21 та ижодий бирлашма, 300 миллионлик мукофот ва 200 миллиардлик жамғарма

01.06.2026 16:37

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маданият, санъат, адабиёт ва креатив иқтисодиёт соҳалари вакиллари билан учрашув ўтказиб, соҳани мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли ташаббус ва ислоҳотларни эълон қилди.

Давлат раҳбари учрашувдан кўзланган асосий мақсад соҳадаги муаммоларга ечим топиш, истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда адабиёт, маданият, санъат ва креатив иқтисодиётда янги муҳит яратиш эканини таъкидлади.

Янги тизимга мувофиқ, театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу санъати, тасвирий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади. Ушбу бирлашмаларга машҳур устоз санъаткорлар билан бир қаторда вазирлар ва йирик компаниялар раҳбарлари ҳамраис бўлади. Улар ҳудудлардаги маданият муассасалари, мусиқа мактаблари ва ижодий жамоалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланади.

Ёш истеъдодларни рағбатлантириш мақсадида 1 сентябрдан бошлаб республика танловлари ғолибларига 100 миллион сўм, нуфузли халқаро танловлар совриндорларига эса 300 миллион сўмгача мукофот пули берилади. Улар иштирок этадиган халқаро танловлар билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан қопланади. Шунингдек, уларнинг устоз ва мураббийларига ойлик маошининг 100 фоизигача устама тўланади. Бу имтиёзлар хусусий ижодий жамоаларга ҳам татбиқ этилади.

Ҳар йили 100 нафар иқтидорли ёш давлат ҳисобидан хориждаги нуфузли маданият ва санъат таълим муассасаларида ўқитилади. Шу билан бирга, истеъдодларни кашф этиш ва продюсерлик лойиҳаларини ривожлантириш учун «Ижодга инвестиция» жамғармаси ташкил қилиниб, унга ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилади.

Учрашувда адабиёт соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда ҳар йили камида 50 та энг яхши асар учун ижодий буюртма берилади. Ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилиниб, муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлари ўтказилади. Шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан нашр этиладиган китобларнинг қоғос харажатлари давлат томонидан қопланади.

Ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида мамлакат бўйлаб китоб дўконлари, кутубхоналар ва бук-кафелар сони кўпайтирилади. Ҳар бир вилоят ҳокимига йил якунига қадар чекка ҳудудлардаги 50 тадан 100 тагача маҳаллада намунавий кутубхона ва китоб дўконларини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

Президент ўз нутқида миллий руҳ ва миллий ғояни мустаҳкамлашда санъатнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, халқ қалбига таъсир қиладиган, Ватанга муҳаббат ва миллатга садоқат туйғуларини кучайтирувчи қўшиқлар, романлар, спектакллар ва фильмлар яратиш муҳимлигини қайд этди. Шу муносабат билан ҳар йили мазкур йўналишларда махсус танловлар ўтказилиб, Гран-при соҳибларига қўшимча грантлар ажратилади.

Шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги турли ёт ғояларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш мақсадида ижодкорларнинг рақамли макондаги фаоллигини ошириш зарурлиги таъкидланди. Янги ташкил этиладиган ижодий бирлашмалар маҳалла ва жамиятдаги бирдамлик, оилани мустаҳкамлаш, ҳалол меҳнат, табиатни асраш, соғлом турмуш тарзи, миллий ғурур ва шукроналик каби мавзуларда таъсирчан асарлар яратиши лозимлиги қайд этилди.

Маданият ва санъатни иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айлантириш мақсадида креатив иқтисодиёт ҳажмини яқин йилларда 145 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун креатив индустрия парклари резидентлари учун алоҳида солиқ режими жорий этилган, Тошкент шаҳри ва Нукусда йирик креатив парклар барпо этилмоқда. Шунингдек, пойтахтда сентябрь ойида Замонавий санъат маркази иш бошлайди.

Давлат раҳбари маданият ва санъат халқлар ўртасидаги энг мустаҳкам кўприк эканини таъкидлаб, миллий маҳсулотларнинг дизайни ва халқаро танилишига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ҳунармандларни халқаро кўргазмаларга олиб чиқиш, хорижлик дизайнерлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилади.

Учрашув якунида ҳар бир ҳудудда халқаро миқёсдаги маданий тадбирлар ва фестивалларни мунтазам ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Қайд этилишича, Наманганда ўтказилаётган Гуллар фестивали қисқа вақт ичида 1,5 миллиондан ортиқ сайёҳни жалб этиб, мамлакатнинг маданий салоҳияти ва туризм имкониятларини яна бир бор намоён этди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар