O`zbek sporti tarixida birinchi bo`lib Olimpiada oltin medali sohibasiga aylangan Lina Cheryazovaning qabri qaerda?

11.09.2021 07:53

Lina Anatolevna Cheryazova – 1968 yil 1 noyabrda Toshkent shahrida tug`ilgan. 

O`zbekistondek quyoshli o`lkadan chiqib qishki sport turlarida muvaffaqiyatli ishtirok etgan Lina Cheryazova tom ma`noda “Qor malikasi” sifatida e`tirof etildi va jahon sportining haqiqiy afsonasiga aylandi.

Xalqaro toifadagi sport ustasi, Evropa chempionatining bronza medali sovrindori (1990), Jahon chempioni (1993), Jahon kubogi bosqichlari Gran-prisi sovrindori (1993, 1994), Norvegiyaning Lillaxamer shahrida o`tkazilgan XVII-qishki Olimpiya o`yinlari chempioni (1994), Xalqaro Olimpiya qo`mitasi xalqaro stipendiyasining faxriy sovrindori.

Cheryazovaning o`zbek sporti rivoji yo`lidagi buyuk xizmatlari O`zbekiston hukumati tomonidan munosib e`tirof etilib "O`zbekiston Respublikasida xizmat ko`rsatgan sportchi", “O`zbekiston iftixori” faxriy unvoni hamda “Mehnat shuhrati” ordeni bilan mukofotlangan.

18 yoshida Lina qishki sport turi chang`i fristaylida o`z imkoniyatlarini sinab ko`rishga qaror qildi. U tramplindan sakrashning barcha murakkabligi va va xavfliligini anglab etgan holda 15-20 metr balandlikdagi bir qator mashqlarni bajarib, chang`ida yumshoq qo`nishni o`rgandi. Oradan 8 yil o`tib o`zbekistonlik 26 yoshli qiz qishki Olimpiya o`yinlari chempioniga aylanishini hech kim tasavvur qila olmasdi. 

1994 yilda Lina Cheryazova jarohat olganiga qaramay, Lillexammer Olimpiadasida ishtirok etdi va eng murakkab dasturni muvaffaqiyatli yakunlab, g`oliblik shohsupasiga ko`tariladi. Shu tariqa Lina Cheryazova o`zbek sporti tarixida birinchi bo`lib Olimpiada oltin medali sohibasiga aylandi.

Uzoq davom etgan va og`ir xastalikdan so`ng 2019 yil 23 martda Lina Cheryazovaning yuragi urishdan to`xtadi. U umrining so`nggi yillarini Rossiyaning Novosibirsk shahrida o`tkazdi va Kleshchinskiy qabristoniga dafn etildi.

Joriy yil 9 sentabrda Lina Cheryazovaning xotirasini abadiylashtirish maqsadida Novosibirsk shahrida Kleshchinskiy qabristoniga yodgorlik o`rnatildi.

Tadbirda O`zbekiston Turizm va sport vazirligi, Milliy olimpiya qo`mitasi, Sportning qishki va murakkab texnik turlari bo`yicha Respublika oliy sport mahorati maktabi, O`zbekiston chang`i sporti federasiyasi, shuningdek, O`zbekistonning Novosibirsk shahridagi Bosh konsulligi vakillari ishtirok etdi.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
14.09.2021 16:47
Бугун сиз Лина Черязова ҳақида билиб оласиз. Бу Википедиядан: Лина Черязова - 1994 йилдаги Олимпия чемпиони - Ўзбекистондан иштирок этиб қишки Олимпия ўйинларининг олтин медалини (ва умуман бошқа истаган медалларини) олган ягона ғолиб, 1993 йилда жаҳон чемпиони, 1990 ва 1991 йилларда СССР чемпиони. Бу эса Википедиядан эмас: 1994 йилда, Олимпиададан икки ҳафта олдин Лина Черязова Норвегияда мусобақага тайёргарлик кўраётган эди. Ўша пайтда онаси вафот этди. Ўзбекистон Олимпия қўмитаси Лина ўйинлардан воз кечмаслиги учун унга бу ҳақда айтмасликка қарор қилди. Нима бўлганини бутун жамоа ва Линанинг барча дўстлари билишар эди. Ҳеч ким унга ҳеч нарса демади (рухсат беришмади). Маълумот учун, Линанинг ота-онаси - Новосибирскдан туғилганлар - 1966 йилда зилзиладан кейин шаҳарни тиклаш учун Тошкентга келишган. Онаси касалликдан вафот этди. Ҳеч ким у кишига диабет касаллигини даволашда ёрдам бермади. Оддий дорилар билан ёрдам беришмади... Олимпиада якунланди. Лина фристайл бўйича ОЛТИН медални қўлга киритди. Ҳозиргача Ўзбекистон учун ягона медаль. Ушбу медални онасига совға қилмоқчи бўлган. "Мен мукофотлаш маросимидан кейин Олимпия марказига қайтиб келганимда, ўзбек каттаконлари келиб, хонага киришимни сўрашди. Шунда онам 2 хафта олдин вафот этганини айтиб, отамнинг хатини топширишди. Бутун ўзбек жамоаси Тошкентдан бўлган ўшанда, тасаввур қилинг-а, улар ҳамма нарсани билар эдилар! Олимпиададан олдин мен жаҳон чемпионатида эдим ва уйга боролмадим. Ўша пайтда онам жуда касал эди - дори йўқ эди... " Қуйида Линанинг интервюсидан олинган гаплар ўқинг. (https://www.mk.ru/…/2…/10/26/176028-nischaya-no-gordaya.html) "Олимпия қумитасининг ўша пайтдаги Президенти Самаранч 1998 йилда Тошкентга Олимпия шон-шуҳрати музейини очиш учун келган эди. Ўшанда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўзи менга "Ўзбекистон фахри" унвонини топширди. Эртаси куни Ўзбекистон Миллий банки мени спорт ишлари бўйича директор ўринбосари этиб тайинлади. Ва дарҳол тоғда қурилаётган базага чиқишимни айтишди. Маълум бўлишича, банк тоғларда катта ҳудудни сотиб олиб, дам олиш масканини қурган. Кейин Тошкентда банк ёнидаги "Старт" стадионини реконструкция қилишни бошлади ва "Сизга тоғдаги дачадан уй берамиз, қайси бирини танласангиз оласиз дейишди. Менинг вазифаларимга мураббийларни танлаш, спорт турларини танлаш, керакли жиҳозларга буюртма бериш кирарди. Мен бу ишни ҳалол қилдим, тўсатдан улар менга: "Мана, энди иш йўқ, чунки стадионда қурилиш ишлари олиб борилмоқда", деб, тоғ базасига боришни таклиф қилдилар: у ерда дам оладиган банк ходимлари билан ишлаб, уларнинг умумий жисмоний тайёргарлигини яхшилашим керак эди. Еб туриш ҳам базанинг ўзида экан. Бордим. Эшикдан бир қадам киритишмади. Эшикни очишмади ҳам. "Ҳамма машиналар рақами бўйича киради, "Сизга жой йўқ! "- дейишди. Қарасам: қорни катта одамлар юрибди, бойлар ... Ва коттежлар хам дабдабали. Жуда хафа бўлдим. Кечагина мамлакат президентига билан учрашгандим, кейин Миллий банк раиси мени қўлимдан ушлаб, энди улар билан ишлашимни, ҳаммаси яхши бўлишини айтганди. Энди эса эшикдан кирғизишмаяпти. Хўрриллаб йиғладим. Уйга қайтай десам, отамга мақтаниб қўйганман менга коттедж беришаркан деб. Жуда хурсанд бўлганди отам. Қайтишга ва бор гапни айтишга уялдим. Қўшни базада таниш русларни топдим. Улар билан бирга яшаб ишлашни таклиф қилишди. Лекин бу инсонларни хижолат қилишни хоҳламагандим. Қисқаси, уларнинг ҳудудида яшадим, улар билан овқатландим, фақат ҳар куни машинада ухлардим. Ҳар куни Миллий банк базаси ҳудудида ишлашга борардим. Кунига икки марта - бир километрдан юриш керак эди. Одамлар билан ишлаш менга ёқди. Aҳён-аҳён Тошкентдан тоғдан озиқ-овқат сотиб олиш учун уйга борардим. Бир кун уйга қайтяпман ... уйим собиқ "Старт" томонида. Қарасам йўл тўсиб қўйилган, милиция ҳеч кимни ўтказиб юбормаяпти. Уларга мен: "Шу ерда яшайман, ўтиб кетишим керак деб айтдим". Тоғларда оёғим лат еганди, юриш қийин. Маълум бўлишича, бу стадионнинг очилиши экан. Шунда: "У ерда миллий банк раиси борми? десам, милиция рўйхатларга кўз югуртирди: "Ҳа, бор деди. "Мени қўйиб юборинг, мен банк ходимиман". - "Сизнинг исмингиз рўйхатларда йўқ. Кирмайсиз дейишди." Ўзимча: «Вой, мен банкда ишлайман, стадионнинг очилишида иштирок этасан деб ваъда беришганди! Мен шу очилишда бўлишим керак. Раис ҳам ўша ерда бўлса олдига бораман ва ҳамма нарсани батафсил айтиб бериб, медалимни топшираман деб ўйладим. Машинада бироз айланиб ўтмоқчи эдим, лекин аввал битта милиция машинаси пайдо бўлди, кейин бошқаси, кейин бир тўда ходимлар автоматлар билан менинг олдимга югуришди. Мени уришни бошладилар! Қўлимдан медал тушиб кетди. Одамлар тик туриб қараб турибди, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаяпти ва ҳеч нарсани тушунмаяпти. Менинг қўлларимни буриб, бошимдан ура бошладилар. Кейинчалик шифохонада мия чайқалиши аниқланди. Мени машинадан бир километр узоққа судраб, милицияга олиб бориб, камерага ташлашди. Маълум бўлишича, стадионни очилишида Ўзбекистон президентининг ўзи қатнашаётган экан. Мен шунчаки банк президенти деб ўйлагандим. Aкс ҳолда киришга ҳам уринмасдим. Қафасдаман... Қўл оғрияпти. Совуқ сув остида қўлимни ушлашим керак дедим. Шунда мени ҳидли ҳожатхонага олиб келишганида, у ерда тишлари тилла бўлган бир неча эркаклар: "Оҳ, фоҳишаларга салом!" дейишди. Қулимда медаль билан аҳмоққа ўхшаб турибман. Эҳтимол, айнан шу дамда Ўзбекистон Президенти стадионни очаётган эди. Кечқурун очилиш телевизорда намойиш этилганда, у мен ҳақимда гапирди. Бу стадионда Лина Черязова сингари, келажакдаги Олимпия чемпионлари етишиб чиқиши ҳақида гапирди. Ярим кун давомида милицияда эдим. Роса текшириб, узоқ вақт мен билан жанжал қилиб, қўйиб юборишди. Мен мураббийга қўнғироқ қилсам, у: «Жуда омадли экансиз, касалхонада бирон бир жойингиз тешилган ҳолда ётишингиз ёки сизга дафн маросими ҳам қилишга тўғри келиши мумкин эди”. Ўшанда мен дадамга ҳеч нарса демадим, яна уялдим. Новосибирскга чипта олдим ва кетдим." 2001 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан Линанинг фотосурати почта маркасида ишлатилган. Бу вақтда Лина аллақачон Россияда яшаётган эди. 1994 йилда олинган жароҳатларнинг оқибатлари туфайли у тўлиқ ишлай олмади (у болалар боғчасида жисмоний тарбия ўқитувчиси эди) ва қашшоқлик ёқасида қолди. 2008 йилда 3 ойлик қизалоқни асраб олди. Узоқ ва оғир касалликдан сўнг 2019 йил 23 мартда вафот этди. Лина Черязованинг олтин медали Москвадаги Спорт шон-шараф музейида.
14.09.2021 16:46
Undan avvalgilarini yozmabsizda! Shumi Sizlarning rostingiz!!!
11.09.2021 16:08
Qaniydi hamma ham uningdek fidoiy bo'la olganda edi.