Пул эвазига тезлик: Тошкентдаги пулли йўллар лойиҳаси кимга ва нима учун керак?

03.06.2026 18:19

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков Хитойга ташрифи давомида “China Railway Construction Corporation” компанияси билан пойтахтда қарийб 100 километрлик пулли ҳалқа йўли ва янги халқаро аэропортга олиб борувчи пулли магистрал қуриш масаласи муҳокама қилинди. Бу хабар ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

Хўш, шундоқ ҳам тирбандликлар ва экологик муаммолар гирдобида қолган пойтахт учун пулли йўллар ҳақиқатан ҳам нажот чорасими ёки шаҳарсозликдаги навбатдаги хато стратегиями?

Жой муаммоси: 100 километрлик янги йўл қаердан ўтади?

Тошкент бугунги кунда ер ресурслари ниҳоятда чекланган, зич қурилган мегаполисга айланиб улгурди. Шаҳар ичида янги магистрал у ёқда турсин, оддий пиёдалар йўлаги ёки яшил ҳудуд учун жой топиш муаммо. Шундай экан, қарийб 100 километрлик йирик инфратузилма объекти қаерда қурилади?

Агар бу лойиҳа мавжуд йўлларни пулли қилиш ҳисобига амалга оширилса, бу аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Агар янги йўналишлар очиладиган бўлса, демак, юзлаб турар жойлар, тадбиркорлик объектлари ва эҳтимол, яшил ҳудудларнинг бузилиши (снос) муқаррар. Бу эса ижтимоий кескинликнинг янги ўчоғини яратади.

Мақсад йўл хавфсизлигими ёки даромад?

Сўнгги йилларда Тошкентда тезлик чекловлари камайтирилаётгани, фоторадарлар сони ортаётгани йўл-транспорт ҳодисаларини (ЙТҲ) камайтириш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш шиорлари остида амалга оширилмоқда. Бироқ, "пул тўласангиз, тезроқ ва алоҳида йўлдан юрасиз" деган мантиқнинг ўртага ташланиши шаҳар маъмуриятининг асл ниятини шубҳа остига қўяди.

Бу вазият жамоатчиликда шундай хулосани уйғотяпти: шаҳар кўчаларида хавфсизликни таъминлаш эмас, балки ҳайдовчилардан муқобил ва қиммат йўллар орқали пул ундириш устувор вазифага айланиб бормаяптими? Бой ва камбағал ҳайдовчилар тоифасини яратиш орқали йўлларда ижтимоий тенгсизлик юзага келмайдими?

Биз дунёдан нимани ўрганяпмиз?

Ривожланган давлатлар (жумладан, Европа ва Осиёнинг етакчи мамлакатлари) шаҳар ичидаги тирбандликни йўлларни кенгайтириш ёки пулли магистраллар қуриш орқали эмас, балки мутлақо бошқача усуллар билан ҳал қиляпти:

— Одамлар шахсий машинасидан кўра қулай, тезкор ва арзон метрополитен, автобус ёки трамвайни афзал кўриши керак.

— Шаҳар марказига шахсий машинада киришни қийинлаштириш ва жамоат транспортига устунлик бериш (масалан, алоҳида йўлаклар).

Бизда эса жамоат транспорти тизими ҳали тўлиқ изига тушмасдан, одамларга қулай ва сифатли муқобил тақдим этилмасдан туриб, шаҳар ичида пулли йўллар ҳақида гап очилиши мантиқсизликдир. Хориж тажрибасидан фақатгина пул ишлашга қаратилган лойиҳаларни эмас, балки "инсон қадри ва қулайлиги" тамойилига асосланган шаҳарсозлик моделларини олиш керак эмасми?

Пулли йўлга эҳтиёж қолмаслиги керак

Аслида Тошкентга пулли йўллар эмас, пулли йўлга эҳтиёж қолдирмайдиган замонавий, узлуксиз ва қулай жамоат транспорти керак. Ҳокимлик таклиф этаётган лойиҳа тирбандлик муаммосини ҳал қилмайди, балки уни шунчаки пулли йўлдан бепул йўлларга — оддий халқ тирбанд бўлиб турган кўчаларга кўчиради, холос. 

Инфратузилма бизнес лойиҳаси эмас, балки ижтимоий мажбуриятдир. Шаҳар маъмурияти қарор қабул қилишди инвесторларнинг ҳамёнини эмас, пойтахт аҳолисининг манфаатларини биринчи ўринга қўйиши шарт.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар