Мутасаддиларга мурожаат: Миллатимиз  қаҳрамонининг қабри ўзга юртда қаровсиз қолган

15.04.2022 14:22

Ўзбекистон расмийлари Мадаминбек жасоратини қачон тан олади?

Қирғизистонда ўзбек миллати қаҳрамони Муҳаммад Аминбекнинг қабри 100 йилдан буён қаровсиз ҳолда турибди. Сабаби  миллий ғуруримиз сустлигидами ёки масъуллар тарихий ҳақиқат олдида ҳамон ожизми?

Машҳур “Шерюрак” фильмини кўрмаганлар бўлмаса керак. Фильм Шотландия мустақиллиги учун курашган Уильям Уоллеснинг “Озодлик” деган ҳайқириғи билан тугайди. Негадир мазкур драма Уильямдан кўра, Туркистон ҳурлиги курашчиси Мадаминбекни (Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли) эслатади. Чунки Уильям бўрттирилган, тўқималарга зўр берилган образ. Аммо яқин ўтмишимизда совет босқинчиларига қарши чиққан Мадаминбек жасорати чин ҳақиқат эди...

Эҳтимол, Мадаминбек ўзга халқнинг фарзанди бўлганида авлодлари уни шон-шарафга бурканган, хотирасига чексиз иззат-икром кўрсатган бўларди. Афсуски, тарихда катта из қолдирган Мадаминбек ёди бугун авлодлари орасида ҳавас қилгулик ҳолда эмас. Чунки... 

Қирғизистоннинг, Олой тоғ тизмалари оралиғида “Шиғай” номли овлоқ ҳудуд бор. Инсон қадами деярли узилган мана шу тоғлар орасида Мадаминбекнинг қабри бир асрдан буён хароба ҳолда ётибди. Орадан шунча вақт ўтдики, бирор кимса на қабрни топишга уринди, ва на уни Ўзбекистонга кўчириш ҳақида ўйлади. Ёки бу ер муҳофаза қилинмади. Ҳар йили сел оқизиб кетиш хавфи билан турган қабрда қуйидаги ёзув бор:

Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли 

1892 – 9.04. 1920. 

Туринг бегим гуноҳларни ювайлик, 

Босқинчини Она юртдан қувайлик. 

Фақат 1994-1996 йилларда Дадахон Ҳасан бошчилигида бир нечта кўнгилли юртдошларимиз қабрни топиб, белги тариқасида тош қўйишади, атрофини кичик темир панжара билан ўраб қўйишади. Санъаткор ўша вақтда қуйидагиларни айтади:

“Бугун бир гуруҳ фарғоналик яхши инсонлар билан одатдагидек Мадаминбекнинг қабрини зиёрат қилгани келяпмиз. Маълумингиз бўлгайки, фидойи бир ўзбекнинг фарзанди Мадминбек шу ерда мислсиз қийноқлардан сўнг ҳойинона ўлдирилган. Орадан 74 йил ўтибдики, Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли шу жойда “ётибди”. Биз 1994 йили қабрни топиб зиёрат қилдик. Ўтган йили унга тош қўйиб, белгилаб кетдик. Мана бу йил атрофини панжара билан ўраш учун келяпмиз. Мадаминбек ўлдирилгач, устига кўп миқдорда тош ташлаб қўйилган экан. 1958-60 йилларда келган сел тошларни ювиб кетган, аммо  жасад ўрнида қолаверган”.

Мадаминбек ҳаётини тадқиқ қилган олимлардан бири, тарих фанлари номзоди Нодиржон Абдулаҳатовга кўра, у 2019 йилда  Қирғизистонда бўлиб, қабрни кўрган. Унинг айтишича, ўша вақтда қабр ташландиқ ҳолатда бўлиб, уни истаган вақтда сел оқизиб кетиши эҳтимоли бор. Чунки, авваллари бу ерда яшаган кам сонли аҳоли ҳам эндиликда масканда яшаш хавфли ва имконсиз бўлгани учун бошқа жойларга кўчиб кетган. Шунингдек, олим Мадаминбек хотирасини абадийлаштиришга оид қуйидаги таклифлари билан ўртоқлашди:

“Қаҳрамонларни тарихий шароит яратади. Мадаминбекнинг ҳаёти ҳам тарихий бир зарурат тақозоси билан ўз даврининг ўчмас жасорати бўлиб қолди. Аммо, қачон бу жасорат расман тан олинади, эътироф этилади?
Биринчи таклифим, Қирғизистон ҳукуматига хат билан чиқиб, қабрни Ўзбекистонга  кўчириш керак. Ёки юртимизда Мадаминбек учун бирор ёдгорлик барпо этилиши зарур. Шунингдек, унинг номида кўкрак нишони жорий этилса... 
9 май – Хотира куни яқинлашмоқда. Ҳар йили бу кунда ўтганлар ёд қилиниб, тиловатлар туширилади, лекин ўзбекнинг мард ўғлони Мадаминбекнинг на ёдгорлиги, на қабри бўлмаса ким ҳам уни эслайди? 100 йилдан буён шу аҳвол...

Мен 2019 йилда қабрни ўз кўзим билан кўрдим, атрофини ўт-ўлан босган, жуда аянчли ҳолда эди. Афсуски, бу ерда ҳозир одам ҳам яшамас экан. Мана миллат қаҳрамонига муносабат! Кўкрагимизни кериб боболаримизнинг жасорати ҳақида гапираяпмиз, Мадаминбекнинг ўтмишини ёзиб қанчаси олим бўляпти. У ҳақида асарлар, шеърлар, қўшиқлар ёзилмоқда, ҳатто дунё олимлари унинг ўтмишини тадқиқ қиляпти. Қаҳрамон эса қаровсиз  аҳволда...

Эътибор берган бўлсангиз, қўлига қурол олиб миллий озодлик ҳаракатига кирган, оқибатда “босмачи” деб йўқ қилинган ота-боболаримизнинг қаерларга дафн қилингани маълум эмас. Аммо, тарих уларнинг хотираси учун  Мадаминбекнинг қабрини сақлаб қолди. Ҳар ҳолда бежиз бўлмаса керак... 

Бугун “босмачи” деб қораланганлар оқланмоқда, фақат  булар қоғозларда, тиллардагина қолиб кетмай, амалда ҳам уларнинг жасоратига эҳтиром кўрсатилса, хотирасини абадийлаштириш йўлида қадам ташланса ўтмиш ва келажак авлод олдида катта иш қилинган бўларди. Ахир яқинда Туркияда Мадаминбекнинг сафдоши,  ўзбек фарзанди Шермуҳаммадбекка Туркистон озодлиги курашчиси деб ҳайкал ўрнатилди. Унинг Адана шаҳридаги қабри обод қилинди. Биздачи..?!

Қаҳрамонликнинг бирор мезони бўлганида шахсан мен ўша мезоннинг энг бошига Мадаминбекни қўйган бўлардим... XXI асрда ўзбек ёшлари учун миллий қаҳрамон керак. Агар Мадаминбек қаҳрамонлигини ёшларга танита олмасак, кимни танитамиз?”


Совет даврида Ўрта Осиёда олиб борилган озодлик ҳаракатини “Босмачилик”номи билан талқин қилиш пропагандаси яхши ишлади. Бу учун таниқли ўзбек актёрлари ижросида қатор фильмлар суратга олинди. Бош ролни  Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров ижро қилган ва ўз даврида катта шуҳрат қозонган “Фавқулодда комиссар” фильмида ҳам  Мадаминбек ва унинг сафдошлари каллакесар, босқинчи сифатида кўрсатилди. Афсуски, мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳам кўп йиллар “босмачи” тамғаси ёпиштирилган ватандошларимизни оқлаш, уларнинг жасоратини расман тан олишга журъат этилмай келинди.

Фақат Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишидан сўнг бир қанча ватандошларимиз оқланди, бироқ фармойиш қабул қилинганига 2 йилдан ошган бўлса-да, бу вақт мулозимлар қалбида Мадаминбек жасоратига хайрхоҳлик туйғуларини уйғота олмади, ёки «юқорида» ҳамон тарихий ҳақиқат олдида ожиз мутасаддилар борми?  Йўқса, шу кунгача юртимизнинг миллионлаб кўчалари, минглаб мактаблари, саноқсиз жамоат жойларидан бирига миллат қаҳрамонининг номи раво кўрилган бўлмасмиди?  Шунингдек, ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг Муҳаммад Аминбекнинг шонли тарихи акс эттирилган “Мадаминбек: қонли гуллар водийси” романи ҳам айни мустақиллик йиллари  10 йиллаб тақиқ остида чоп этилмай келгани сир эмас.

Ёзувчи асар ва Мадаминбек шахсига айни дамдаги муносабат ҳақида шундай дейди:

“Романни 2003-2009 йилларда ёздим. 2009 йилда роман қўлёзмасини бир неча давлат ва хусусий нашриётларга олиб бордим. Ҳеч қайси нашриёт босмади. Давлат нашриётидагилар очиғини айтишди: «Мавзу қалтис, мумкин эмас!..» Ҳайрон бўлардим, нимаси қалтис бўлиши мумкин?! Истиқлол учун курашган бек йигитлар ҳақида бўлса, бу дориламон кунларга халқимиз осонлик билан етиб келмаган бўлса! Фақатгина хусусий нашриёт «Академнашр» раҳбари Санжар Назар аканинг ёрдамида 2018 йилга келибгина, ёзилганидан салкам ўн йил ўтиб роман дунё юзини кўрди. Мустақил бўлганимизга 30 йилдан ошган бўлса ҳам биз ҳали Мадаминбек шахсиятини  расман оқлай олганимиз йўқ. Бу менимча, айрим масъулларнинг, ҳали ҳам тарихий ҳақиқатни билмаслиги ёки уларда ҳануз қандайдир истиҳола ёки қўрқувлар мавжудлиги туфайли деб ўйлайман”.

Шу ўринда савол туғилади: Нима учун Фарғонада туғилиб ўсган Муҳаммад Аминбекнинг қабри Қирғизистонда қолган? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш учун тарихчи олимлар Қаҳрамон Ражабов ва Нодиржон Абдулаҳатов тақдим қилган тарихий изланишларга тўхталамиз:

"Мадаминбек биринчи жаҳон уруши арафасида чор Россияси ҳукмронлигига қарши бош кўтарган. 1914 йили қамоққа олинади. Суд Мадаминбекнинг ўзи тан олмаган айблар – қотиллик ва ўғриликни ҳам унга тўнкаб, 14 йилга Сибирдаги Нерчинск деган жойга каторгага ҳукм қилади. 1917 йил февраль инқилобидан кейин сиёсий маҳбус сифатида Мадаминбек озодликка чиқади ва Марғилонга қайтиб келади. “Шўрои уламо” жамиятининг раҳбарлари, яъни уламолар кенгаши уни шаҳар миршаблари бошлиғи – қўрбошиси лавозимига тавсия этишади. 

Мадаминбек қисқа вақтда ҳарбий маҳорати билан шаҳардаги тартибсизликларга барҳам беради. Аммо у бу лавозимда бир йилдан ортиқ ишламайди, чунки большевикларнинг Фарғона водийсида тинч  аҳолига нисбатан ваҳшиёна ҳарбий ҳаракатларидан ғазабга келган Мадаминбек 1918 йили ўз отряди билан уларга қарши курашга отланади.  Бу курашда эл унга ишонгани учун ортидан эргашади. Мадаминбек шундан сўнг орадан бир йил ўтар-ўтмас 28 ёшидаёқ 25 минг кишилик қўшинга қўмондонлик қилади. 

Натижада, Фарғона водийсида энг йирик куч Мадаминбек армияси бўлиб қолади. Ўш атрофларидаги рус қишлоқлари аҳолисини талончи тўдалардан  мудофаа этиш мақсадида ташкил этилган деҳқонлар армияси қўмондони И.Монстровга 1919 йили 27 августида юборган мактубида Мадаминбек большевикларга қарши қурол кўтаришининг асл сабабини тўла тўкис баён этади. Хатга кўра, большевиклар одамларнинг бор-будини тортиб олиб аҳолини очликка гирифтор қилган. Қачонки халқ очликдан қирила бошлаган пайтда большевиклар бир бурда нонни ҳам беришни раво кўрмаган эдилар. Чунки ўша вақтларда Фарғона аҳолисининг аҳволи чиндан ҳам жуда оғир  ҳолатда бўлган. Бу ҳақда Фарғона вилоят очарчиликка қарши кураш комиссиясининг маълумотномаларида қуйидагилар қайд этилган: “Очарчилик йилларида... очларнинг кўпчилиги турли сунъий маҳсулотлар, ўтлар билан тирикчилик қилишар, бунинг оқибатида айниқса болалар ўртасида касаллик ва ўлим ҳоллари кучаярди… Шаҳарлар очлар билан тўлиб кетган бўлиб, уларнинг бир қисми қабристонлардаги мачитларда туришарди, шунингдек кўчаларда ётишарди. Буларнинг ҳаммаси очлик ва хонавайронликдан қочиб келган маҳаллий аҳоли эди”.

Халқнинг бу қадар оғир аҳволга тушиб қолганлиги Мадаминбекни большевикларга қарши курашга мажбур этган. Дарҳақиқат, босқинчиларнинг ўлкада олиб борган қонли сиёсати ҳар қандай диёнатли ватанпарвар киши қалбида ғазаб ва нафратни уйғотиши шубҳасиз эди. Зеро, ўша вақтларда юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларини мусодара қилиш, зўрлаш, тортиб олиш большевиклар сиёсатида одатий ҳолга айланган. Чунончи, большевиклар ҳукуматининг “Ҳарбий коммунизм сиёсати” туфайли озиқ-овқат развёрсткаси аҳолини очиқдан-очиқ талашга олиб келди ва бу тез орада мамлакатда  бир неча йилдан бери давом этиб келаётган очарчиликни янада даҳшатли тус олишига сабаб бўлди. Юқорида келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Мадаминбекнинг большевиклар ҳокимиятига қарши кураши халқнинг талаб ва истаги асосида юзага келган. 

Мадаминбекнинг қаҳрамонликлари тўғрисида Шаҳобиддин Яссавий “Туркистон аччиқ ҳақиқатлари” китобида қуйидагиларни ёзиб қолдирган эди: 

“Муҳаммадаминбек, Марғилон, Сувчи (Сўкчи) маҳалласидан. Ниҳоят сиёсатдон, ботир тадбиркор, қаҳрамон. Озод Туркистон қурувчи номдор бўлган бахтсиз бу буюк тоймос, қўмондонни танитмоқ учун ҳар қанча сўзласак арзишга эгадир. Ҳақиқатан дин, ватан ва миллат  фидоси бўлди”.

Афсуски, Мадаминбек умрининг сўнги йўллари аянчли бўлди. Бу ҳақда таниқли тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов шундай ёзади: 

“Мадаминбек билимдонлиги ва ташаббускорлиги, ўзининг демократик қарашлари ва ҳарбий салоҳияти билан бошқа қўрбошилардан анча устун турган. У халқ орасида кучли меҳр-муҳаббат ва катта обрўга эга эди. Табиийки, бундай миллий қаҳрамон ва миллий мафкура тарафдори бўлган ҳамда миллий ғоя ва истиқлол учун оташин курашган Мадаминбек сингари йўлбошчи совет режими учун жуда хавфли эди. Шу сабаб, Мадаминбекнинг ҳалок бўлишидан биринчи навбатда улар манфаатдор эди. Адолат юзасидан айтганда, Мадаминбекнинг айрим ишлари баъзи ўзбилармон қўрбошилар ва уламоларга ҳам ёқмасди. Истиқлолчилик ҳаракатидаги бундай зиддиятли ҳолатлар Мадаминбек қисматининг фожиали тугашида ўз таъсирини ўтказмай қолмади”. 

Унинг қонига ўч бўлган кимсалар Мадаминбекни алдов йўли билан Қирғизистоннинг Новқат ҳудудига олиб кетганлар. Шу ерда  унинг кўрнамак қуролдошлари унга “сўнгги ҳукмни ўқидилар”. Бу ҳақда Алишер Ибодинов шундай ёзади: “Бек у ерда икки кун ҳибсда ётади... Худди шу куни Марғилондаги Мадаминбекнинг уйига бир гуруҳ номаълум отлиқлар бостириб кириб, уйига ўт қўяди. Шаҳарда оммавий тартибсизликлар бошланади. Қўшинлар Скобелевга ҳужум бошлайдилар. Қисқа муддатда Фарғонада яна уруш оловлари гуруллай бошлайди. Ҳозиргача расман амалда бўлган тарихга кўра, 1920 йил 14 май куни Холхўжанинг йигити  жаллод Соқит понсод томонидан Мадаминбекнинг боши танасидан жудо қилинади.

Машъум қотиллар Мадаминбек калласини бошқа хиёнатчи кимсаларга кўз-кўз қилгандек юборган. Улар эса бу “туҳфани” большевикларнинг махсус бўлими ходимларига кўрсатиб, ҳатто улардан бунинг эвазига “суюнчи” ҳам олганлар. Аммо Мадаминбекнинг азиз бошини бу тарзда хор қилиб қўймаслик учун бекнинг ихлосмандлари қотиллар қўлидан кесик бошни сотиб олган ва калласини танасига тикиб, иззат-икром билан дафн этадилар”. 

Гапнинг қисқаси,  “Ўликка ер қаҳат эмас, истаганча топилади, аммо негадир одамлар ўз яқинларини дуч келган жойга кўмиб кетаверишмайди”. Эдигей тилидан айтилган бу киноя айни бизнинг миллатга қаратилгандай... 

Йўқса, бугун Мадаминбекнинг  «Ташкент сити»лар барпо қилаётган авлодлари, унинг ғариб қабрини обод этишга, миллат қаҳрамони учун ҳеч бўлмаса бир ёдгорлик ўрнатишга, уни ёд этишга яраган бўларди. 

Шоир айтганидек: Хулоса  ўзингиздан...


Мафтуна КАРИМОВА, журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
11.07.2022 17:49
Бобурномада Бобур хазратлари езадилар Маргилоник йигитлар мохир жангчилар эди...дейди Мухаммадаминбек узбекни мард углони
04.06.2022 17:40
Qabrini tug‘ilgan shahriga ko‘chirib olib kelish va hurmatini joyiga qo‘ysak savobli ish bo‘lar edi.
30.05.2022 16:22
Мухаммад Аминбек. Ифлос большевикларни курбони булган
30.05.2022 16:19
Мухаммад Аминбек. Узбекнинг мард углони. Кабрини Маргилонга олиб келиш керак
16.04.2022 22:22
Agar qahramonlar shu ahvolda bo’lsa kim ularga havas qiladi, kimam ularga o’xshashni g’urur deb biladi? “Haaaa vatan uchun jon fido qilish mana shunaqa xor bolib yotish bolsa bunaqa qahramonlik qilishni nima keragi bor” demaydimi ? Vatanparvarlikni mana shunaqa odamlarimizni ko’kka ko’tarib singdirish kerak yoshlarga, toki ularga o’xshab yashashni fahr deb bilishsin!
16.04.2022 20:56
Мен Мадаминбек тугрисида укигандим, Шуролар билан сулх тузади, халкни талаш улдириш билан шугулланган босмачилар тудасини инсофга чакирмокчи булади ва Куршермат билан учрашувга чикканда Мадаминбекни отиб улдиришади,- дейилганди.
16.04.2022 01:55
Кахрамонларимизнинг кахрамонликларини билмаслик бизни хакикий мустакиллигимизни топишга изн бермайди деб биламан.
16.04.2022 01:32
Ҳақиқат гаплар! Бу инсоннинг номини ҳеч бўлмаганда туғилган жойи Марғилонда абадийлаштириш керак. Миллатимиз ўз қаҳрамонларини билиши лозим!
15.04.2022 21:23
Хукуматга ва парламентга мурожаат йуллаш керакми, Мир Алишер Навоий ва Захириддин Бобурларни кабрлари хам каровсиз, бор макбара хам бузилган.