Самарқандда ўз ишини бошлаган Глобал экологик жамғарманинг (GEF) 8-Ассамблеяси доирасида Саида Мирзиёева Президент Шавкат Мирзиёевнинг табригини форум иштирокчиларига ўқиб эшиттирди.
Таъкидланишича, нуфузли халқаро анжуман Марказий Осиё ва бутун дунё учун долзарб бўлиб қолаётган иқлим ўзгариши ҳамда экологик муаммолар юзасидан очиқ мулоқот ва амалий ечимларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, мазкур тадбир Ўзбекистоннинг глобал экологик кун тартибидаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Ассамблея доирасида ташкил этилган “Eco Expo Central Asia–2026” кўргазмасида “яшил” иқтисодиёт ва экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 80 миллион долларлик грантлар ҳамда 520 миллион доллардан ортиқ инвестициялар жалб этиш бўйича келишувлар имзоланди.
Қайд этилишича, эндиликда асосий вазифа ушбу ташаббус ва лойиҳаларни амалиётга самарали татбиқ этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитни асрашга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришдан иборат.
Айни пайтда Глобал экологик жамғарманинг 8-Ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia–2026” тадбирларида дунёнинг 180 та мамлакатидан 8,5 мингдан ортиқ мутахассис ва эксперт иштирок этмоқда.