Халқ дардини эшитиш ҳам тижоратми? Давлат идораларининг «ишонч телефонлари» кимнинг чўнтагини тўлдирмоқда?
Бугун мамлакатда давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган бош мезон, ўзгармас тамойил шу. Шахсан Президентнинг ўзи ҳар бир чиқишида, йиғилишида аҳоли дардини эшитиш, муаммоларга ичкаридан, тизимли ечим топиш ҳақида гапиради, давлат ташкилотларини халқнинг ичига киришга, унга яқинлашишга чақиради.
Бироқ, юқоридаги баландпарвоз шиорлар ва президентнинг сиёсий иродаси қуйи бўғиндаги ижрочиларнинг «ўйинлари» олдида ботиб қолаётгандек. Бугун Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг «ишонч телефонлари» халқ муаммосини ҳал қилиш воситасидан кўра, пухта ўйланган пул ундириш механизмига соф тижорат моделига айланиб қолгани ачинарли ҳолатдир. Ишониш қийин, аммо факт шуки, бугун мамлакатда давлат идорасига адолат излаб бориш, қонунбузарлик ёки коррупция ҳақида хабар бериш учун ҳам аввал чўнтакда пул бўлиши керак!
Келинг, масаланинг энг оғриқли ва инсоний томонига қарайлик. Давлат идорасининг «ишонч телефони»га кимлар қўнғироқ қилади? У ерга ҳеч ким вақти кўплигидан ёки шунчаки эрмакка сим қоқмайди. У ерга бошига оғир мусибат тушган, маҳаллий амалдорларнинг эшигидан ҳайдалиб, ҳуқуқи топталган, ноҳақликдан юраги қон бўлган оддий фуқаро қўнғироқ қилади. Оиласини боқа олмай чорасиз қолган аёл, ҳаққини ундира олмаётган ишчи ёки коррупция ботғоғига дуч келиб, адолат излаётган тадбиркор қўнғироқ қилади.
Улар гўшакни қўлга олганда руҳий жиҳатдан ниҳоятда оғир, тушкун ва эзилган аҳволда бўлишади. Давлатнинг «ишонч рақами» улар учун сўнгги умид, сўнгги нажот қалъаси бўлиб кўринади. Аммо ўша оғир вазиятда уларни давлат қандай кутиб олмоқда? Мадад ва тинглагувчи қулоқ ўрнига совуқ ва беписанд автоматик овоз эшитилади: «Ҳисобингизда маблағ етарли эмас».
Жабрдийда инсон у ёқда турсин, оддий одамнинг ҳам бундай пайтда дунёси қоронғи бўлиши табиий. Наҳотки давлат ўз фуқаросини шу қадар бағритошлик билан қарши олса? Жиноятни фош қилмоқчи бўлган, бошига адолатсизлик тушган оғир аҳволдаги инсонга «аввал пул тўла, кейин дардингга қулоқ соламан» дейиш қайси инсонийлик мезонларига тўғри келади?
Сўзимиз исботи учун биз бир қатор давлат идоралари ва вазирликларнинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб кўрдик. Афсуски, мурожаат учун тақдим этилган қисқа рақамларнинг аксарияти пулли экани маълум бўлди.
Жумладан, Бош прокуратура, Мажбурий ижро бюроси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигига мурожаат қилиш учун фуқаро маблағ сарфлашига тўғри келади.
Қўнғироқ қилинган ташкилотлар орасида фақат Ички ишлар вазирлиги тизими мурожаатга тезкор муносабат билдириб, қайта қўнғироқ қилиш орқали ҳолат билан қизиқди. Қолган ҳолатларда эса, фуқаро ўз дардини айтиш учун ҳам аввал ҳисобида маблағ бўлиши керак.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, коррупция, мансабдорлар томонидан қонун бузилиши ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш учун мўлжалланган Бош прокуратуранинг ишонч телефони ҳам фуқаролардан қўшимча харажат талаб қилади. Аслида эса, жиноят ва коррупция ҳақида ахборот бериш имкон қадар содда ва тўсиқларсиз бўлиши керак.
Наҳотки, коррупция ҳақида хабар бериш, ҳуқуқбузарликдан шикоят қилиш ёки адолат излаш ҳам пулли хизматга айланиб улгурган бўлса? Давлат идораларининг ишонч телефонлари халққа хизмат қилиш воситасими ёки қўшимча даромад манбаими?
«Мусиқа тинглаганингиз учун раҳмат, ҳисобингиздан пул ечилди!»
[30.05.2026 16:22] Малак опа: Мабодо бахтингиз чопиб, телефонингиз балансида пул бўлса, сизни иккинчи босқичдаги тизимли «тузоқ» кутиб олади:
Операторга улангуча камида 10–15 дақиқалаб асабни эговловчи «сунъий навбат» ва мажбурий мусиқа эшиттирилади.
Энг аламлиси, сиз гўшак ушлаб навбат кутаётган ва операторнинг пайдо бўлишини илтижо қилаётган ҳар бир сониянгиз учун мобил операторингиз ҳисобингиздан пул қирқишни бошлайди.
Муаммо у ёқда қолиб, масъул ходим билан гаплашиб бўлгунингизча телефонингиз баланси аллақачон «минус»га кириб бўлади.
Бунинг номи қонунийлаштирилган талончилик эмасми? Ахир давлат идорасига мурожаат қилиш товар ёки хизмат сотиб олиш эмас. Бу фуқаронинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқи. Ҳуқуқни амалга ошириш учун қўшимча ҳақ ундириш эса, давлат билан фуқаро ўртасидаги ишончга путур етказади. Халқ давлат идорасига арз қилиши, жамиятдаги камчиликни кўрсатиш учун нега кимгадир пул тўлаши керак? Президент «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган мезонни кун тартибига қатъий қўйган бир вақтда, вазирликлар бу мезонни ўзлари учун фойдали «бизнес-модель»га айлантириб олишганини қандай тушуниш мумкин?
Бюджет миллиардлари қаёққа кетмоқда ёки мурожаатлар учун атайин қўйилган «фильтр»
Давлат ташкилотлари бу шармандали ҳолатни, масъулиятни ўзларидан соқит қилган ҳолда, «Алоқа операторларининг тарифлари» ёки «Техник харажатлар» деб хаспўшлашга уринишлари ҳам мумкин. Бу жамоатчиликни аҳмоқ қилишдан бошқа нарса бўлмаган, мутлақо асоссиз баҳона.
Биринчидан, ҳар йили давлат бюджетидан (яъни, айнан ўша оддий солиқ тўловчиларнинг чўнтагидан) ҳар бир вазирлик ва қўмитага, уларнинг ахборот тизимлари ва Call-марказларини сақлаш учун миллиардлаб маблағлар ажратилади. Бу пуллар қаерга кетяпти? Халқнинг арзини бепул эшитишга ярамаган тизимга бюджетдан миллиардлаб пул ажратиш нечоғлик мантиқли?
Иккинчидан, бу ҳолатлардан мурожаатлар сони сунъий равишда пасайтирилсин деган мақсад яширингандек таассурот уйғонади. Мақсад: битта оғир аҳволдаги, пули кам аҳоли имкон қадар камроқ қўнғироқ қилсин, шикоятлар сони сунъий равишда пасайтирилсин, идоралар эса ортиқча бошоғриқсиз, тинчроқ ўтиришсин.
Чунки, қўнғироқ учун пул кетишини, ҳисоби куйишини билган фуқаро охир-оқибат қўл силтаб кетади. Ижрочиларга эса айнан шу керак, муаммолар хаспўшланса, статистика «чиройли» чиқаверади. Бу эса, халқ дардини эмас, балки мурожаатлар сони камайганини кўрсатувчи сохта ҳисоботларнигина даволайди.
Бу тизим кимга хизмат қиляпти: халққами ёки монополистларгa?
2026 йил — рақамлаштириш, сунъий интеллект ва юксак очиқлик даври деб жар соляпмиз. Дунёнинг ривожланган давлатлари у ёқда турсин, қўшни мамлакатларда ҳам давлатнинг ҳар қандай Call-марказлари ва ишонч телефонлари мутлақо бепул «Toll-free» тизимида ишлайди. Чунки давлат билан мулоқот қилиш фуқаронинг табиий ва конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади.
Бизда эса, фуқаро коррупцияни фош қилмоқчи бўлса ҳам, ҳуқуқи бузилганини айтмоқчи бўлса ҳам аввал телефон балансини тўлдириши шарт. Шунда мантиқий шубҳа туғилади, давлат вазирликлари алоқа операторлари билан яширин келишув тузганми ёки уларнинг улушига шерикми? Бошқача мантиқий тушунтиришнинг ўзи йўқ. Агар бу шериклик бўлмаса, унда нега алоқа соҳасига масъул вазирликлар бу тизимли ноҳақликка кўз юмиб келмоқда?
Давлат ташкилотларининг барча «ишонч телефонлари» ва қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш фуқаролар учун мутлақо бепул бўлиши керак. Бу халққа кўрсатилаётган имтиёз ёки илтифот эмас, бу фуқаронинг қонуний ҳаққидир!
Ушбу тизимнинг техник харажатлари ташкилотларнинг ўзига ажратиладиган бюджет маблағлари ёки Рақамли технологиялар вазирлиги ҳисобидан қопланиши шарт. Халқ аллақачон ўз солиқларини тўлаб қўйган.
Агар вазирлик ва қўмиталар оддий халқнинг бошига иш тушганда, оғир аҳволда қолганда унинг дардини бепул эшитишни ҳам уддалай олишмаётган бўлса, унда «ишонч телефони» деган баландпарвоз шиор ортига яшириниб, одамларни овора қилишни тўхтатишсин ва ўша марказларини бутунлай ёпиб қўя қолишсин.
«Ишонч» деган муқаддас ва умидбахш тушунча фуқаронинг телефон баланси ёки чўнтагидаги пули билан ўлчанмаслиги лозим.
«Rost24.uz» таҳририяти Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан ушбу «пулли тузоқлар» юзасидан аниқ ва очиқ расмий изоҳ талаб қилади.
Ижрочиларнинг президент сиёсатига мутлақо зид бўлган бу «бизнес ўйинлари»га қачон чек қўйилади? Халқ дардини эшитиш қачон ҳақиқий маънода бепул бўлади? Таҳририят мазкур ҳолат юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги, мобил алоқа операторлари ҳамда мақолада тилга олинган давлат идораларидан расмий изоҳ кутади. Биз мавзуни кузатишда давом этамиз.