Дунё элитаси қаерда таҳсил олади? Гарварддан Оксфордгача топ-5 университет

06.06.2026 06:46

Ҳар гал танишим ёки яқинларим қайсидир фандан сертификат олса ёки IELTS топширмоқчи бўлса, мен уларга бир саволни бераман: «Хўш, қаерга ўқишга топширмоқчисан?»

Улар эса бироз ўйланиб, турли жавобларни айта бошлайди. Кимдир юртимиздаги олийгоҳларни санайди, яна кимдир АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатлардаги университетларни тилга олади. Аслида бу савол нафақат менинг, балки ўқишга қизиққан ҳар қандай ёшнинг хаёлидан ўтади. Чунки бугунги кунда кўпчилик ёшлар ўз келажагини билим билан қуришни, дунёни кўришни ва ўз имкониятларини кенгайтиришни истайди.

Келинг, бугун ана шундай изланувчан ёшларга ва шижоатли абитуриентларга фойдали бўладиган, дунёдаги энг кучли топ-5 университет ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

 

“QS World University Rankings 2025” расмий рейтингига кўра, энг юқори натижа қайд этган бешта университет қуйидагилар:

5-ўрин — Кембриж университети (Буюк Британия)

Кембриж университети Буюк Британиядаги энг машҳур ва нуфузли олийгоҳлардан бири ҳисобланади. У нафақат Англияда, балки бутун дунёда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга.

Университет 1209 йилда ташкил этилган. Кембриж илмий кашфиётлар маркази сифатида ҳам танилган. Машҳур физик Исаак Ньютон шу ерда фаолият юритган. Университет кучли илмий анъаналари билан ажралиб туради ва математика, физика ҳамда табиий фанлар соҳасида дунё етакчиларидан бири ҳисобланади. Бу ерда талабалар сокин илмий муҳитда таҳсил олиб, чуқур тадқиқот ишларини олиб боришга ўргатилади.

4-ўрин — Гарвард университети (АҚШ)

1636 йилда ташкил этилган Гарвард университети АҚШдаги энг қадимги университет ҳисобланади.

Бу ерда таҳсил олган кўплаб талабалардан кейинчалик йирик компаниялар раҳбарлари, президентлар ва машҳур олимлар чиққан. Гарварднинг кутубхона тизими дунёдаги энг йирикларидан бири саналади. Кўпчилик учун Гарвард муваффақият рамзи ҳисобланади. Шу боис, бу университетда ўқишни орзу қилувчилар ҳам, уни битирганлар ҳам ҳар доим алоҳида қизиқиш уйғотади.

3-ўрин — Оксфорд университети (Буюк Британия)

Тахминан 1096 йилдан бери фаолият юритиб келаётган Оксфорд университети дунёдаги энг қадимги университетлардан биридир.

Бу ерда таълим анъанавий услубда ташкил этилган: талабалар кичик гуруҳларда ўқиб, профессорлар билан бевосита мулоқот қилади. Университет бинолари ўрта аср қалъаларини эслатади ва ўзига хос муҳит яратади. Кўплаб бош вазирлар, олимлар ва машҳур ёзувчилар айнан шу ерда таҳсил олган. Оксфордда ўқиш тарих ва замонавий илм-фан уйғунлигини ҳис этиш демакдир.

2-ўрин — Империал коллеж Лондон (Буюк Британия)

1907 йилда ташкил этилган Империал коллеж Лондон илм-фан, муҳандислик ва тиббиёт соҳаларига ихтисослашган нуфузли университетдир.

Бу ерда талабалар фақат китоб ўқибгина қолмай, лабораторияларда ҳақиқий илмий тадқиқотлар билан ҳам шуғулланади. Лондон марказида жойлашгани сабабли, улар дунёнинг йирик илмий марказлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга. Университет, айниқса тиббиёт, муҳандислик ва технология соҳаларида жуда кучли ҳисобланади.

1-ўрин — Массачусетс технология институти (MIT, АҚШ)

Рўйхатимизнинг энг юқорисидан жой олган олийгоҳ — Массачусетс технология институти.

У 1861 йилда ташкил этилган бўлиб, саноат жадал ривожланаётган даврда илмни амалий ҳаёт билан боғлаш мақсадида очилган. Шу сабабли, бу ерда назариядан кўра амалиётга катта эътибор қаратилади. Талабалар роботлар яратади, сунъий интеллект технологиялари устида ишлайди ва турли инновацион лойиҳаларни амалга оширади.

Бугунги кунда дунёдаги кўплаб технологик компаниялар айнан MIT битирувчилари томонидан ташкил этилган. Оддий қилиб айтганда, MIT — келажак технологиялари яратиладиган маскан.

Мазкур рейтинг университетларнинг академик нуфузи, иш берувчилар баҳоси ва илмий тадқиқотлар самарадорлиги асосида шакллантирилган.
Шуни таъкидлаш керакки, университетда ўқишни орзу қилган ҳар қандай ёш учун имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда. Агар сизда ишонч, билим ва қизиқиш бўлса, ҳеч иккиланмасдан ана шундай дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ҳам ҳужжат топшириб кўришингиз мумкин. Бугунги кунда ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳар қачонгидан ҳам юқори.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар