“Ҳудудгазтаъминот” алдаяптими ёки “Ўзбекнефтгаз”? Face ID муаммоси қачон ечилади? Табиий газ халқимизнинг азалий муаммоси бўлиб қоладими?

06.06.2026 13:50

Суюлтирилган газ баллонлари таъминоти билан боғлиқ муаммолар аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Фуқароларнинг айтишича, хусусан Фарғона вилоятида газ баллони олиш учун навбатлар бир неча ойгача чўзилган.

Масала юзасидан расмий изоҳ берган “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти таъминотдаги кечикишларни ишлаб чиқариш корхоналарида амалга оширилаётган техник таъмирлаш ишлари билан изоҳлади. Компания маълумотига кўра, таъмирлаш жараёнлари айрим муддатларда маҳсулот ҳажмини қисқартирган ва бу таъминот занжирига таъсир кўрсатган.

Шу билан бирга, масала бўйича “Ўзбекнефтгаз”нинг позицияси бошқача. Компания матбуот котиби Мўмин Ибодовнинг билдиришича, суюлтирилган газ етказиб бериш режалари тўлиқ бажарилмоқда ва ишлаб чиқаришдаги таъмирлаш ишлари таъминот ҳажмига таъсир кўрсатмаган.

Унинг таъкидлашича, “Ўзбекнефтгаз” томонидан белгиланган ҳажмлар ўз вақтида, ҳатто режадан ортиқ миқдорда етказиб берилмоқда. Демак, муаммо газ ишлаб чиқариш босқичида эмас, балки таъминот занжирининг бошқа бўғинларидами? 

15 июнгача барқарор таъминот ваъда қилинди

“Ҳудудгазтаъминот” ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда ресурсларни қайта тақсимлаш ва аҳолини газ баллонлари билан таъминлашни тезлаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Компания 15 июнга қадар суюлтирилган газ баллонлари билан боғлиқ узилишлар тўлиқ бартараф этилиши ва таъминот тизими барқарор ҳолатга келтирилишини ваъда қилган.

Айтиш лозимки, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам давлат даражасида муҳокама қилинган. 2025 йилда ўтказилган йиғилишлардан бирида Президент Шавкат Мирзиёев соҳадаги камчиликларни танқид қилиб, масъулларга муаммони тезкор ҳал этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Шунга қарамай, айрим ҳудудларда газ баллони таъминоти билан боғлиқ муаммолар бу йил ҳам такрорланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 июндан бошлаб аҳолини маиший газ баллонлари билан таъминлаш хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилмоқда.

Айни пайтда минглаб истеъмолчиларни қизиқтираётган асосий савол бор, 15 июнгача берилган ваъда ҳақиқатдан ҳам бажариладими ва ойлаб кутаётган аҳоли газ баллонларини қачон олади?

Шунингдек, яна бир жиддий муаммо бор, шу кунгача аҳолига газ баллонлари етказиб берилганида, тўлдирилган баллон оиладан аниқ бир шахсга, яъни face ID (юз текшируви) орқали рўйхатдан ўтган кишигагина топширилади. Оиланинг бошқа аъзолари уни олиб қололмайди. Аммо, оиланинг рўйхатдан ўтган аъзоси газ етказиб берилиши керак бўлган тахминий вақтда доимий уйда ўтиролмайди, хусусан у ҳам иш вақтида ишда бўлади ёки бошқа сабаблар билан уйда бўлмаслиги эҳтимоли катта. Айниқса, бу газ баллонларининг етказиб берилиш вақти мутлақо аниқ бўлмаса. Бу масала қандай ҳал қилинади, аввалгидек ҳолда қолаверадими? Мутасадди ташкилотлар нафақат водий аҳолиси, балки бутун республикадаги табиий газ билан узлуксиз таъминланмаган аҳолини безовта қилаётган ушбу муаммоларга ечим топиб, бунга очиқ-ойдин тушунтириш бериши лозим.

М. Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар