт анжомларини сунъий қимматлаштирилган нархларда олди-соттисини амалга оширишган.
Аниқланган ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган судга оид товаршунослик экспертизасининг хулосасига кўра, умумий ўртача бозор қиймати 720 млн. 361 минг сўмни ташкил этган спорт анжомлари 1 млрд. 976 млн. 778 минг сўмга сотиб олиниб, жуда қўп миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
***
Сувдаги коррупция ва проффесионал сув спорт ҳавзасисиз қолаётган Ўзбекистон
Яқинда, Бош прокуратура Сузиш федерациясида ҳам йирик коррупция аломатлари аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, Федерация мансабдор шахслари ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда жамият манфаатига зарар етказишган. Хусусан, терма жамоа ҳамда унинг захираси таркибига киритилмаган фуқаро Россия Федерациясининг Волгоград шаҳрида ўтказилган халқаро йиғинга юборилиб, 72 млн. сўм бюджет маблағлари асоссиз ишлатилган.
Шунингдек, 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида жами 287 нафар спортчи «D» МЧЖга қарашли меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлсаларда, фойдаланганлик ҳақида электрон ҳисоб-фактураларга сохта ёзувлар киритган ҳолда 1 млрд. сўмлик пул маблағи талон-торож қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Сузиш федерацияси давлат маблағини ўмараётган бир вақтда, Ўзбекистонда сузиш спорти билан шуғулланувчи олимпиадачилар учун бир дона ҳам проффесионал сузиш спорт хавзаси йўқ.
***
Воллейбол федерациясидаги йирик талон-тарожлик
Бош прокуратура воллейбол федерациясидаги йирик талон-тарожлик ҳақида ҳам хабар берган эди. Ўрганишда, собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазири буйруғига асосан, Федерацияга 54 нафар спортчилар билан 23 кунлик ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун бюджетдан 445 млн. сўм ажратилган бўлса-да, амалда 10 кун ўқув-машғулот йиғини ўтказилиб, 231 млн. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, терма жамоа ва унинг захираси таркибига киритилмаган 29 нафар спортчини турли спорт йиғинларига юборилиб, 75 млн. сўм маблағлар асоссиз сарфланган.
Прокуратура хабарига кўра, воллейбол федерациясидаги ҳолатда терговга қадар текширув давомида бюджетга етказилган зарарнинг 120 млн. сўми қопланиши таъминланган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда спорт коррупция ўчоғига айланиб бораётган бир вақтда болалар спорти статистикаси ачинарли аҳволда қолмоқда. Айни дамда, Республикамизда жами 352 та спорт-таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Уларнинг атиги 43 таси қишлоқ ҳудудларига тўғри келади. Қолган 309 таси эса шаҳарларда. 2021 йил 1 январь ҳолатига юртимизда 14 ёшгача бўлган жами болалар сони 10 миллион 175 минг 819 нафарни ташкил этган. Демак, қишлоқдаги ҳар 100 минг болага бир дона спорт иншооти тўғри келмоқда.
Спорт федерацияларига қанча маблағ ажратилмоқда?
Миллионларни ўмарган собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевга жиноят иши очиладими ёки йўқми?
Карате федерациясидаги аҳвол қандай? Федерациядаги носоғлом муҳит нега йиллар давомида ҳукм сурмоқда?
Нима учун мутасадди давлат ташкилотлари спорт федерацияларидаги бу ҳолатларнинг олдини олишга ожизлик қилмоқда?
Навбатдаги мақоламиз шу мавзуга бағишланади… Кузатиб боринг.