Халқаро тадқиқотлар ва чиройли статистика рақамлари ҳамиша одамни тўқ кўрсатади. Дунёнинг энг йирик онлайн маълумотлар базасидан бири – Numbeo Тошкентда фаровон яшашнинг ойлик баҳосини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик аввалроқ. Унга кўра, пойтахтда бир кишининг ижара тўламасдан «яхши яшаши» учун ойига 6 млн 343 минг сўм керак эмиш. Агар оила 4 кишидан (эр-хотин ва икки фарзанд) иборат бўлса, бу рақам 23 млн 512 минг сўмга етади.
Бироқ, ташкилот тақдим этган батафсил ҳисобот саҳифаларига чуқурроқ кўз югуртирсак, рақамлар ортидаги мантиқсизлик ва соф ўзбекона воқелик ўртасидаги улкан жарлик яққол кўзга ташланади. Пойтахт аҳолиси ҳақиқатан ҳам тўйиб овқатланяптими ёки фақат маошдан маошгача «жон сақлаяптими»? Келинг, ўзимиз билган математикани ишга соламиз.
Бир киши яшаш харажатлари учун чўнтак таҳлили
Numbeo ҳисоб-китобича, Тошкентда 1 кг мол гўшти 137,9 минг сўм, 12 дона тухум 22,4 минг сўм, 1 кг маҳаллий пишлоқ эса нақд 105,7 минг сўмни ташкил этади. База харажатларнинг бор-йўғи 30 фоизга яқинини озиқ-овқатга ажратган.
Аммо бугунги Тошкент бозорларидаги асл ҳақиқат ва нархлар бутунлай бошқача. Биргина тирикчилик учун зарур бўлган гўшт, ёғ, ун, картошка ва кундалик сабзавотларни ҳисобласак, бир кишининг уйда овқатланиши учун камида 3 - 3,5 млн сўм фақат қозон-учоқ харажатларига кетади.
Бунга маиший хизматларни қўшинг. База статистикасида каттароқ (85 кв.м) хонадон учун коммунал тўловлар 679 минг сўм деб кўрсатилган. Келинг, реал ҳаётга қайтамиз. Пойтахтдаги аксарият аҳоли узоғи билан ўртача 50 квадрат метрли уйларда яшайди. Бундай уй учун свет, газ, иссиқ сув, иситиш тизими ва ЖЕК учун тўловлар ойига кам деганда 400 минг сўмга айланади. Кабелли интернетнинг ўртача баҳоси эса 150 минг сўм. Демак, ҳеч қаерга чиқмай, фақат уйда ўтириб, светни ёқиб, бепул шахсий уйида яшаган тақдирда ҳам 6,5 млн сўмлик маошнинг сезиларли қисми маиший эҳтиёжлар учун қурбон бўлиб кетади. Йўлкира, кийим-кечак ва кутилмаган соғлиқ муаммоларини ҳисобласак, 6,5 миллион сўм «фаровон яшаш»га эмас, шунчаки «қарзга ботмай кун кўриш»га етади, холос. Қариндош-уруғнинг туғилган куни, тўй-томошасини ҳисобга олиш шарт эмас бунга.
Боғча, мактаб ва фарзанд «инжиқликлари»
Энди масаланинг энг оғриқли томонига ўтамиз. Эрталабдан кечгача меҳнат қилаётган оддий ўзбек оиласини тасаввур қилинг: эр, хотин ва икки нафар боғча ва мактаб ёшидаги фарзанд. Numbeo уларнинг ижарасиз фаровон яшаши учун 23,5 млн сўм маблағ эълон қилди.
Халқаро экспертлар ўзбек оиласининг мажбурий чиқимларини ҳисобга олишмаган. Статистикага кўра, Тошкентда битта боланинг хусусий боғчадаги бир ойлик тўлови ўртача 3 млн 793 минг сўмни ташкил этади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, давлат боғчасига навбат кутиш учун йиллар керак бўлади. Ўртача уйда очилган хусусий боғчалар ҳам индамайгина 1 млн 300 минг атрофида нархни қўйиб олишган ўзларига. Агар ота-она мажбурликдан боласини хусусий боғча ёки мактабга берса, икки фарзанднинг ўзига бир ойда қарийб 7-8 миллион сўм пул шундоққина кетиб қолади. Ва ота-оналар боласини хусусий боғча ва мактабларга беришга ошиқишмоқда, чунки у ерда тил ўрганади ва боласи қайсидир маънода эркин фикрлаш кўникмасига эга бўлади. Ҳарқалай улар шундай ўйлашяпти. Давлат боғчаси ва мактабида ҳам синф фонди, тадбирлар ва тўгараклар билан ҳар ой чўнтакдан камида 1 миллион сўм чиқим бўлиб кетади.
Бола барибир бола-да. Ойда бир марта уларни пойтахтдаги бирор истироҳат боғига олиб борсангиз, Numbeo таҳлилининг ўзида битта кино чиптаси 70 минг сўм деб белгиланган. Иккита боланинг карусель учиши, кинога кириши, музқаймоқ ва ширинлиги учун камида 150-200 минг сўм кетади. Бу рақамларни оддий оиланинг ойлик бюджетига қўшганда, халқаро ташкилот айтган «23,5 миллионлик фаровон ҳаёт стандарти» оддий ўзбек оиласи учун хато ҳисоблангандек кўринади.
Дори-дармон — ойлик бюджетни шилувчи янги «солиқ»
Бугунги кунда шамоллаш, грипп ва турли вируслар шундай бало бўлдики, маҳаллийлашиб, оммавий хуруж қиладиган одат чиқарди. Ойда бир марта оилавий шамолламайдиган ёки касал бўлмайдиган хонадоннинг ўзи йўқ.
Бугун Тошкент дорихоналаридаги нархларни кўриб, одамнинг тўғри маънода иситмаси чиқиб кетади. Оддий йўталга қарши сироп, антибиотик ва витаминлар тўплами олинганда, ҳар бир оила аъзоси учун камида 200 минг сўмдан харажат тўғpи келади. Оилада 4 киши бўлса, биргина мавсумий шамоллашнинг ўзи оила бюджетига 800 минг сўмлик кутилмаган зарба беради. Соғлиқни сақлаш ва дори-дармон харажатлари аллақачон оилаларнинг мажбурий ва энг оғир чиқимига айланиб бўлди.
«Уй-жой қиламан» деган одам оч қолиши керакми?
Мақоланинг энг оғриқли қисми ва Numbeo тадқиқотининг энг заиф нуқтаси ижара ва уй-жой масаласидир. Халқаро база бу ҳисоб-китобларни «ижара тўламасдан» деб айтиб, ўзини сувдан қуруқ чиқармоқчи бўлади.
Лекин уларнинг ўз статистикасида шаҳар марказидаги 1 хонали уйнинг ижараси ўртача 7 млн 466 минг сўм, шаҳар чеккасида эса 4 млн 444 минг сўм экани расман ёзиб қўйилган.
Хўш, пойтахтда ўз уйи йўқ, ижарада турадиган минглаб ёш оилалар нима қилсин? Агар бир хонали уйнинг ижараси учун кам деганда 4,5 миллион сўм тўланса, бир киши топган 6,5 миллион сўмлик маошидан қўлида бор-ёғи 2 миллион сўм пул қолади. Бу пулга бола боқиш керакми, боғчага тўлаш керакми, касал бўлса дори олиш керакми ёки тўйиб овқатланиш керакми?
Уй-жой нархлари квадрат метрига 1000 доллардан ошиб кетган Тошкентда оддий фуқаро қандай қилиб бошпана сотиб олади? Ижарада яшаб, кундалик қиммат маҳсулотларни истеъмол қилиб, бола ўқитиб уй олиш учун пул жамғариш бугунги кундаги мутлақо имконсиз миссиядир.
Статистика тўқ, халқ-чи?
Numbeo тадқиқоти ва ундаги рақамлар бир ҳақиқатни очиб беради. Тошкент аллақачон яшаш қиймати бўйича жаҳондаги қиммат шаҳарлар рўйхатига дадил кириб бормоқда. Аммо муаммо шаҳарнинг қимматлигида эмас, балки аҳоли даромадларининг бу қимматчиликка параллель равишда ўсмаётганида, боғча, мактаб, тиббиёт ва маиший харажатларнинг фуқаро елкасига оғир юк бўлиб тушаётганидадир.
Агар масъул идоралар фақат «рақамлаштириш ва шаффофлик» шиорлари ортига яшириниб, бозордаги реал нарх-наво, дорихоналардаги вазият ва аҳолининг реал харид қобилияти ўртасидаги жарликни кўрмаса, гўшт ва сутнинг нархи фақат халқаро статистика саҳифаларида «чиройли» бўлиб қолаверади.
Халқ тўйиб овқатланиши ва келажакка ишонч билан уй-жой қилиши учун рақамлар эмас, асл яшаш тарзимизни ўзида фаровон бўлиши шарт. Йўқса бу катта шаҳарда кишилар фақат статистикадагина бахтли бўлиб, кредит деган ёв билан курашишда яшаб ўтиб кетадилар. Хулоса ўзингиздан...