“Олтин қалам” халқаро танловига қарийб 4 мингта ижодий иш келиб тушган

02.06.2026 18:22

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида “Олтин қалам” ХХ Миллий мукофоти учун халқаро танловга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда танлов учун ҳужжатлар қабул қилиш жараёни якунлангани маълум қилиниб, келиб тушган ижодий ишлар сони ҳамда иштирокчилар таркиби ҳақида ахборот берилди.


Маълум қилинишича, жорий йилда халқаро танловга жами 3905 та ижодий иш келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 654 тага кўп бўлиб, танловга бўлган қизиқиш ва ижодий фаоллик 20,1 фоизга ошганини кўрсатмоқда.


Танловда жами 607 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Уларнинг 53 таси жамоавий, 554 нафари эса якка тартибдаги иштирокчилар ҳисобланади.


Ижодий ишлар оммавий ахборот воситаларининг турли йўналишлари бўйича қабул қилинган бўлиб:
— босма нашрлар йўналишига — 1288 та;
— интернет нашрлари йўналишига — 826 та;
— телевидение йўналишига — 854 та;
— радио йўналишига — 280 та;
— фотожурналистика йўналишига — 210 та;
— публицистик жанрдаги энг яхши китоб номинацияси учун — 52 та ижодий иш тақдим этилган.


Брифинг давомида танловнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётгани ҳам таъкидланди. Хусусан, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясига дунёнинг 40 та давлатидан 86 нафар журналист томонидан 395 та ижодий иш тақдим этилган.


Ҳозирда танловга келиб тушган ижодий ишларни Ҳакамлар ҳайъати томонидан холис ва ҳаққоний кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.


Эслатиб ўтамиз, “Олтин қалам” ХХ Миллий мукофоти халқаро танлови ғолиб ва совриндорлари 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирида эълон қилиниб, тақдирланади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар