2026 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистон ташқи савдосида импорт ҳажми сезиларли ошди. Айниқса, бензин ва табиий газ импорти кескин кўпайган ва мамлакат ярим йиллик танаффусдан кейин илк бор йирик ҳажмда олтин экспорт қилган.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакат 9,97 миллиард долларлик экспорт ва 16,35 миллиард долларлик импортни амалга оширган. Натижада, ташқи савдо айланмасида салбий фарқ 6,38 миллиард долларга етган.
Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 16,8 фоизга қисқарган бўлса, импорт 26,7 фоизга ўсган.
Экспорт таркибида хизматлар етакчи ўринни эгаллайди. Тўрт ой мобайнида хизматлар экспорти 3,46 миллиард долларга етиб, умумий экспортнинг қарийб 35 фоизини ташкил қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 32,6 фоизга юқори.
Шунингдек, апрель ойида Ўзбекистон ярим йиллик танаффусдан кейин яна олтин экспорт қилишни бошлаган. Бир ойнинг ўзида 1,5 миллиард долларлик олтин сотилган бўлиб, бу январь–апрель ойларидаги умумий экспортнинг 15,1 фоизига тенг бўлган.
Саноат маҳсулотлари экспорти 1,5 миллиард долларга, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти эса 753 миллион долларга етган. Мева-сабзавот экспорти 463 миллион доллар, донли экинлар экспорти эса 205,9 миллион долларни ташкил этган.
Минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари экспорти 447,5 миллион долларга етган. Шу жумладан, нефть маҳсулотлари экспорти 234,3 миллион доллар бўлиб, бир йил ичида 55 фоизга ошган.
Табиий газ экспортида эса пасайиш кузатилган. Тўрт ойда 129,4 миллион долларлик газ экспорт қилинган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,2 фоизга камдир. Электр энергияси экспорти ҳам 4,2 фоизга қисқариб, 82,8 миллион долларни ташкил этган.
Импорт таркибида эса, асосий улушни машиналар ва транспорт воситалари ташкил қилмоқда. Уларнинг умумий ҳажми 5,5 миллиард долларга етиб, мамлакат умумий импортининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этган.
Автомобиллар импорти 1,3 миллиард долларга, электр ускуналари ва жиҳозлари импорти эса 1 миллиард долларга етган.
Шу билан бирга, мамлакат 1,9 миллиард долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар ҳамда 1,44 миллиард долларлик минерал ёқилғилар импорт қилган.
Энг катта ўсиш бензин ва газ импортида қайд этилди. Хусусан, бензин импорти 327,1 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар ошган. Дизель ёқилғиси импорти ҳам 20 фоизга кўпайиб, 185,6 миллион долларни ташкил этган.
Табиий газ импорти эса, янада юқори суръатларда ўсган. Январь–апрель ойларида Ўзбекистон 508,3 миллион долларлик газ импорт қилган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 53,6 фоизга кўп.
Ташқи савдодаги асосий ҳамкорлар орасида Хитой етакчиликни сақлаб қолди. Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 6,2 миллиард долларга етган. Кейинги ўринларни Россия (4,5 миллиард доллар), Қозоғистон (1,8 миллиард доллар), Туркия (920,6 миллион доллар) ва Афғонистон (728,2 миллион доллар) эгаллаган.
Ўзбекистон энг кўп экспортни Россияга амалга оширган бўлса, импорт бўйича асосий шерик сифатида Хитой ўз мавқеини сақлаб қолмоқда.
Бензин ва газ импортининг кескин ўсиши мамлакат ички эҳтиёжининг ортиши ҳамда энергетика соҳасидаги мавжуд талаб билан изоҳланиши мумкин.