Судьялар олий кенгаши Президентни алдаб келмоқдами?

04.10.2021 13:43

Ўзбекистонда ўликлардан гувоҳлик кўрсатмасини олиб, судда ҳукм чиқарган судьялар хайфсан олмасдан яна ўз фаолиятини давом эттира олиши ва хатто мансаби ҳам кўтарилиши мумкинми? 

Мумкин, судья Ж.Султонованинг карьера йўли бунинг яққол исботи.

Мурдадан «кўрсатма олиб», қалбаки суд жараёнларини олиб борган судья Ж.Султонова номзоди Хоразм вилояти маъмурий суди раислигига тасдиқланди.

Судья Султонова Шовот туманлараро судининг раислигида фаолият юритган вақтда мурдадан кўрсатма олиб, ҳукм чиқарган. Бу ҳақида эса kun.uz сайтида мақола эълон қилинган эди.

Ажабланарлиси, Судьялар олий кенгаши судьяларни лавозимга тайинлашда шаффофлик ҳукмронлиги ва ҳатто бу борада хориж тажрибалари қўлланиб келинаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келади.

Бугун мана шу хориж тажрибасини ўрганиб, шаффоф тизим яратаётган Судьялар олий кенгаши мурдалар билан мулоқот ўрнатиб, суд қилувчи судья Ж.Султонова номзодини вилоят маъмурий суди раислигига кўрсатган. Унинг номзоди эса Президент томонидан тасдиқланган. Қонунга кўра, Судьялар олий кенгаши вилоятлар маъмурий судлари раислари ва раис ўринбосарлари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Президентга тақдимномалар киритади.

Демак, Кенгаш Ж.Султонованинг бир қанча қалбаки судлари (ОАВда эълон қилиниб тасдиғини топган) бўлишига қарамай унинг номзодини кўтаришга тавсия этган.

Rost24.uz ахборот сайти мухбири бер неча бор судья Султонованинг кейинги фаолияти ҳақида савол билан Судьялар олий кенгаши раиси ва раис ўринбосарларига мурожаат қилган. Кенгаш раиси Х.Ёдгоров Ж.Султонованинг мурдани сўроқ қилганига бир неча йиллар бўлганини рўкач қилиб унга чора кўрилмаслигини маълум қилган.

Судьялар олий кенгашининг шаффоф фаолиятлари ҳақида ахборот берувчи матбуот анжуманларининг бирида Кенгаш шўъба раҳбари Нодира Бобохонова қўпол хатоликларга йўл қўйган судялар қайта лавозимга сайланмаслиги кераклиги таъкидлаб ўтган эди. Бироқ, Кенгаш мурдани сўроқ қилган судьяга ҳам чора кўрмади. Агар бу Кенгаш назарида қўпол хато ҳисобланмаса Ўзбекистон судлари фаолияти ҳақида қандай умумий хулоса чиқариш мумкин?

******

Эслатиб ўтамиз сайтимизда мазкур мавзу юзасидан бир қатор материаллар эълон қилинган:

Ўзбекистон суд тизимида “мурдани сўроқ қилган” судялар ҳам ишлаб келмоқда

Суд тизимидаги аҳвол: Мурдаларни сўроқ қилган судьялар жазоланмаслиги маълум бўлди

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
04.10.2021 19:14
Qo'ynidan to'kilsa-qo'njiga